Ўзбекистон | 19:40 / 01.04.2018
124578
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда суд: жиноий гуруҳ аъзолари ўша ернинг ўзида тўполон кўтаришди (видео)

Фото: СТВ телеканали

Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида жами 12 кишидан иборат жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Ушбу жиноий гуруҳни ака-ука Исмоил ва Исроил Холиқов бошқариб келган. Жиноий гуруҳ аъзолари одамларни қўрқитиш, товламачилик ва талончилик билан шуғулланишган. Бу ҳақда СТВ телеканали хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, жиноий гуруҳ ўз қилмишларини амалга ошириш жараёнида уларни видеотасвирга олиб, интернет тармоғига жойлаштириб келган. Суд мажлиси Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судида бўлиб ўтди. Ушбу мажлис очиқ шаклда ўтказилди, унда судланувчиларнинг қариндошлари, яқинлари, ҳуқуқшунослар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Суд ҳар бир жиноятчининг ишини алоҳида кўриб чиқди. Уларнинг жиноятига яраша судья томонидан ҳукм ўқилаётган пайт, суд панжараси ортида бўлган айбланувчилар ўзларини ғалати тутиб, шовқин-сурон кўтаришган. Тасвирлардан кўриш мумкинки, уларнинг айримлари ҳатто бошларини панжарага уриб, ўзларига тан жароҳати етказишга ҳаракат қилишган. Оқибатда суд тўхтатилиб, ўша ерда бўлган ички ишлар ходимлари томонидан зарур хавфсизлик чоралари кўрилган.

Кўриб чиқилган материаллар ва йиғилган ашёвий далиллар асосида айбланувчиларга суд ҳукми ўқилди. Хавфли жиноий гуруҳ ташкилотчиси Исмоил Холиқов ЎзР Жиноят Кодексининг 59-моддасига (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) кўра айбдор, деб топилиб 17 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Исмоил Холиқовнинг укаси, жиноий гуруҳ раҳбарларидан бири Исроил Холиқов ҳам тегишли моддалар билан худди шунча йилга озодликдан маҳрум этилди. Гуруҳнинг қолган аъзоларига ҳам узоқ муддатли жазолар тайинланди. Жиноятчилар жазони қаттиқ тартибдаги колонияларда ўташади.

Ушбу хавфли жиноий гуруҳнинг айрим аъзолари ҳали қидирувда экани ҳам маълум қилинган.

Мавзуга оид