Жамият | 22:15 / 12.04.2018
39808
3 дақиқада ўқилади

Андижоннинг «сирти ялтироқ, ичи қалтироқ» мактабида

Таҳририятимизга Андижон вилоятидан мурожаат келиб тушди. Мазкур мурожаатни ўрганиш мақсадида Андижон туманига ташриф буюрдик. Мурожаат тумандаги 44-мактаб ҳақида бўлиб, хатда айтилишича, у ердаги вазият анчайин оғир, хоналар совуқ, ўқувчиларнинг дарсга қатнашиш фоизи жуда паст, маъмурият эса бунга бефарқ бўлиб келмоқда.

16 март, ҳафтанинг жума куни. Мактабга ташриф буюрдик. Келишимиздан қандай хабар олишган билмадик, лекин боришимиз билан мактаб директори шахсан ўзи кутиб олди. Ташқи тарафдан ҳаммаси рисоладагидек. Гуллар экилган, сувлар сочилган, деворлар бўялган. Бизни қизиқтирадиган масалалар эса мактабнинг ички қисмида эди.

Журналистик суриштирувимизни юқори синф хоналарини кўздан кечириш билан бошладик. 8-синф ўқувчилари ўтирган хонага киришимиз билан барчаси секин-асталик билан ойдинлаша бошлади. Жаҳон тарихи дарсида 28 нафар ўқувчидан 11 нафари яъни 40 фоиз ўқувчи дарсда йўқ. Давомат дафтари мавжуд эмас. Фан журналлари тўлдирилмаган. Хоналар қиш бўйи талабга жавоб бермайдиган печкаларда иситилган. Хоналарда иситиш трубалари бор бўлса-да, ишлатилмаган.

У ердан чиқиб 9-синфга, физика дарси ўтилаётган хонага кирдик. Бу синфда ҳам шу аҳвол, 26 ўқувчидан 11 нафари дарсга қатнашаётгани йўқ. Ўқувчиларнинг биридан дафтар сўрасам, «дафтари тўлиб қолган экан». Бошқа бирининг дафтарида мавзу фаннинг 31-параграфида қолиб кетган. Ваҳоланки, биз борган санада ўқитувчи томонидан 37-параграф ўтилаётган эди.

Ундан кейин дарс вақтида ўтказилаётган тадбирга бордик. Тадбирлар ва спорт машғулотлари учун биргина зал мавжуд экан. Унда ҳам шароитлар талаб даражасида эмасди. Тадбирлар нега дарс вақтида ўтказилмоқда, давомат нега жуда паст деган саволларимизга мактаб маъмурияти жавоб бера олмади. Мактаб маъмурияти нега давоматни назорат қилмайди? Ота-оналар нега фарзандларининг тақдирига бефарқ? Шаҳар, вилоят халқ таълими мутасаддилари қаерга қарашмоқда? Биз жар солиб келажак бугунги ёшларимиз қўлида деймиз-ку, бироқ келажак авлодларимизга қандай муомала қилсак, эртага улардан ҳам шу муносабат қайтишини наҳот тушуниб етмаймиз? Саволлар жуда ҳам кўп. Умид қиламизки, мазкур муаммоларга тегишли ташкилотлар томонидан эътибор қаратилади.

Солижонов Зафарбек

Мавзуга оид