Жаҳон | 16:07 / 03.04.2018
5480
2 дақиқада ўқилади

Марк Цукерберг Apple раҳбари танқидига эътироз билдирди

Фото: AP

Apple корпорацияси раҳбари Тим Кукнинг Facebook компанияси ва унга қарашли шу номли ижтимоий тармоққа нисбатан танқиди асоссиз деб топилди. Facebook раҳбари Марк Цукерберг Vox интернет-сайтига берган интервьюсида шундай баёнот берди.

Март ойи охирида Тим Кук MSNBC телеканалига берган интервьюсида Apple ҳеч қачон Facebook каби можаролар (50 миллион фойдаланувчи маълумотлари тарқалишига доир можаро) марказида қолмаслигини айтганди. Ўшанда Кук Apple корпорацияси Facebook'дан фарқли ўлароқ, ҳеч қачон тижорат мақсадларида фойдаланувчилар маълумотларини йиғмаслигига ва ўз мижозларига "худди товардек" муносабатда бўлмаслигига ишонтирган.

"Менимча, "сиз пул тўламасангиз ҳам биз нима учундир сиз ҳақингизда қайғурамиз" қабилидаги далил жуда юзаки ва мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди, - деди Цукерберг Кукнинг баёнотига изоҳ берар экан. - Реал ҳаётда эса, агар сиз бутун дунё кишиларини бирлаштирувчи сервис яратмоқчи бўлсангиз, пул тўлашга қурби етмаган одамлар ҳам кўп бўлади. Шу боис аксарият медиада бўлгани каби, рекламага асосланган модель барча одамларни қамраб олиши мумкин бўлган сервис қурилиши учун ягона рационал йўл ҳисобланади". 

"Ўйлашимча, мен сотувлар бўйича мутахассисларимиз фикрига етарлича қулоқ тутмай, энг аввало жамият учун қулай жиҳатларга асосланиб, қарор қабул қиламан ва бизнесимизнинг реклама билан боғлиқ қисмига кам эътибор қаратаман, чоғи", - қўшимча қилди Цукерберг. 

Бундан аввал у Facebook ижтимоий тармоғи орқали бутун сайёра аҳолисини бирлаштиришга ҳаракат қилиши ва унда рўйхатдан ўтганлик учун тўлов олинмаслигини бир неча марта такрорлаган. Facebook компанияси даромадларининг катта қисми реклама тушумларига тўғри келади.

 

Мавзуга оид