Спорт | 12:40 / 07.04.2018
25061
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Саломовга ҳамма нарса мумкинми? - «Бухоро» футболчисининг «Пахтакор»га қарши ўйиндаги қилиғи

Фото: Видеодан кадр

Ўйиндаги ҳал қилувчи вазиятлардан бири 37-дақиқада юз берди. Бош ҳакам Темур Тўхтасинов «Бухоро» дарвозаси томон пенальти белгилади. Бундан норози бўлган мезбонлар ҳимоячиси Артём Филипосян унга кескин эътироз билдирди. Шунда Тўхтасинов унга сариқ карта кўрсатмоқчи бўлганида, жамоа сардори Шавкат Саломов унга қаршилик қилиб, қўлидан ушлаб олди. Тўхтасинов унинг исканжасидан чиқиб кетишга уринганида, Саломов бунга йўл қўймади, ҳатто уни қучоқлаб олди. Можарога Филипосян ҳам аралашиб, ҳакамга дўқ ура бошлади. Аммо, Тўхтасинов бир амаллаб вазиятдан чиқиб кетди ва Филипосянни огоҳлантирди. Саломовнинг қилиғини эса эътиборсиз қолдирди. Бу ҳодиса стадионга йиғилган минглаб, телеэкран олдида ўтирган миллионлаб мухлиснинг кўз ўнгида содир бўлди.

Футбол қоидаларига кўра, бош ҳакам билан аҳлоқ доирасидан четга чиқмаган ҳолда баҳслашиш ҳуқуқи фақат жамоа сардорига берилган. Бошқа футболчиларнинг ҳакам билан баҳслашиши мумкин эмас. Бундан ташқари, ҳакамнинг қўлидан ушлаб, унга қаршилик қилиш нарироқда турсин, ҳатто унга қўл теккизиш ҳам мумкин эмас! 

Биз кўрган вазиятда эса, Саломовнинг қилиғини ва унга Тўхтасиновнинг муносабатини қандай тушуниш мумкин? Бош ҳакам футбол қоидаларига кўра, уни камида сариқ карта билан огоҳлантиришга, аслида эса майдондан четлатишга ҳам ҳақли эди. 

Шу ўринда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг Осиё чемпионати чоракфиналида Хитойга қарши ўтказган ўйинини эсга олиш мумкин. Ўша баҳсда бош ҳакам Бен Уильямс дарвозабонимиз тўпни икки марта қўлига олгани учун, эркин зарба белгилаган эди. Эҳтиросга берилган посбонимиз унинг қўлини ушлаб, эркин зарба белгиламаслигини илтимос қилмоқчи бўлганида эса, зудлик билан майдондан четлатган эди.

Мавзуга оид