Ўзбекистон | 11:41 / 03.04.2018
80157
4 дақиқада ўқилади

Президент матбуот котиби Жиззахда президентга кўзбўямачилик қилингани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби Комил Алламжонов "Фейсбук"даги расмий саҳифасида чиқиш қилиб, ўзига келаётган мурожаатларга жавобларини бериб ўтди.

У президентнинг навбатдаги ташрифлари водий вилоятларига бўлишини, лекин ташриф кунлари ҳозирча маълум эмаслигини билдирган.

Президентнинг матбуот котиби давлат раҳбарининг қайсидир вилоятга ташрифи олдидан кўзбўямачиликлар қилиниши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирган.

Унинг айтишича, «президент ташрифи арафасида ёмон ҳолатдаги йўлларни косметик таъмирлаш» вақтинчалик чора сифатида баҳоланиши керак. Матбуот котиби бу орқали интернетда ёмғир остида йўлларни таъмирлаш ҳолати видеоси тарқалганига муносабат билдирди.

«Илтимос қилардик-ки, ўнқир-чўнқир йўлларда вақтинчалик таъмирлаш ишларини тўғри қабул қилган ҳолда, асосий эътиборни президентимиз борган манзилларда йўқ жойдан халқ учун барпо этилган корхоналар, уйлар ва бошқа объектларга қаратсак, нур устига аъло нур бўларди», деган у.

У, шунингдек, президент борган вилоятларда йўллар ёқаларида «бир кунлик иссиқхоналар» ҳақидаги хабарларни «бўрттирилган» деб атади.

«Менимча, бундай материаллар бўрттирилган маълумотлар асосида. Чунки, борган ҳудудларимизда кўрган иссиқхоналаримиз аввалдан бор иссиқхоналардир. Материал президент ўтадиган йўллар ёқаларида вақтинчалик иссиқхоналар қурилгани ҳақида бўлса керак. Агар ростдан ўша иссиқхоналар ҳозир йўқ бўлиб қолган бўлса, бузиб ташланган бўлса, буни аниқлаб, тегишли чоралар кўрилади. Лекин, агар ўша иссиқхоналар президент ташрифида қурилган бўлса ҳам, озроқ кутиш керак, агар ўша иссиқхоналарда нимадир экилган бўлса, у униб чиқишини кутиш керак», дейди Алламжонов.

Президент матбуот котиби хориж нашрларида Жиззах вилоятининг Зарбдор туманидаги тўқимачилик цехидаги вазият хусусида тарқатилган хабарга тўхталиб ўтди.

Бундай хабарларда Жиззахда ҳам «президент учун шоу уюштирилгани», «коллеж ўқувчилари ишга тушмаган завод ишчилари ролини ўйнаб беришгани» ҳақида айтилганди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Кейинги масала, куни-кеча Жиззах вилоятига ташрифимиз вақтида биз борган тикув цехи ҳақида «бу ерда кўзбўямачилик бўлгани, у ерда ишлаётган ўқувчилар ишчилар эмас, коллеж ўқувчилари бўлган», дейишди.

Бундан бизнинг хабаримиз бор. Бу тикув цехи 10 ой давомида қурилган, лекин ҳали ушбу цех юз фоиз қувватда иш бошлагани йўқ. Корхона раҳбарлари ушбу жараёнда атрофдаги ҳудудлардан ишсиз хотин-қизларни, шунингдек, коллежлар талабаларини иш ўргатиш мақсадида жалб этишган. Улар кейинчалик ишга қабул қилиниши режалаштирилган. Ҳозир фақат тайёргарлик жараёни кетмоқда.

Айтишим керакки, йиллар давомида тўпланган муаммолар бир кунда, бир ҳафтада, бир ойда ҳал бўлиб қолмайди. Вақт керак. Шунинг учун, вазиятни тўғри тушунган ҳолда, вазиятга фақат бир томонлама эмас, чуқурроқ қараб баҳо беришга, муносабат билдиришга, бугун юртбошимиз олиб бораётган ишларда елкадош ва кўмакдош бўлишга чақирамиз», дея сўзларини якунлаган президент матбуот котиби.

Мавзуга оид