Жамият | 21:36 / 24.03.2018
8346
2 дақиқада ўқилади

Viber Россия Федерал хавфсизлик хизмати талабини бажармайди

Фото: Viber

Россия ҳудудидаги энг оммабоп мессенжерлардан бири Viber Федерал хавфсизлик хизмати томонидан талаб қилинган, ёзишмаларни очиш имкониятини берувчи калитларни тақдим қилмайди - компанияда бундай калитларнинг ўзи йўқ.

Мессенжерга эгалик қилувчи Viber Media S.a.r.I. компанияси ҳукумат вакиллари билан ҳамкорлик қилишга тайёр, аммо ёзишмаларни ўқиш имконини берувчи калитларни ҳеч кимга тақдим қилмайди.

Бу ҳақда компаниянинг операциялар бўйича директори Майкл Шмилов шундай деди: 

«Биринчидан, биз турли спамерларни излаб топиш, жиноятчиларни ушлаш, мессенжердан жиноят мақсадларида фойдаланувчиларни қўлга олиш учун ҳукумат вакиллари билан ҳамкорлик қиламиз.

Иккинчидан, биз қила олмайдиган ишлар мавжуд. Хусусан, ёзишмаларни ўқиш имкониятини берадиган калитларни тақдим қилолмаймиз, чунки улар бизда йўқ. Барча калитлар мижозларнинг мобил қурилмалари ичида сақланади. Ҳатто компаниянинг ўзи ҳам уларни қўлга киритиш имкониятига эга эмас» - деди Шмилов.

Viber россияликлар орасида энг оммабоп мессенжерлардан бири ҳисобланади. 2018 йил январь ойи ҳолатига кўра, ундан 9,4 млн мижоз фойдаланмоқда. Таққослайдиган бўлсак, «ВКонтакте» — 22,6 млн, WhatsApp — 12,2 млн, «Одноклассники» — 7,4 млн, Facebook — 5 млн, Telegram — 2,5 млн мижозга эга.

Эслатиб ўтамиз, 20 март куни Роскомнадзор Telegram Messenger LLP компаниясидан 15 кун муддат ичида, ёзишмаларни ўқиш имконини берадиган калитларни ФХХга тақдим этишни талаб қилган эди. Агар компания бунга рози бўлмаса, суд орқали Россия ҳудудидаги фаолиятига чек қўйлиши мумкин.

Мавзуга оид