Жаҳон | 23:50 / 08.04.2018
14618
2 дақиқада ўқилади

«Бунинг тўлови қимматга тушади». Трамп Суриядаги кимёвий ҳужум учун Путин ва Эронни айблади

Фото: Kevin Lamarque / Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп ўз твиттерида Россия президенти Владимир Путин ва Эрон раҳбариятини Сурияда Башар Асад режимини қўллаб-қувватлашда айблади.

«Сурияда ўйловсиз уюштирилган кимёвий ҳужум туфайли жуда кўпчилик ҳалок бўлди, аёллар ва болалар. Ваҳшийлик ҳудуди ёпилиб, Сурия армияси томонидан ўраб олинган, бу уни ташқи дунёдан узиб қўйган. Президент Путин, Россия ва Эрон ҳайвон Асадни қўллаб-қувватламоқда. Бунинг тўлови қимматга тушади», — дея ёзади Трамп.

У шунингдек, ҳудуд аҳолисига имкон қадар тезроқ тиббий ёрдам кўрсатишга чақирди ва юзага келган вазиятни «яна бир гуманитар ҳалокат» деб атади.

Трамп АҚШнинг собиқ президенти Барак Обамани ҳам ушбу вазият учун айблаган.

«Агар президент Обама қатъиятлироқ бўлганида Сурия можароси аллақачон якунланган бўларди. Ҳайвон Асад эса аллақачон тарихга айланган бўларди», — деган Трамп.

8 апрель куни Шарқий Гутага уюштирилган кимёвий ҳужум оқибатида 70 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқалганди.

Кўп ўтмасдан Россия Мудофаа вазирлиги бу хабарларни навбатдаги ёлғон хабарлар деб атади.

Оқ уйнинг хавфсизлик ва террорчиликка қарши кураш бўйича масҳалатчиси Томас Боссерт эса бу воқеалардан кейин Сурияга қарши ҳарбий ҳаракатлар амалга оширилиши мумкинлигини айтди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид