Жаҳон | 21:18 / 12.04.2018
2772
2 дақиқада ўқилади

Hyperloop Transportation Францияда синов қурилмасини қуришни бошлади

Фото: Hyperloop Transportation Technologi

Hyperloop Transportation Technologies (HTT) Францияда йўловчи ва юклар ташиш учун синов қурилмаси қурилишини бошлади ва уни жорий йилда ишга туширишни режалаштирмоқда.

12 апрелда Тулузадаги илмий-тадқиқот марказига ушбу мақсадда қувурларнинг илк партияси етказилган. “Қувурларнинг ички диаметри 4 метрни ташкил қилади, шу тариқа тизим йўловчи капсулаларини ҳам, юк контейнерларини ҳам транспортировка қилиш учун оптималлаштирилган”, деб айтилган компанияда.

Лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида узунлиги 320 метр келадиган магистрал қисмини қуриш режалаштирилмоқда. 2019 йилда тизимнинг узунлиги 1 км келадиган қисмини қуришни якунлаш режалаштирилган. Тизимнинг қувурлари 5,8 метр баландликдаги устунларга ўрнатилади. 

Ҳозирда ишлаб чиқилиши билан Carbures испан компанияси шуғулланаётган илк йўловчи капсуласи синов объектига йиғиш ва интеграция қилиш учун жорий ёзда етказилади.

Hyperloop ғоясини 2012 йилда SpaceX ва Tesla Motors компаниялари асосчиси Илон Маск билдирган. Ғоя шундан иборатки, ер сиртидаги қувурларда ўта сийрак ҳаво шароитида 1220 км/соат тезлик билан йўловчилар ва юклар капсулалари ҳаракатланади. Бунда капсула ҳаво ёстиғи эффекти ҳисобига қувур деворларига тегмайди. Айни вақтда ушбу ғояни амалга оширишда энг кўп фаолликни Hyperloop One ва Hyperloop Transportation Technologies компаниялари намойиш қилмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид