Ўзбекистон | 21:19 / 02.04.2018
16149
5 дақиқада ўқилади

ЮНИСEФ билан эксклюзив суҳбат: уюшмаган ёшлар, бола меҳнати ва мактабгача таълим даври тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни яхши шароитда эмин-эркин улғайиб, тарбия топиши учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Бу масалада БМТнинг Болалар жамғармаси билан ҳамкорлик тўғрисидаги асосий битим 1994-йил 19-декабрда Тошкент шаҳрида имзоланган. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 1995-йил 22-декабрь куни ратификация қилинганди.

Ўзбекистон Республикаси ва ЮНИСEФ ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ўзаро ҳамкорлик қилиш Мамлакат дастури (Country program) доирасида олиб борилади. Kun.uz мухбири ана шу Мамлакат дастури ҳамда ЮНИСEФнинг ўзгармас мақсадлари борасида ташкилотнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Саша Грауман билан суҳбатлашди.

«Ташкилотимиз Ўзбекистонда олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотлар даврини катта қизиқиш билан кузатмоқда. Биз айнан шу тарздаги ижобий ислоҳотлар билан бола ҳуқуқларини тўла ҳимоя қилиш ва бўшлиқларни тўлдириш имконияти пайдо бўлаётганидан хурсандмиз. Хабарингиз бор, ЮНИСEФ БМТ шаъфелигида Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция талабларини ҳудудларда ижро этилишини кузатади. Шунингдек, соҳани ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича маслаҳатларини беради. Бу ўзгаришларнинг тўлқинида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, конвенция талабларини бажариш мақсадида вазирликлараро фаолият олиб борувчи махсус комиссия ташкил этилган ва унга Бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева бошчилик қилмоқда», деб фикр билдирди жаноб Гаруман.
Саша Грауман 5 йил аввал БМТ томонидан Ўзбекистон учун тақдим этилган алоҳида тавсиялар асосида Миллий дастур ишлаб чиқилгани, унда барча тавсиялар инобатга олингани ҳақида сўзлаб ўтди.

«Халқаро Меҳнат ташкилоти бола меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларини атрофлича ўрганиб чиқмоқда. Ўйлайманки, Ўзбекистон бу соҳада ҳам катта ютуққа эришди. Ташкилотнинг хулосасига кўра, Ўзбекистонда тизимлашган бола меҳнатидан фойдаланиш ҳолати мавжуд эмас. Президент бу масалада аниқ позицияни билдирди: ноқонуний бола меҳнатидан воз кечиш билан бирга, ўқитувчи ва шифокорларни мажбурий меҳнат озод этиш ҳақида кўрсатмалар берди. Боланинг соғлом улғайиши ва таълим олиши учун муҳим бўлган шифокор, ўқитувчилар мажбуран пахта терим мавсумига жалб этилмаслиги билдирилди. Бу масалага астойдил, изчил равишда ёндашиш яхши натижа беради», ўз хулосасини тақдим этди у. 

Саша айнан эрта улғайиш даври, бола тарбияси ҳақида гапириб ўтди. Табиийки, бу мезонлар ёшлар сиёсатини шакллантиришда қандай роль ўйнашига қизиқдик.

«​Ўн йиллар давомида халқаро майдонда ёшларга оид умумий сиёсатни шакллантиришда эрта улғайиш даври муҳим аҳамиятга эга эканлиги кўп таъкидланди. Илмий ва ижтимоий тарбиянинг асоси ҳам мана шу даврда шаклланади. Мутахассислар ўтказган тадқиқот натижасига кўра, мактабгача таълим олган бола 15 ёшида тенгдошларидан кўра, уч карра яхши натижаларни қўлга киритиш имкониятига эга бўлади.

Масаланинг бошқа бир жиҳати ҳам бор. Президент таъкидлаганидек, ёшларнинг маънавий тарбия топиши келажак авлодни соф ақидалар билан улғайтиришда муҳим. Ана шу ахлоқий масалалар ҳам эрта улғайиш даврида шаклланади. Боланинг кейинроқ жаҳлдор бўлиши ёки меҳрибон бўладими, бу эрта тарбия топиш даврида аниқланади. Боланинг илк ҳиссиётлари, у бошдан кечирадиган тажрибалар келажакда боланинг қандай ривожланишини билдиради. Шундай экан, боланинг келажаги унинг эрта улғайиш даврига қарам, десак муболаға бўлмайди.

Шу туфайли, ҳукумат боланинг эрта улғайиш даврига эътибор қаратишидан жуда мамнунман. Бу йўналишда алоҳида вазирлик ташкил этилди, агар бу тизим сифатли ишлай олса, боланинг катта ҳаётга илк қадамли мустаҳкам босиб кириши учун тайёр платформа яратилган бўлади. Бу тизим боласини қўриқлаш учун ташлаб кетган ота-онага хизмат қилмайди, у болага ниманидир ўргатиши лозим. Биз янги вазирлик билан яқиндан ҳамкорлик истаймиз, улар билан ишлашда давом этамиз»​, дейди ЮНИСEФ вакили.

Суҳбатнинг тўлиқ шаклини инглиз ва ўзбек тилида қуйидаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.

Ўзбек тилида:

 Инлиз тилида:

Мавзуга оид