Light | 21:49 / 10.04.2018
33871
6 дақиқада ўқилади

Ўзгалар фикри сиз учун муҳим эканидан далолат берувчи 10 ишора

Фото: lifehacker.ru

Инсоннинг ўзига бўлган ишончи, қатъияти ва ўз ҳаёти учун жавобгарлиги устида ишлаши кераклигига ишора қилувчи шундай белгилар борки, уларни ўзингизда сезишингиз билан вазиятни тузатишга киришинг. "Лайфхакер" шунга доир тавсиялари билан бўлишди.

1. Бировларнинг эҳтиёжи деб ўзингизникидан воз кечасиз

Агар сиз доим бировларга ёрдамга келадиган, ҳеч қачон ташлаб кетмайдиган, жамоа "юраги" ва дунёдаги энг яхши дўст бўлсангиз, бу сизга "қиммат"га тушмаяптими - таҳлил қилиб кўринг. Баъзан атрофда ҳамма оғирлигини сизга тушираётгандек туюлаётган бўлиши мумкин, чунки улар сизнинг ўз режа ва истакларингиздан кечиб бўлса-да,  атрофдагиларни қутқаришга шай эканингизни жуда яхши билишади.

Ёрдам бериш — нормал ва тўғри ҳолат. Бироқ яхши таассурот қолдириш мақсадида ўзингизга зиён етадиган қилиб ҳаракат қилманг. Кези келганда "йўқ" дейишни ўрганинг.

Фото:femeia.ro

2. Доим гапингизни тасдиқлашларини кутасиз

Сизни биров мақтамагунча меҳнатингиз натижаларидан қониқиш ҳосил қилмайсиз. Бу ишга ҳам, кундалик юмушларга ҳам тегишли. Масалан, кийимингизни алмаштириш учун уйга қайтаяпсиз, чунки сизнинг образингиз ижтимоий тармоқларда кўп "like" йиға олмади, ҳолбуки кўзгуга қараганингизда ҳаммаси жойида эди.

Ўзингизни бировнинг фикридан келиб чиқиб эмас, объектив кўрсаткичларга кўра баҳоланг. Масалан, профессионаллик хусусиятларингизга раҳбарнинг мақтовига қараб эмас, компания сотувларининг ўсишига қараб баҳо беринг.

Фото: Сова Психолог

3. Бировларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиласиз

"Қочоқ келин" фильмидаги саҳналардан бирида маълум бўлишича, бош қаҳрамон аёл ҳар бир "номзод"га айнан ўша инсонга ёқадиган тухум тури ёқишини айтади. Охир-оқибат қизнинг ўзи ўзига нима ёқишини тушунмай қолади.

Бировларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиладиган кишиларда вазият бундан-да жиддий. Ҳар бир суҳбатдошингиз учун ўзингизни ўзгартираётганингизни сезсангиз, ички қатъиятни излаш ва ўзингизнинг ким эканингизни англаш вақти келди.

4. Ўз ҳаётингиз учун жавобгарликни бошқаларга юклайсиз

Бир томондан, барчаси мантиққа тўғри келади: атрофдагилар сизнинг ҳаётингизга шу қадар кучли таъсир қиладики, сизнинг муваффақиятларингиз ёки муваффақиятсизлигингиз айнан уларнинг гап-сўзлари ва хатти-ҳаракатларига боғлиқ бўлади. Бироқ бундай вазиятни соғлом деб аташ қийин.

Комил инсон ўз ҳаёти учун жавобгарликни ўз зиммасига олади ва ҳар бир хатти-ҳаракатни эҳтимолий хавф ва асоратларни инобатга олган ҳолда баҳолайди.

5. Конструктив бўлмаса ҳам, бировларнинг фикрини кўнгилга яқин оласиз

Сиз ҳаммага ёқиши мумкин бўлган 100 доллар эмассиз, бироқ ҳар қандай эътироз сизга салбий таъсир кўрсатади. "Барча гуманитарлар аҳмоқ" қабилидаги изоҳ сизни севимли ишингизни ташлашга ва муҳандисликка ўтишга мажбур қилиши мумкин. Боз устига, пластик операцияга ҳам пул йиғасиз, чунки куни кеча навбатда турганингизда бировнинг "мана бу бурундор кишидан кейинман" деганини эшитиб қолдингиз.

Атрофимизда фақат ақлли одамлар бўлмайди, шу боис уларнинг баъзи сўзларини шунчаки эшитмаганга олиш керак. 

6. Сиз ёлғизликдан қўрқасиз

Бировнинг фикрига тобеълигингиздан ички оламингизда ҳам беқарорлик бўлади. Шу боис ташқи модераторсиз қолиш имкони ваҳима уйғотади.

Ўз фикрингизни устувор қилиб белгилаб қўйинг ва қўрқув ҳисси ўтиб кетади.

Фото:azilka.ru

7. Бирор нимани мустақил бажаришга қўрқасиз

Ишхонада муҳим лойиҳадан воз кечасиз, хобби ёки бизнес учун ғояларни кейинга қолдирасиз ва қачон охирги марта янги ҳамда қизиқ ишга қўл урганингизни ёддан чиқаргансиз. Сизни заиф жиҳатларингизни кўрсатиб қўйиши мумкин бўлган муваффақиятсизлик қўрқуви бошқаради.

Хато қилиш — бу нормал ҳолат. Баъзан ҳаммасига улгуриш учун таваккал қилишга тўғри келади.

8. Сиз бировларнинг умиди учун масъулият ҳис қиласиз

Бировга тобеъ инсон бошқа одамларнинг умидларини ўзиникидек ҳис қилади ва уларни оқламасликдан жуда қўрқади. Шу тариқа сиз ота-онангиз умидини оқлаш учун ҳуқуқшунос бўласиз, чунки улар шуни хоҳлашган, тезда уйланасиз, чунки дўстларингиз "қачон уйланасан, вақти келди-ку" деявериб чарчатади ва сиз айнан улар тўй қилган ресторанни банд қиласиз ва ҳ.к.

Бировларнинг умиди — сизнинг муаммоингиз эмас.

9. Бировнинг маслаҳатисиз қарор қабул қила олмайсиз

Агар сиз ишингиз ёки яшаётган мамлакатингизни ўзгартирадиган бўлсангиз, яқинларингизнинг бу ҳақида қандай фикрда эканини сўраш табиий. Уларнинг фикри тўғри қарор қабул қилишга ёрдам беради. Бироқ гап кундалик юмушлар ҳақида борганда бировнинг маслаҳатига эҳтиёж сезиш тобеъликдан далолат беради.

10. Ортингиздан гапирилган ҳар қандай гапни кўнглингизга яқин олаверманг

Атрофингиздаги одамлар гаплашаётиб кулиб юборса, худди сизни муҳокама қилаётгандек туюлади. Кимнингдир муҳокама қилиши ҳам, бошқа бировнинг қоралаши ҳам табиий ҳолат. Бироқ қанчалик аянчли эшитилмасин, аксариятнинг сиз билан иши ҳам йўқ.

Мавзуга оид