Бухорода Мирзиёев маъқуллаган бозор лойиҳаси бўйича иш пайсалга солинмоқда
Бухоронинг қадимий эски шаҳар қисмида, шундоққина Масжиди Калоннинг ёнида ва орқа қисмида «Шаҳристон» бозори бузиб ташланиб, унинг ўрнига шарқона архитектурага эга янгиси қурилиши лойиҳалаштирилаётганини биласизми?
Янги бозорнинг лойиҳаларидан бири Бухоро шаҳридаги «Арк» архитектура лойиҳалаштириш фирмаси, архитектор Зоиршо Қиличев томонидан тақдим этилган.
Зоиршо Қиличев Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтини тамомлаган. Турли йилларда Бухородаги илмий-реставрация устахоналари, архитектура ёдгорликларини реставрация ва консервация қилиш илмий-тадқиқот институти, Бухоро музей-қўриқхонасининг бош архитектори бўлиб ишлаган.
1997 йилдан 2003 йилгача Бухоро шаҳрининг бош архитектори бўлган. 2003 йилдан «ARC» хусусий архитектура фирмасининг архитектори бўлиб ишлаб келмоқда.
Зоиршо Халлакович Қиличев французларнинг икки архитектура ассоциацияси — «Каравансарай» ва «Таселатус» аъзоси ҳисобланади ва улар билан йигирма йилдан буён Бухородаги архитектура ёдгорликлари реабилитацияси, хусусан, француз архитекторлари билан шерикликда эски шаҳар ҳудудидаги карвонсаройлар галереяси реставрацияси базасида Буюк ипак йўлига бағишланган бадиий ижодиёт маркази яратилмоқда. У француз тилида эркин гаплаша олади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил март ойи бошида Бухоро шаҳрига ташрифи давомида ушбу бозор лойиҳаси билан танишган, уни маъқуллаган, мутасаддиларга топшириқ берилиб, қарийб 400 миллион сўмлик лойиҳа ишларини якунига етказиш учун 15 фоиз миқдорда пул ҳам кўчириб берилган.
«Эски (қадимий) Бухорони, унинг бозорларини, тангкўчаларини тиклашимиз керак. Лекин у шундай шинам бўлиши керак-ки, одамлар қадимий тарихимизнинг ҳидини сезишлари лозим. Одамлар ўзи турист бўлиб, қанча жойгача пиёда юрилади, қандай нафас олинади, қаерда ўтирилади, қаерда ётади — шуларни кўриши керак. Бу жой кечаси билан ишлайдиган майдон бўлиши керак. Биз тарихимизни тиклашимиз, сақлашимиз, ёшларимизга етказишимиз керак», — деган эди Президентимиз лойиҳани маъқуллаб, кўздан кечирар экан.
Зоиршо Қиличев «Шаҳристон» бозорининг янги тайёрланган лойиҳаси ҳақида шундай ҳикоя қилади:
— Ушбу лойиҳа топшириғи 2016 йил август ойида менга келиб тушган. Президентимиз Шавкат Мирзиёевга ҳам ўтган йили 10 март куни шу таклифни намойиш этдик. Президентимиз лойиҳа билан танишиб, уни тасдиқлади. Баённомаларга ҳам киритилди.
Бу ҳудуд қадимдан бозор бўлган. У ўтган аср давомида бир неча марта қайта қурилган. Сўнгги вақтларда ушбу бозор жуда абгор ҳолатга келиб қолгани сабабли, ҳукуматимиз ушбу бозорни қадимий усулда ва замонавий қилиб лойиҳалаштириш бўйича топшириқ берди. Биз лицензион архитектура-лойиҳалаштириш фирмаси бўлганимиз сабабли, топшириқни олдик.
Ушбу жойга бозорни лойиҳалаштириш мақсадида кўп изланиб, бир фикрга келдик: асосий кўча ва атрофдаги аҳоли яшайдиган ҳудудаги кичик кўчаларга мослаштириб, умумий композиция яратдик. Биз лойиҳалаштирган бозорда ҳам очиқ, ҳам ёпиқ кўчалар бор. Бундай бозорлар шарқнинг бошқа қадимий шаҳарларида ҳам бор ва у туристлар ўртасида жуда машҳур.
Айтайлик, Истанбулдаги «Гранд бозор», Дубайдаги «Мадинат Жумейра» бозори, Исфаҳон бозори, Қоҳирадаги «Ҳон ал-Халилий» бозори, Қуддусдаги «Қуддус суқи», Тунисдаги «Мадина суқи», Марокашдаги «Марокаш суқи» каби ёпиқ бозорларни мисол қилишимиз мумкин.
Бухорода ҳам қадимда худди шунақа бозор бўлган. Афсуски, «маданий инқилоб» туфайли, Бухоро кўчаларини кенгайтириш, европалаштириш баҳонасида бундай бозорлар бузиб ташланган. Архив материалларни титкилаб, шундай бозорни тиклаш ғоясини ўртага ташладик.
Бозорда ҳам маъмурий бино, деҳқонлар учун меҳмонхона, алоҳида гўшт маҳсулотлари бозори, қуруқ мевалар бозори, шарқона ширинликлар растаси, умумий овқатланиш масканлари бунёд этилади.
Бухоро азалдан шарқда бозорлари билан машҳур бўлган. Бироқ айни кунларда шаҳарнинг эски шаҳар қисмида бирорта бозор қолмаган. Шаҳарга ташриф буюрадиган турист бозорни кўраман деса, улар тарихий обидалар жойлашган ердан узоқда жойлашган. Мана шуларни инобатга олиб, ҳукуматимиз шу жойда шарқона бозор қуриш қарорини қабул қилди.
Бозор лойиҳасида ҳамма нарса инобатга олинган. Масалан, бозор жойлашган ҳудуднинг шимолий-шарқий қисмида кўчанинг сатҳи баланд. Кириш қисмидан 6-7 метр баландликда жойлашган. Лойиҳа давомида мазкур ҳолатлар эътиборга олиниб, баландликдаги кўчаларга олиб чиқиш учун зиналар, шунингдек, шамоллатиш, аэроация масалаларига, мустаҳкамлигига қаттиқ эътибор берилди. Бунинг ҳисоб-китобларининг барчаси ўтган йилнинг август ойигача ниҳоясига етказилди».
Қайсидир сабабларга кўра, Президентга 1 йил муқаддам намойиш этилган, у киши томонидан юксак эътироф этилган бозорни мазкур лойиҳа асосида қуриш ишлари тўхтаб турибди. Зоиршо Қиличев бу борада шундай фикрларни билдирди:
— Президент лойиҳа билан танишиб чиққач, уни маъқуллаб, зудлик билан амалга ошириш юзасидан пудратчига топшириқ берилди. Бу аввал «Асакабанк» эди. Кейин «Артел» компанияси қурадиган бўлди. Алоҳида қайд этиб ўтишимиз жоизки, олдинги пудратчи «Асакабанк» билан ҳам, «Артел» компанияси билан ҳам шартнома тузмаганмиз. Лекин бу топшириқ бизга берилган, биз масъулиятни ҳис қилган ҳолда уни тўлиқ якунига етказиш учун ҳамон ишламоқдамиз.
Бу орада дастлаб биз тайёрлаган лойиҳага муқобил сифатида яна бир лойиҳа пайдо бўлди. Уни кўрган эдим. Кейин яна иккита вариант пайдо бўлиб, лойиҳалар тўртта бўлибди. Мен Франциядаги элчихонамиздан олган маълумотимга кўра, штаб квартираси Париж шаҳрида бўлган, ёдгорликлар ва диққатга сазовор масканларни сақлаш бўйича халқаро кенгаш — ICOMOS ташкилотига ўзбекистонлик экспертлар ҳар тўрттала лойиҳа талабга жавоб бермаслиги, лойиҳалаш бўйича маълумотлар етарли эмаслигини билдириб хулоса жўнатишган экан. Лекин мен юқорида таъкидлаб ўтдим, биз мазкур лойиҳа бўйича 2017 йилнинг август ойигача барча маълумотларни тахт қилиб, топширган эдик. Ҳозир биз лойиҳанинг ишни бемалол бошлаш мумкин бўлган 65 фоиз ҳажмини тайёрлаб, ишлаб чиқиб бўлганмиз. Мен ICOMOS’даги ўзбек экспертлари менинг лойиҳамни кўришганидан жуда катта шубҳадаман. Чунки улар айтган эътирозлар бошқа уч лойиҳага тегишли бўлиши мумкин, лекин мен тайёрлаган лойиҳада барча зарур маълумотлар бор.
ICOMOS — UNESCO’нинг бир бўлими бўлиб, у объектларни ёдгорлик сифатида баҳолаш мумкинми-йўқми, шу масалада хулоса беради. Айни пайтда қурилиш ишларини бошлашга бюрократик тўсиқлар вужудга келмоқда. Масалан, ҳудуд қурилишдан аввал археологик жиҳатдан тадқиқ этилиши керак, деб хулоса берилмоқда. Лекин қурилиш ишларидан аввал археологик тадқиқотлар олиб бориш 1,5 гектардан ортиқ ушбу майдон учун катта маблағ ва вақт талаб этади.
— Амалиётда археологик тадқиқотлар олиб бориш юзасидан иккита йўналиш бор: қурилиш вақтида археологлар пудратчи билан биргаликда, параллел равишда ҳам ишласа бўлади, — дейди Зоиршо Қиличев. — Биз Бухорода 45 йилдан буён меҳнат қилаётган археолог Елизавета Гавриловна Некрасовага мурожаат қилдик, у киши ҳам қурилиш чоғида археология ишлари олиб бориш мумкинлигини таъкидлади. Лекин ICOMOS’нинг ўзбек экспертлари аввал археология ишлари ўтказилиши, аввал хулоса тайёрланиши, сўнгра Парижга ҳисобот юборилиши кераклигини қайд этишган.
Юртимизда туризмни ривожлантириш, уни давлат бюджетини тўлдиришнинг асосий йўналишларидан бирига айлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб бўлди. Қадимий шаҳарларимизда туристик инфраструктуралар барпо этиш, замонавий, бироқ қадимий меъморчилик услубларимиз сақланиб қолган меҳмонхоналар, бозорлар қуриш давр талаби бўлиб турибди.
Бундай ишларни зудлик билан амалга ошириш, барча бир ёқадан бош чиқариб ишлаши мақсадга мувофиқ. Вилоят ва шаҳар раҳбарияти Зоиршо Қиличевни тўлиқ қўллаб-қувватламоқда. Бутун умр Бухорода яшаган, унинг ҳар бир кўчаси, ҳар бир девори, ҳар бир ғиштини яхши билувчи меъморнинг лойиҳасига тўсқинлик қилаётган, ишни пайсалга солаётган айрим мутасаддилар, олимлар яна бир ўйлаб кўришса яхши бўларди. Вақт кетяпти, майдон бўш турибди, тадбиркорлар кутишмоқда! Президент маъқуллаган, бутун Бухоро аҳли кутиб турган лойиҳани амалга ошириш эса пайсалга солинмоқда. Ақл билан иш кўриш вақти етмадимикан?
Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
11:45
Хитой Бухорода оқова сувларни қайта ишлаш лойиҳасини амалга оширмоқчи
09:51 / 21.11.2024
Бухоронинг айрим ҳудудларида газ таъминоти вақтинча тўхтатилади
20:55 / 20.11.2024
“Эски, совуқ синфхоналарда ўқияпмиз” – Бухорода қурилиши битмаган мактаб-интернат ўқувчилари сарсон бўляпти
18:24 / 20.11.2024