Спорт | 21:30 / 07.04.2018
24186
3 дақиқада ўқилади

«Локомотив» - «Қўқон-1912»: оммавий ҳақоратлар, ҳакамга куч ишлатиш ва Зидан услубидаги калла

Фото: lokomotiv.uz

Суперлига 5-турида «Локомотив» ўз майдонида «Қўқон-1912»ни қабул қилди.

8-дақиқада Мурод Холмуҳаммедов пенальтини аниқ амалга ошириб, меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Марат Бикмаев 17-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. Бу натижа ўйин охирига қадар ўзгармади.

Аммо, эътиборга молик воқеалар иккинчи бўлимда юз берди. Ўйин якунланишига оз муддат қолганида Сардор Рашидов жарима майдонига ёриб кирди, дарвозабон Ўткир Юсупов унга пешвоз чиқиб, тўқнашиб кетди. Натижада, бош ҳакам Коваленко қўқонликлар дарвозасига пенальти белгилади. Аммо, ён ҳакам Шояхметов вазиятга аралашиб, дарвозабон тўпга ўйнаганини, пенальти йўқлигини таъкидлади. Натижада, Коваленко ўз қарорини бекор қилиб, бурчак зарбаси белгилади. Бундан дарғазаб бўлган темирйўлчилар ён ҳакамга ташланиб қолишди. Сардор Мирзаев эса уни очиқчасига туртиб юборди. Бироқ, Коваленко бу вазиятда ҳеч кимни жазоламади. Такрорий лавҳа намойиш этилганида, ён ҳакам ҳақ эканини билиб олдик.

Шундан сўнг, мухлислар оммавий тарзда ҳакамлар шаънига ҳақоратларни ёғдиришди. 

Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида «Локомотив» ҳужумчиси Нивалдо қўполлик қилгани учун майдондан четлатилди. Унга дарвозабон Юсупов эътироз билдира бошлаганида эса юзига калла қўйиб, уни ерга ағдарди. Футболчилар бир амаллаб Нивалдони майдон ташқарисига кузатиб қўйишди, акс ҳолда оммавий тўполон бошланиб кетиши ҳеч гап эмасди.

Эслатиб ўтамиз, «Бухоро» - «Пахтакор» (1:0) ўйинида юз берган шунга ўхшаш ҳолатлар учун бухороликлар 300 миллион сўм, жамоа сардори Шавкат Саломов 10 миллион сўм жаримага тортилган, ўйин ҳаками Тўхтасинов эса 2 турга четлатилган эди.

Суперлига, 5-тур
7 апрель 2018. Тошкент. «Локомотив» стадиони
Локомотив (Тошкент) – Қўқон-1912 - 1:1
Голлар: Марат Бикмаев (17) - Мурод Холмуҳаммедов (8 пен)

Ҳакамлар: В.Коваленко (Тошкент), Р.Шояхметов (Тошкент), А.Пўлатов (Тошкент), А.Худойберганов (Тошкент).
Назоратчи – А.Попов (Тошкент). Комиссар – Б.Маметов.
Локомотив: 1.Игнатий Нестеров, 5.Кахи Махарадзе, 6.Нивалдо, 7.Садриддин Абдуллаев (27.Сардор Рашидов, 32) (19.Ҳусниддин Ғофуров, 85), 10.Марат Бикмаев, 15.Сардор Мирзаев, 20.Ислом Тўхтахўжаев, 22.Санжар Шоаҳмедов, 28.Шуҳрат Муҳаммадиев, 33.Олег Зотеев, 88.Игорь Йелич
Қўқон-1912: 1.Ўткир Юсупов, 5.Ғиёс Комилов, 10.Жавоҳир Сидиқов, 15.Ойбек Рустамов (19.Суҳроб Бердиев, 55), 17.Қувондиқ Рўзиев, 18.Баҳодир Пардаев (9.Носирбек Отақўзиев, 66), 22.Мурод Холмуҳаммедов, 23.Александр Мерзляков, 55.Дарко Гожкович, 65.Марко Милич, 96.Муҳаммаданас Ҳасанов (95.Милан Спремо, 60)
Огоҳлантиришлар: Қувондиқ Рўзиев 16, Марко Милич 25, Олег Зотеев 35, Муҳаммаданас Ҳасанов 35, Носирбек Отақўзиев 66
Четлатиш: Нивалдо 90.

Мавзуга оид