Жаҳон | 10:44 / 05.04.2018
9871
2 дақиқада ўқилади

Юлия Тимошенконинг Муаммар Каззофийдан пул олгани текширилмоқда

Фото: УНИАН

Украинанинг коррупцияга қарши миллий бюроси Украинанинг собиқ бош вазири, “Батькивчшина” фракцияси етакчиси Юлия Тимошенко 2010 йилда сайлов кампанияси учун Ливиянинг собиқ етакчиси Муаммар Каззофийдан 4 млн доллар олгани бўлиши мумкинлигини текширмоқда. Бу ҳақда Украина олий радасида “Пётр Порошенко блоки” фракциясидан депутатлик қилувчи Владимир Арьев маълум қилди.            

Аввалроқ араб нашрларидан бири Каззофий бутун дунё бўйлаб сиёсатчиларнинг сайлов кампанияларини молиялаштиргани ҳақидаги маълумотни чоп этган. Жумладан, Франциянинг собиқ президенти Николя Саркози 50 млн еврога яқин, америкалик сиёсатчилар 5 млн доллардан, Тимошенко 4 млн доллар маблағ олгани маълум қилинган. Арьев бу маълумотнинг текширилишини сўраган. 

“Юлия Тимошенконинг 2010 йилда сайлов кампанияси ливиялик диктатор Муаммар Каззофий томонидан молиялаштирилгани ҳақидаги маълумот текширила бошланди”, деб маълум қилган Арьев Facebook’даги саҳифасида.

Аввалроқ Тимошенконинг матбуот котиби Украина ОАВларига берган изоҳида бу маълумотни рад этган. 

Monde нашри маълумотларига кўра, Саркози 2007 йилда президент кампаниясининг Ливиядан молиялаштирилиши иши бўйича ҳибсга олинди.

Мавзуга оид