Фан-техника | 17:17 / 30.03.2018
17564
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда мобил рақам учун тўлов ҳозирча бекор қилинмайди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон мобил алоқа хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўловни ҳозирча бекор қилмайди. Бу ҳақда Uzdaily ёзмоқда.

Молия вазири ўринбосари Вячеслав Пакнинг таъкидлашича, ҳукумат ҳозирча абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўловни бекор қилиш масаласини кўриб чиқмаяпти.

«Бу алоҳида тўлов тури бўлиб, у давлат маблағларига мақсадли тўловлар учун қўлланилмайди. Айтайлик, бу маълум бир билвосита солиқ, бевосита солиқ шаклидир ва ушбу амалиёт дунёнинг кўплаб мамлакатларида мавжуд», - деди у. 

Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори ўринбосари Гўзал Исломова ушбу тўлов умуммиллий солиқ ва мажбурий тўлов эмаслигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, концепция алоҳида солиқлардан кўра, кўпроқ умумий солиқларни бекор қилишни назарда тутади. Ушбу масалалар солиқ кодексини муҳокама қилиш жараёнида кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда мобил алоқа хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар томонидан абонент рақамларидан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш 2012 йилда жорий этилган. Бугунги кунда абонент тўлови миқдори 4 минг сўмни ташкил этади.

Мавзуга оид