Жамият | 13:00 / 22.03.2018
11471
2 дақиқада ўқилади

Божхоначилар ноқонуний олиб кетилаётган хавфли «Аммиакли селитра» ўғитларини тўхтатишди

Фото: Божхона қўмитаси

Мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлашда аммиакли селитрадан портловчи моддаларни яширин тайёрлаш учун компонент сифатида фойдаланиш имкониятига йўл қўймаслик муҳим аҳамият касб этади. 

Жиззах вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда шу турдаги маҳсулотларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш мақсадида Жиззах вилояти Жиззах шаҳри ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида «Жиззах-Самарқанд» йўналиши бўйича ҳаракатланаётган ҳайдовчи Э.З бошқарувидаги «Газ 330210» русумли юк автоуловини тўхтатиб, божхона назоратидан ўтказишди. 

Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати хабарига кўра, текширув давомида автоулов юкхонасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси 1962 йилда туғилган, Т.М.га тегишли бўлган, ҳеч қандай ҳужжатларсиз умумий қиймати 2 395 848 сўмлик, 50 килограммлик 60 дона полиэтелин қопларга солинган минерал ўғитлар ноқонуний равишда олиб кетилаётгани аниқланди.

Кўздан кечирув давомида мазкур минерал ўғитлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар эътиборини чалғитиш мақсадида эркин сотувда мавжуд бўлган «карбамид» минерал ўғити учун мўлжалланган полиэтелин қопларга қадоқланган ҳолда олиб кетилаётгани фош этилди. Умумий оғирлиги 3000 килограммни ташкил этувчи «аммиакли селитра» минерал ўғитлари ашёвий далил сифатида олинди.

Фото: Божхона қўмитаси

Фуқаро Т.М. ўз кўрсатмасида ушбу минерал ўғитларни Жиззах вилояти Дўстлик тумани ҳудудидаги хонадонлардан биридан сотиб олганини маълум қилди. Воқеа жойига тадбир иштирокчилари томонидан кўздан кечириш мақсадида борилганда, фуқаро Т.М. турли баҳоналарни рўкач қилиб минерал ўғитларни сотиб олган аниқ манзилини кўрсатишдан бош тортди.

Ҳозирги вақтда, ушбу минерал ўғитларни манбаасини аниқлаш бўйича текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид