Жаҳон | 10:50 / 21.03.2018
19154
3 дақиқада ўқилади

Франциянинг собиқ президенти ҳибсда: уни нима кутмоқда?

Фото: Getty Images

2007-2012 йилларда Франция президенти сифатида ишлаган, мамлакатнинг ўнг қўл тарафдори Николя Саркози Ливия собиқ президенти Муаммар Қаззофийдан пора олганликда айбланмоқда. «Ле Монде» нашрининг билдиришича, пора сифатида қабул қилинган пуллар 50 миллион евродан ортиқ бўлиб, уларнинг катта қисми Саркозининг президентлик сайловолди кампаниясига ишлатилган.

Айни масала илк бор 2013 йилда пайдо бўлганди. Яъни, 2011 йил март ойида марҳум диктаторнинг ўғли Саиф ал Ислом Euronews журналисти билан суҳбат чоғида «Саркози Ливиядан олган пулларни қайтариши» лозимлигини таъкидлаган.

2012 йили «Медиапарт» электрон нашри гўёки Саркози ҳисобига келиб тушган 50 миллион еврони исботловчи ҳужжатларни эълон қилгач, полиция бу масалага жиддий эътибор қарата бошлади. Ўша пайтда амалдаги президент сифатида Саркози барча айбловларни инкор қилиб, фаолиятини якунлаганди.

2017 йил сентябрь ойида Франция коррупция қарши курашиш ташкилоти Саркози сайловолди кампаниясида молиявий манбалари кўрсатилмаган пулларни ишлатганини аниқлади. Кампания собиқ ҳисобчиси Эрик Вортс номаълум манба пулларни хайрия қилгани, тушум ишчилар ўртасида тақсимланганини тан олди.

Ҳамма гап шундаки, сайловгача ва ундан кейин ҳам яхши муносабатларни сақлаб қолган Франция ва Ливия президентларини турли мақсадлар боғлаб турган. 2007 йил Францияга ташриф буюрган Муаммар Қаззофий Парижда давлат раҳбарининг қароргоҳида илиқ кутиб олинди. Нефть ва газга бой Ливия халқаро майдонда яккалантириш сиёсатида «озор» чекиб, қудратли давлатлардан бирининг доимий ёрдамига муҳтож бўлган.

Франция учун Ливиянинг газ ва нефти Россия таъсиридан чиқиб олиш учун муҳим бўлган. Шунга қарамай, 2011 йили НАТО кучлари Ливияга бомба ташлаганда француз аскарлари ҳам амалиётда фаол бўлди.

Эндиликда Саркози полиция маҳкамасида 48 соат давомида ушлаб турилиши мумкин. Агар прокурор эълон қилган айбловлар ўз тасдиғини топса ёки инкор этиб бўлмас ҳужжатлар мавжуд бўлса, Саркози суд олдида жавоб бериши тайин.

Мавзуга оид