Воқеа Жиззахда юз берган, тарбиячи ишдан бўшатилди - Мактабгача таълим вазирлиги можароли видеога изоҳ берди
2018 йилнинг 30 март куни ижтимой тармоқларда “Тарбиячи болаларни урмоқда” сарлавҳали видеоматериал эълон қилинган эди. Ушбу ҳолат юзасидан Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тезкор гуруҳ тузилиб, суриштирув ишлари олиб борилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар қилмоқда.
Суриштирув давомида қуйидагилар аниқланди:
Мазкур видеоматериал 2018 йилнинг 27 март куни Жиззах шаҳридаги №39 “Наврўз” мактабгача таълим муассасасида, ушбу боғчада ҳозирда амалиёт ўтаётган Жиззах давлат педагогика институти 1-курс талабаси Ш.К. томонидан суратга олинган ва ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборилган.
Видеоматериалда мазкур боғча тарбияланувчиларини қўлидаги файл папка билан ураётган тарбиячи эса шу боғчада 2007 йилдан буён ишлаётган олий маълумотли, педагог (Жиззах давлат педагогика институтини тамомлаган), 1981 йилда туғилган Моҳира Маматқулова эканлиги аниқланган.
Суриштирув давомида, тарбиячи М.Маматқулованинг 11 йиллик иш фаолияти давомида камчилик кузатилмаганлиги, 2018 йилнинг 27 март куни эса у оилавий муаммолари туфайли асабийлашганлиги ва кайфияти йўқлиги сабаб тарбияланувчиларни қўл ишлатиш йўли билан тинчлантиришга ҳаракат қилганлигини баён этган.
Мактабгача таълим вазирлиги ўтказган тезкор суриштирув якуни билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 4-қисмига биноан тарбиячи Моҳира Маматқулова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, қонуний чора кўриш учун Жиззах шаҳар прокуратурасига ҳужжатлар топширилган. Ҳозирда прокуратура органлари томонидан суриштирув ишлари давом этмоқда.
Шунингдек, мазкур мактабгача таълим муассасасининг мудираси вазифасини 2018 йилнинг 27 март кунидан буён бажариб келаётган Нафиса Гулмуротова, тарбиячи ёрдамчиси Дилбар Хамроева ҳамда ҳамшира Гулноза Холмаматовалар билан тузилган меҳнат шартномалари ҳам бекор қилинган.
Бугун, 31 март куни Жиззах шаҳрида Мактабгача таълим вазирлиги раҳбарияти, Жиззах вилояти мактабгача таълим бошқармаси, туман ва шаҳар мактабгача таълим бўлимлари раҳбарлари, Жиззах шаҳридаги барча МТМ мудиралари ва тарбиячилари (жумладан “Наврўз” номидаги №39 МТМ ходимлари) иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилиб, бундай нохуш ҳолатларни такрорламаслик ва ҳар бир ходим ўз ишига масъулият билан ёндашиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.
Йиғилиш давомида ўз ишида жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун Жиззах шаҳар мактабгача таълим бўлими бошлиғи Фахриддин Қодиров эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Мавзуга оид
20:04 / 21.11.2024
Отасининг ёнига кўмилган қизалоқлар: опа-сингил маст “пойгачи”нинг қурбони бўлди
09:31 / 20.11.2024
Жиззахда икки бола машина уриб кетиши оқибатида вафот этди
09:00 / 13.11.2024
1,1 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган цех аниқланди
09:25 / 06.11.2024