Ўзбекистон | 01:08 / 28.03.2018
6791
3 дақиқада ўқилади

Ногиронлиги бўлган шахслар муаммоларини ҳал қилишда хориж тажрибаси ўрганилади

Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциациясининг DPI (Халқаро Ногиронлар Ташкилоти)га қўшилиши халқаро тажриба билан яқиндан танишиш, ногиронлиги бўлган шахслар муаммоларининг дунё миқёсида қандай ечилишини ўрганиш ва уларни Ўзбекистонда татбиқ қилиш имконини беради. Ногиронлар Ассоциацияси раиси Ойбек Исоқов KUN.UZ мухбирига шу ҳақида маълум қилди.

"Ассоциациянинг DPI'га қўшилиши халқаро тажриба билан яқиндан танишиш, ногиронлиги бўлган шахслар муаммоларининг дунё миқёсида қандай ечилишини ўрганиш ва уларни Ўзбекистонда татбиқ қилиш имконини беради. Масалан, биз давлат ташкилотлари вакиллари билан учрашганимизда, улар билан суҳбатлашганимизда Финляндия ёки Германияда ногиронлар муаммолари бундай ёки ундай ҳал қилинар экан деб айтамиз. Ёки мисол учун, Финляндияда ижтимоий такси бор - бу ногиронлиги бўлган шахсларни ишга ва уйга бепул олиб борувчи хизмат тури. Бу каби нарсаларни фақат ўзимиз кўриб, билиб, тажриба орттириб, амалга ошира оламиз", - дейди Ойбек Исоқов.

Унинг сўзларига кўра, DPI ташкилотида 163 та давлатнинг Ногиронлар Ассоциациялари аъзо. Ҳозирча улар орасида Ўзбекистон йўқ. Бунга эса мамлакатда шу кунга қадар барча ногиронларни бирлаштирувчи Ногиронлар Ассоциациясининг бўлмагани сабабдир. "Ўзбекистонда  ногиронлар билан ишловчи 76 та нодавлат нотижорат ташкилот бор, Халқаро Ногиронлар Ташкилоти уларнинг ҳар бирини ўз таркибига алоҳида қўша олмайди, уларни жамловчи ташкилот бўлгандагина қабул қилиш имкони пайдо бўларди", - дея изоҳ беради раис.

Бундан ташқари, Ногиронлар Ассоциацияси раисининг KUN.UZ мухбирининг ногиронлиги бўлган шахсларга қулайлик яратувчи инновацион технологиялар борасидаги саволига жавобан маълум қилишича, келгусида Ўзбекистонда ҳам 3D-босма орқали протезларни тайёрлаш режада бор. "Сабаби 3D-босмадан чиқувчи протезлар айнан муайян қўл ёки оёққа мослаб тайёрланади. Бизда чиқадиган протезлар эса худди конвейер каби - ҳамма учун бир хил. Бу кимнингдир оёғи ё қўлига тўғри келмаслиги мумкин. 3D-босмада ҳатто нерв ва мушакларгача инобатга олинади, яъни ногиронлиги бўлган шахсга буюртма сифатида тайёрланади. Бу ҳам бир халқаро тажриба", - дейди мутахассис.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид