Жамият | 01:53 / 29.03.2018
44487
4 дақиқада ўқилади

Ногиронлиги бўлган фуқароларга уйлари берилди — хато учун ҳоким ўринбосарлари ҳайфсан олишди

Хабарингиз бор, Кун.уз сайти жорий йил 11 март куни «Андижонча фонограмма. Ногиронларга уй бериб, қайтариб олиш томошаси» сарлавҳаси остида журналистик суриштирув эълон қилганди. Унда Президент Ш.Мирзиёвнинг меҳнатга лаёқати чекланган, ногиронлиги бўлган, уй-жойга муҳтож юртдошларимизга бошланғич бадаллари тўлаб берилган уй-жой ва совғалар бериш тўғрисидаги кўрсатмаси доирасида Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида тақдирланган 5 нафар юртдошимизнинг муаммоси ўрганилган эди.

Журналистик суриштирувда ногиронлигии бўлган 5 нафар булоқбошилик юртдошларимизга бошқа бировларнинг уй-жойлари берилгани, бироқ кейинчалик улар яна ўз уйларига қайтарилгани ҳақида ҳикоя қилинган эди.

Мақола эълон қилингандан сўнг Андижон вилоят ҳокимлиги томонидан мазкур муаммо зудлик билан ўрганилиб, ижобий ечим топганлиги Кун.уз’га маълум бўлди.

Ижодий гуруҳимиз бунга ишонч ҳосил қилиш учун яна Андижон вилоятига йўл олди. Бизни вилоятнинг Булоқбоши туманида мутасаддилар кутиб олишди.

Шундан сўнг ногиронлиги бўлган 5 нафар юртдошларимизнинг берилган янги уй-жой манзили сари йўлга отландик. Ижодий гуруҳимизга Андижон вилояти ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Манзура Юнусова, Булоқбоши тумани ҳокими Ўткир Маъмуров, туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича муовини Фарҳод Норматов, туманнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Ирода Сотволдиева ва бошқа маъсул ходимлар ҳамроҳлик қилишди. Манзилда кўнгли ярим юртдошларимиз билан суҳбатлашдик, янги уй жойларининг ҳужжатлари билан танишиб чиқдик.

Ҳа, муаммо кеча бўлса-да, ўз ечимини топибди. 5 нафар ногиронлиги бор юртдошларимизнинг уйи ва қалби қувончга тўлди. Биз ўша куни мазкур муаммонинг келиб чиқиши сабаблари билан қизиқдик.

Маълум бўлишича, Булоқбоши туман ҳокимининг айни масалаларга масъул бўлган муовинларининг берилган топшириққа бепарволиги, совуққонлиги ва маъсулиятсизлиги сабаб ногиронлиги бўлган фуқаролар учун ажратилган уйлар ўз вақтида қуриб битказилмаган. Шундан сўнг бошқа бировларнинг уйларига вақтинча киритиб туришга келишиб олишган. Аҳамиятли жиҳати юзага келган муаммо хақида вилоят ҳокимлигига хабар берилмаган.    

Таъкидлаш керак, бугун халқни рози қилиш — ҳар бир раҳбарнинг асосий тамойилига айланиши шарт. Инсон манфаатлари йўлида чекилаётган заҳмат ва машаққат самараси эртанги кун тараққиётига хизмат қилади. Аммо орамизда хато ва камчиликларни хаспўшлашга уринаётган мутасаддилар хам бор. Бунга Булоқбоши тумани мисолида гувоҳ бўлдик. 5 нафар ногиронлиги бўлган юртдошларимизнинг муаммоси юзасидан Булоқбоши тумани ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича муовини Фарҳод Норматов ҳамда туманнинг хотин-қизлар масалари бўйича муовини Ирода Сотволдиевага ишдаги йўл қўйган камчиликлари учун ҳайфсан берилди.  

Ўйлаймизки, бу каби кўнгилсиз ҳолатдан барча мутасаддилар керакли хулосаларни чиқаришган. Андижон вилояти ҳокимлигининг аҳоли мурожаатларига бефарқ эмаслиги, аксинча, бу борада мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйганини эса алоҳида эътироф этмоқ керак.

Хуршид Далиев,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид