Ўзбекистон | 17:59 / 09.04.2018
10890
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Freedom Finance филиали очилди

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида Freedom Finance компанияси ваколатхонаси очилди, деб ёзмоқда “Халқ сўзи”.

Мазкур ваколатхонани соҳада катта тажрибага эга бўлган Евгений Можейко бошқаради. Унинг қўл остида 12 нафар консультант-маслаҳатчи ишлайди.

У Ўзбекистонда ушбу филиалнинг очилиши “Freedom Finance” ривожланиши учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлар экан, жумладан, шундай деди:

“Ўзбекистон аҳолиси жиҳатидан Марказий Осиёдаги энг йирик давлат бўлиб, унинг иқтисодиёти ҳам барқарор равнақ топяпти”.

Можейконинг айтишича, мамлакатда ялпи ички маҳсулот ва аҳоли даромадлари ошиши давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Унинг фикрича, мазкур ислоҳотлар ўз навбатида бу ерда пул сиёсати барқарорлашуви, валюта айирбошлашнинг либераллаштирилиши, давлат мулкларининг хусусийлаштирилишини ўз ичига олган бизнес муҳитини такомиллаштиришга замин яратди  

“Бундай ўзгаришларнинг барчаси ўзаро уйғунликда молиявий сервис хизматлари провайдерларига кучли ўсиш имкониятларини тақдим этади”, — деди Евгений Можейко.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Freedom Finance компанияси АҚШнинг Freedom Holdings холдинги таркибига кириб, брокерлик, дилерлик ва депозитарлик фаолиятини олиб боради. 

Унинг асосий иш йўналиши Америка, шунингдек, Россия ва Қозоғистон фонд бозорларидир. Мазкур бренд Москва, Санкт-Петербург, Қозоғистон, АҚШнинг NYSE, NASDAQ, CBOE, CME, AMEX каби биржаларига, LSE, Euronext каби Европа фонд майдонларига чиқиш имкониятларини тақдим этади.  

Айни пайтда Freedom Finance компаниясининг Қозоғистон, Россия, Қирғизистон, Украина ва Кипрдаги шохобчаларида 400дан зиёд ишчи-ходим фаолият олиб бормоқда.

Мавзуга оид