Ўзбекистон | 12:28 / 07.04.2018
20154
4 дақиқада ўқилади

Шаҳрисабз шаҳридаги эски масжид халқ ташаббуси билан файзли масканга айланди (фотожамланма)

Умр давомида бир ерни обод этиш шу умрнинг бесамар кетмаганлигидан далолат беради. Бунёдкорлик қилиш эса умр шами ўчгач ҳам унга савоб етиб туришига сабаб бўлади. Агар у Аллоҳнинг уйи – масжид бўлса, бу савоб миқдори минг чандон ортади.

Шаҳрисабз шаҳрида 1994 йилда халқ ҳашари йўли билан қурилган, аммо орадан вақт ўтиб, таъмирланмай ва ҳатто имом-хатибсиз қолган масжид бугунга келиб шаҳарнинг энг кўркам, озода ва намозхонлар кўп ташриф буюрадиган масканига айланди. Бу ҳақда “Тўрабой охун” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳратхон Ҳафизов шундай дейди:

- 1998 йилда Ўзбекистондаги барча масжидлар қайта рўйхатдан ўтсин деган қарор чиқди. Шунда “Тўрабой охун” жоме масжиди энг биринчилардан бўлиб, Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтди. Мен бу ерда 2002 йилдан буён фаолият юритиб келяпман. Ўшанда масжидда уч маҳал намоз ўқилар, шунда ҳам жамоат миқдори 10 кишидан ошмас эди. Бундан ташқари, масжид ҳовлиси чакалакзор бўлиб, ҳуфтон намозига келганлар бир-икки киши бўлиб ҳовлига киришмаса, бир киши киришга қўрқарди. Масжид айвонсиз, битта хонадан иборат эди. Таҳоратхона ҳам ҳаминқадар ишларди.

Орадан бир неча йил ўтди. Бу ерни обод қилиш мақсадида 2008 йилда халқ билан маслаҳатлашган ҳолда масжиднинг том қисмини очиб, уни гумбаз шаклида ёпишга қарор қилдик. Ишлар икки йилга чўзилди. 2010 йилда ташқи кўринишидан уйдек шаклда бўлган бино, гумбазли, чиройли масжид кўринишига келди. Кейинчалик ҳам вақт ўтган сари турли ишлар амалга оширилиб, масжид ободончилигига эътибор бериб келинди. Устозимиз Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматулла Усмонов, Шаҳрисабз туман бош имом-хатиби Фазлиддинхон Мухторов ва бошқа устозларнинг тавсия ва насиҳатлари асосида масжид фаолиятида кўзга кўринарли ижобий ишлар амалга оширилди, - дейди Шуҳратхон Ҳафизов.

2017 йилда масжид ҳаётида янгиланиш даври бўлди. Рамазон ойида имом-хатиб ташаббуси билан “Хайрия марафони” ташкил этилди. Унда масжидни тўла таъмирлаш, айвонлар ташкил этиш, таҳоратхонани янгилаш ишлари учун хайрия ва ҳомийликка тадбиркорлар, саховатпеша инсонлар ихтиёрий жалб қилинди. Бу ишлар бесамар кетмади...

Бугунга келиб “Тўрабой охун” жоме масжиди кўзни қувонтирадиган даражада обод, файзли ва кўркам қиёфага кирди. Таҳоратхона намозхонларга қулайлик яратиш мақсадида қайта таъмирланди. Масжид дизайнида замонавийлик ва миллийлик уйғунлиги акс этди. Ва бу ишларнинг барчаси хайрия ва ҳомийлик йўли асосида ташкил этилди.

- Куни-кеча Ўзбекистон мусулмонлар идораси томонидан илмий-ўқув семенари видеоселектор тарзида бўлиб ўтди, - дейди масжид имом-хатиби. – Унда айтилдики, агар қайси масжидда имконият бўлса, ўша ерда бошланғич Қуръон дарслари, ҳадис илми ўқитиладиган курслар очилсин. Мен масжидимизнинг маънавият хонасини қайта таъмирлаб, у ерда дарс олиб борадиган шароит яратиб, бу ерда Қуръон ўқитиладиган курс ташкил этмоқчиман.

Ўзбек халқи бунёдкор халқ. Бу ҳақда жуда кўп гапирилган. Бунинг амалий ифодасини “Тўрабой охун” жоме масжиди мисолида кўриш мумкин. Бугун бу файзли масканда намозхонлар ўз ибодатларини беш маҳал адо этиб, Аллоҳга ҳамдлар айтиб, юрт ва оилалари ҳақига дуода бўлишмоқда.

Сарвар Анвар ўғли,
KUN.UZ мухбири

Мавзуга оид