Ўзбекистон | 21:40 / 29.03.2018
31950
6 дақиқада ўқилади

Ичимлик суви, йўллар, мактаб ва оилавий поликлиникалар. «Обод қишлоқ» дастури тўғрисидаги фармон имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги ПФ-5386-сон фармони имзоланди. Ҳужжат Президентнинг расмий сайтида эълон қилинди.

Қарор матнига кўра, қишлоқ аҳоли пунктларини тубдан қайта янгиламасдан ва уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантирмасдан, мамлакатимизни замонавий ривожланган давлатга айлантиришга тўсиқ бўлаётгани, тизимли муаммолар мавжудлиги қайд этилган.

Қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ва шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш ва дунёқарашини кенгайтириш мақсадида жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳарида, авваламбор, олис ва табиий иқлим шароити оғир ҳудудларда 2018 йилда 2 тадан ва келгуси йилларда 3 тадан қишлоқ (маҳалла)да аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлашга, мазкур қишлоқ (маҳалла)ларнинг қиёфасини замонавийлаштиришга ва унда истиқомат қилувчилар учун иш ўринларини яратишга қаратилган «Обод қишлоқ» дастури амалга оширилади.

Дастурнинг устувор мақсадлари ва харажатларнинг асосий манбалари этиб белгиланмоқда:

  • республика бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига аҳолини ишончли тарзда ичимлик суви билан таъминлаш, сизот сувлар сатҳини пасайтириш, қишлоқларни туман маркази билан боғлайдиган йўлларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, шунингдек, лизинг асосида қишлоқ ва туман маркази орасида автобус қатновини йўлга қўйиш;
  • маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан қишлоқ ички йўллари ва пиёдалар йўлакларини барпо этиш ва таъмирлаш, йўл бўйларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, санитария иншоотлари ва ирригация тизимларини барпо этиш, транспорт тўхташ бекатларини қуриш;
  • халқаро молия институтларининг кредитлари ҳамда корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобига электр таъминотини яхшилаш, алоқа тизимини модернизация қилиш, аҳолига суюлтирилган газ ва кўмир ёқилғисини узлуксиз етказиб бериш;
  • ижтимоий аҳамиятга эга бўлган хизматларни тубдан яхшилашга эътибор қаратиш, бунда боғча, мактаб ва оилавий поликлиникаларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш ҳамда тегишли харажатларнинг ярмини республика бюджети ва мақсадли жамғармалар ҳамда қолган қисмини маҳаллий бюджет ва маҳаллий ҳомийлар ҳисобидан молиялаштириш;
  • бозор инфратузилмаси объектларини ва сервис шохобчаларини, жумладан, ҳаммом ва кичик бозор шохобчаларини тадбиркорларнинг ўз маблағлари, тижорат банкларининг кредитлари ва халқаро молия институтларининг кредитлари ҳисобидан барпо этиш;
  • уй-жойларни таъмирлашда хонадон эгаларига амалий ёрдам  кўрсатиш, авваламбор, қурилиш материаллари билан марказлашган ҳолда таъминлаш, бу жараёнда кенг миқёсда ҳашар усулларини қўллаш ҳисобига ҳовли ва атроф ҳудудларни ободонлаштириш, ариқларни тозалаш, оқова сув хандакларини барпо этиш ҳамда муҳтож оилалар учун ҳомийлар ва иш берувчи корхоналар маблағлари ҳисобидан уй қуриб бериш (таъмирлаш) ва бошқалар.

Дастурни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида «Обод қишлоқ» жамғармалари тузилади.

«Обод қишлоқ» дастурида белгиланган тадбирларни молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

  • республика бюджети ва мақсадли жамғармалар маблағлари;
  • маҳаллий бюджет ва унинг қўшимча маблағлари;
  • тармоқ корхоналарининг маблағлари;
  • халқаро молия институтлари ва хорижий давлатларнинг грант маблағлари;
  • «Маҳалла» жамғармасининг ва бошқа ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари;
  • ташаббускор тадбиркорлар маблағлари;
  • ҳашарлар ва хайрия тадбирларини ўтказиш ҳисобидан тушадиган маблағлар;
  • Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари;
  • қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимликлари ва сектор раҳбарлари дастурни амалга ошириш доирасида қамраб олинадиган жорий ва келгуси даврларга мўлжалланган қишлоқ ва маҳаллаларнинг манзилли рўйхатларини Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун қуйидаги қатъий шартлар асосида шакллантиришни таъминлайдилар:

  • ҳар бир қишлоқ кесимида туман (шаҳар) ҳудудий ташкилотлари билан биргаликда мўлжалланаётган кенг кўламли ишларни ташкил этиш ва бошқариш юзасидан тезкор махсус штабларни жорий этиш, шу жумладан, ишларни ҳашар ва хўжалик усулида бажаришни таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил этиш, молиялаштириладиган қисми бўйича мавжуд барча имкониятларни жалб этиш, шу жумладан, солиқ йиғувчанлигини ошириш ва қўшимча аниқланадиган манбалардан маҳаллий бюджет даромадини ошириш;
  • архитектура, санитария ва техник талаблар асосида шахсий мулк эгалари ўз уй-жойини сақлаш, мавжуд томорқалардан унумли фойдаланиш, ер ва мол-мулк солиқларини ҳамда кўрсатилган коммунал хизматлар учун ҳисоб-китоб қилиш ва қарздорликка йўл қўймаслик, ҳашарларда фуқароларнинг бевосита шахсий иштирокини акс эттирувчи жамоа шартномаларини тузиш.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, «Давергеодезкадастр» қўмитаси ва «Давархитектқурилиш» қўмитаси ҳузуридаги Давлат архитектура-қурилиш назорати инспекцияси уй-жой, бино-иншоотлар ва томорқа хўжаликлари мулкдорлари томонидан амалдаги талаб ва қоидалар бузилиши ва уларга риоя этмаслик ҳолатларига йўл қўйилган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий кодексига мувофиқ тегишли чоралар кўради.

Белгилаб қўйилмоқдаки, «Обод қишлоқ» дастурига киритилган объектларни сифатли ва арзон қурилиш материаллари билан таъминлаш мақсадида металл прокати, цемент, норуда материаллари, ғишт, темир-бетон маҳсулотлари, эшик, дераза ромлари, лок-бўёқ, шифер ва шу каби бошқа асосий турдаги маҳаллий қурилиш материалларини ишлаб чиқариш учун корхоналарга газ ва электр энергияси 2018 йил 1 майдан бошлаб «Ўзтрансгаз» АЖ ва «Ўзбекэнерго» АЖ томонидан аҳоли учун белгиланган нархларда етказиб берилади.

Мавзуга оид