Жаҳон | 00:40 / 12.04.2018
20476
2 дақиқада ўқилади

Сурия армияси АҚШнинг эҳтимолий ҳужумига тайёрланмоқда

Фото: Reuters

Сурия ҳукумати армияси АҚШ ҳужум қилиши ҳақидаги хабарлар ортидан мамлакатдаги асосий аэропортлар, ҳарбий ва авиабазаларни бўшатмоқда. Бу ҳақда Le Figaro нашри Сурияда инсон ҳуқуқларига риоя этилишини кузатувчи кенгаш вакилларига асосланиб хабар берган.

«Сурияликлар бугун йирик авиабазаларини кўчиришга киришди», — деган Яқин Шарқ бўйича эксперт Le Figaro мухбири билан суҳбатда.

Нашрнинг ёзишича, биринчи бўлиб Дамашқдан узоқ бўлмаган ҳудуддаги Думайр авиабазасида эвакуация ишлари олиб борилган. Бундай ишлар Сурия армияси штабининг барча ҳудудий штабларида олиб борилмоқда.

Figaro нашрининг БМТдаги ахборот манбаси ишонч билан тасдиқлашича, сурияликларнинг ҳарбий самолётлари Хмеймим авиабазасига кўчирилмоқда. «Сурияликлар ўзларининг замонавий қуролларини хавфсизроқ жойга яширишга уринишмоқда», — деган нашр суҳбатдоши.

Бугун АҚШ президенти Дональд Трамп твиттердаги саҳифасида АҚШ Сурияга янги қуроллар билан зарба бериши ҳақида ёзиб, Россияни бунга тайёр туришга чақирди. У АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатлар совуқ уруш вақтидан ҳам ёмонроқ эканини маълум қилди.

«Россия Сурияга йўлланган барча ракеталарни ҳеч қандай истисносиз уриб туширишга ваъда берди. Тайёр туринг, чунки яхши, янги ва юқори технологияли ракеталар кўп бўлади. Ўз халқини заҳарлаётган ва бу ишни мамнуният билан қилаётган ҳайвонни қўллаб-қувватлаш керак эмас», — деганди Трамп.

Вашингтондагилар Сурия ҳукуматини 9 апрель куни Шарқий Ғутада тинч аҳоли вакилларига кимёвий ҳужум уюштирганликда айбламоқда. Сурия томони бу айбловларни рад этмоқда.

Бундан аввалроқ Франция президенти Эммануэль Макрон Россиянинг ҳарбий самолётлари жойлаштирилган Хмеймим авиабазаси ҳамда Тартусдаги рус флот ҳужумлар нишони бўлмаслигига ишонтирганди. У шунингдек, Сурия иттифоқчиларига ҳужум қилинмаслигини, нишонда фақат сурияликларнинг кимёвий объектлари туришини таъкидлаган.

Мавзуга оид