Жамият | 19:54 / 02.04.2018
18019
3 дақиқада ўқилади

“Таслим бўлма” акциясининг дастлабки натижаси: дори-дармонлар олиниб, беморларга тарқатилди (видеорепортаж)

Ҳар йили дунё бўйлаб минглаб инсон лейкоз касаллигига чалинади. Гарчи замонавий тиббиёт шиддат билан ривожланаётган бўлса-да, бу дард билан оғриётганлар сони ошиб бормоқда. Тошкентда жойлашган Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти шифохонасида ҳам ана шундай касалликка чалинганлар даволанади. KUN.UZ таҳририяти томонидан шу ерда даволанаётганларга ёрдам бериш, улар учун зарур дори-дармонлар улашиш мақсадида “Таслим бўлма” хайрия акцияси ўтказиб келинмоқда. Ушбу акциянинг ташкил этилганига кўп бўлмади, аммо юртдошларимиз томонидан керакли моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Қуйида ваъда берганимиздек, 10 кун оралиғида йиғилган пуллар ва уларнинг сарфи ҳақида кичик ҳисобот беришни жоиз топдик.

YouTube

Tas-IX

Жумладан, жорий йилнинг 20 мартидан 29 мартига қадар ўзбекистонлик юртдошларимиздан “Агробанк” ҳисобига 8 миллионга яқин пул тушди. Шундан 8 150 000 сўм маблағга дори-дармонлар олинди.

Бундан ташқари, Россиядаги юртдошларимиздан худди шу вақт оралиғида 2798 рубль келиб тушди.

PayPal тизимидан хориждаги юртдошларимиз томонидан жами 262.58 доллар йиғилган.

Шунингдек, хайрия акцияси учун деб KUN.UZ офисига нақд пулда 410 минг сўм олиб келиб беришди. 

Жами йиғилган 11 500 000 сўмлик маблағ ёнига KUN.UZ таҳририяти ҳам имкони даражасида қўшимча пул қўшиб, жами 15 млн сўмлик дори-дармон олиб, уларни беморларга топширди.

20.03 - 29.03 оралиғида Агробанк - 8 млнга яқин пул тушди.
8 150 000 га дори дармон олинди. 
Россиядаги юртдошларимиздан
20-29 март оралиғида жами 2798 р.
PayPal тизимидан хориждаги юртдошларимиздан
шу вақт ичида жами 262.58 доллар

10 кун ичида 15 миллион сўм маблағ йиғилди. Аслида, бу каби дард билан даволанаётган беморлар учун бу йиғилган пуллар ҳеч нарса бўлмайди. Нари борса, тўрт-беш нафар беморнинг бир ҳафталик дори-дармони учун сарф бўлади.

Албатта, Аллоҳ ҳузурида ҳар қандай яхшилик, хайр-эҳсон, катта баҳоланади ва бу ишнинг савобини ўзи зиёда қилиб беради. Биз эса ушбу хайрия акциясида фаоллашсак нур устига аъло нур бўларди. Чунки беморлар билан суҳбатлашар эканмиз, уларнинг яккаю ягона мақсади соғайиб кетиш, оилалари бағрига саломат қайтиш эканлигига гувоҳ бўлдик. Улар ичида тоғни урса талқон қиладиган йигитлардан тортиб, ҳали кўз очиб дунёни англамаган гўдакларгача бор. Аксарлари, вилоятлардан келишган, шароитлари оғир, узоқ даволаниш учун етарли маблағ ва дори-дармонга муҳтож инсонлар.

Дориларни олган беморлар хурсанд бўлди. Бироқ яна бир қанчаси ортимиздан умидвор бўлиб қолди. Азиз юртдош, ҳазрати инсон, барчасига ўзингиз гувоҳсиз. Улар таслим бўлмаяпти! Бу инсонлар, ҳатто гўдакларгача, курашишяпти. Бу йўлда уларга сизнинг ёрдамингиз керак! Беэътибор бўлмаслигингизни, фаоллашган ҳолда уларни яна бир бор қўллаб-қувватлашингизни сўраб қоламиз!

Мавзуга оид