Фан-техника | 22:00 / 04.04.2018
4521
2 дақиқада ўқилади

Янги iPhone масофадан бошқарилувчи тизим ва мослашувчан дисплейга эга бўлиши кутилмоқда

Фото: Reuters/Thomas Peter

Apple корпорацияси iPhone'нинг навбатдаги версиясини ишлаб чиқиш учун янги технологиялар устида ишламоқда. Bloomberg шу ҳақида хабар берди. Янги смартфонда мослашувчан экран ва масофадан бошқарув тизими татбиқ қилиниши кутилмоқда. 

Бу изланишлар тобора кенгайиб бораётган қурилмалар бозорида Apple маҳсулотларининг ажралиб туриши учун олиб борилмоқда. Компания турли моделлар устида  тажрибалар ўтказди. Шундай қилиб, iPhone'нинг сўнгги моделларида  тачскринга бармоқ босимининг кучини инобатга олувчи 3D Touch функцияси татбиқ қилинган. Энди эса корпорация алоқасиз бошқарувни амалга оширишни режалаштирмоқда, унда смартфон экрани билан жисмоний алоқага киришилмайди: фойдаланувчи муайян масофадан туриб бармоқларини ҳаракатга келтирса бўлгани. 

Манбага кўра, технология икки йил ичида тайёр бўлади. Samsung 2014 йилдан буён шундай функцияни Air Gestures номи остида таклиф қилмоқда, бироқ Apple'да у олд панелдаги қўшимча сенсорсиз амалга оширилиши керак. 

Apple шунингдек дисплей шакли борасида ҳам тажриба қилмоқда — мослашувчан экранли смартфонни яратиш. Таъкидлаш жоизки, бундан аввал Samsung, LG ва Xiaomi экран шакллари устида тажрибалар қилган. Apple'нинг  iPhone 8 ва iPhone X'да OLED-технологияга ўтиши ана шундай тажрибаларни амалга ошириш имконини берди. Бу технология суюқ кристалли экранлардан фарқли ўлароқ, дисплейнинг букилишига имкон беради. Бунга қўшимча равишда Apple экранлар учун MicroLED номли янги технология устида ишламоқда. 

Экран ишлаб чиқарувчи шахсий технология ишланмаси Apple фаолиятидаги янги босқич бўлади, зеро бунга қадар компания бошқа компаниялар ишланмаларидан фойдаланган. Масалан, Apple'нинг илк OLED-телефонлари ҳисобланрган IPhone X ва iPhone 8'да Samsung технологияси қўлланган.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид