Ўзбекистон | 00:00 / 27.03.2018
9762
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлайди

Ўзбекистон минтақа давлатлари, хусусан, Афғонистон билан ўзаро ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда. Шу кунларда пойтахтимизда «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда. 

Унда иштирок этиш учун келган АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннон бу ҳақда ЎзА мухбирига интервью берди: 

– Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида муҳим ўрин тутади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, ўзаро қўшнилик алоқаларини мустаҳкамлаш, чегара, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ масалаларга тезкор ечим топиш борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз. 

Президент Шавкат Мирзиёев билан бугунги учрашувни ўзим учун шараф, деб биламан. Суҳбатимиз кенг қамровли ва жуда мазмунли ўтди. Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, ушбу мамлакатнинг тинч ривожланишини таъминлашга кўмаклашиш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон раҳбари билан суҳбатда шу масалада ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқдик. 

Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент конференциясида йирик давлатлар қаторида Марказий Осиё мамлакатларининг ҳам ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари иштирок этаётгани ушбу муаммони ҳал этишга халқаро миқёсда нақадар кенг ёндашилаётганини кўрсатади. 

Мавзуга оид