Жаҳон | 23:32 / 13.04.2018
11468
11 дақиқада ўқилади

Қозоғистон нашрида Ўзбекистонга саёҳат қилишга доир  тавсиялар берилди

Баҳорги таътилдан кейин "Казнет" Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларининг суратлари билан тўлиб кетди – бу гўёки қозоғистонликлар оммавий равишда қўшни давлат томон ҳаракат қилаётгандек тасаввур уйғотади. Қозоғистоннинг Comode нашри Ўзбекистонга саёҳат қилишга қарор қилган қозоғистонликлар нималарни билишлари кераклигига доир тавсиялари билан бўлишди.

Фото:comode.kz

1. Барча қадимий шаҳарлар: Бухоро, Самарқанд ва Хивани батафсил ўрганиб чиқиш учун керакли муддат 10 кунни ташкил қилади. Дастурни бироз ихчамлаштириб, бир ҳафталик саёҳатга чиқиш мумкин. Бундан ками кам, чунки парвоз ва йўл ҳам анча вақт олади. Муқобил вариант – шаҳарларнинг биридан воз кечиш ва уни келгуси саёҳатга қолдириш ёки ҳамма жойни югуриб, кўздан кечириб чиқиш.

2. Саёҳатни бир-икки ой олдин режалаштирган маъқул. Ўзбекистонга бутун дунёдан сайёҳлар оқими келади, шу боис саёҳатингизни қанча эрта режалаштирсангиз, шунча яхши. Шунда яшаш жойи, экскурсиялар, гидлар ва ҳаракатланиш бўйича танлов каттароқ бўлади. Ўзбекистонда энг саёҳатбоп мавсумлар - апрель-май ва сентябрь-октябрь. Қолган ойларда - нисбатан камроқ, лекин барибир ҳар қадамда сайёҳларни кўришингиз мумкин.

3. Тошкент шаҳригача поезд ёки самолётда етиб олиш мумкин. Деярли ҳар куни Олмаотадан Тошкентга AirAstana ва "Ўзбекистон ҳаво йўллари" самолётлари парвоз қилади. Чипта баҳоси тахминан бир маромда - эконом-тоифа 70 000 тенгедан бошланади, парвоз 1,5 соат давом этади, чипталарни интернет орқали ёки авиакомпаниялар кассаларида сотиб олиш мумкин. Поезд нархи - 9 минг тенге ва ундан юқори. Поездда ҳаракатланиш вақти - 17 соат, чипталарни сайёҳлик агентликлари сайтларида харид қилиш мумкин. Сизнинг танловингиз ҳаракатланишнинг қайси усули сизга кўпроқ тўғри келишига боғлиқ.

4. Ўзбекистон чегаралари (ҳам ҳаво, ҳам қуруқликда) тўлиқ тартибга келтирилди. Хизматлар тезроқ ишламоқда, аввалгидек узоқ ушланиб қолиш ҳолатлари йўқ. Формадаги ходимлар сайёҳлар билан хушмуомала.

Фото:comode.kz

5. Ўзбекистонда энг бефойда нарса - ҳамён. Сизнинг мамлакатга олиб кирган бир неча юз долларингиз миллий валютага алмаштирилганидан кейин ҳамёнга сиғмаслиги аниқ, пойабзал қутиси эса - айни муддао. Шунинг учун боришингиз билан бор пулингизни тўлиқ алмаштиришга шошилманг, ҳамма жойда курс деярли бир хил. Аксарият жойларда тўловларни карта орқали амалга ошириш мумкин, лекин кўпроқ нақд пул мақсадга мувофиқ. Ўзбекистонга декларациясиз (киши бошига) 2000 долларгача олиб кириш мумкин. Бундан ортиғини декларацияга киритиш керак бўлади.

Фото:comode.kz

6. Тошкент шаҳрининг асосий диққатга сазовор жойларини тезда томоша қилиш учун бир кун етади. Агар вақтингиз бемалол бўлса, икки кунни мўлжаллаш мумкин. Ўзбекистон пойтахти билан танишиш усулларидан бири - CityBus'га ўтириб, шаҳарни айланиш (бир киши учун 10 доллар). У бир неча соат ичида шаҳарнинг барча туристик нуқталарини айланиб чиқади, ҳар бир объект олдида 15-20 дақиқага тўхталади.  Ҳазрати Имом, Минор масжиди, телеминора (94 метрдан шаҳарни томоша қилиш имкони), "Шаҳидлар хотираси" меморий мажмуаси, "Чорсу" бозори ва бошқа объектлар шулар жумласидандир. Алишер Навоий миллий боғи, Амир Темур хиёбони, Успенский ибодатхонаси, Князь Романов саройи кабилар - яна бир алоҳида дастур. Бу Тошкентга икки кун ажратишга қарор қилганлар учун.

7. Тошкентда Европанинг барча талабларига жавоб берувчи қимматбаҳо меҳмонхоналарида (икки кишилик номерлар 80 доллардан бошланади) ҳам, сайёҳлар учун махсус мўлжалланган гестхаусларга (бу ерда нархлар 10 доллардан бошланади) ҳам жойлашиш мумкин. Ўзбекистонда арзон нарса деярли ҳеч қачон сифатсиз эканини билдирмайди. Ҳа, гестхаусларда фитнес-клуб ва швейцар бўлмайди, бироқ хушмуомала ходимлар, тоза чойшаб, интернет ва узумли ишкомга эга қулайгина ҳовлида ўтириб, швейцариялик ёки франциялик сайёҳларни учратишингиз мумкин.

Фото:comode.kz

8. "Чорсу" ёки бошқа бир ўзбек бозоридан бирор нима сотиб олаётганингизда албатта савдолашинг. Сотувчи айтган нархда индамай олсангиз, у сизга ажабланиб қараб қўйиши мумкин. Бу савдогарларнинг пул ишлаш истаги йўқлигидан эмас, шунчаки - бу бозор ҳақидаги тасаввурнинг муҳим бир қисми ва сиз бунда қатнашишингиз керак.

Фото:comode.kz

9. Тошкентда (ва умуман Ўзбекистоннинг барча шаҳарларида) шунчаки ёки бемаза тушлик қилиб бўлмайди. Бироқ тушлик ёки кечки овқат сизнинг талабларингизга тўлиқ жавоб берадиган жойлардан - "Караван-групп" ёки "SalSal" ресторанлари, арзонроқ жойлардан - "Миллий таомлар" ёки "Бек" кафелари тармоқлари. Агар бундай рўйхатингиз бўлмаса, истаган такси ҳайдовчиси билан маслаҳатлашишингиз мумкин. У сизни ўзи тушлик қиладиган чойхонага олиб боради ва сиз бундан ҳеч ҳам афсусланмайсиз!

Фото:comode.kz

10. Саёҳатимизнинг иккинчи нуқтаси - Самарқанд. Тошкентдан Самарқандга тезюрар "Афросиёб" поездида йўл оласиз. Уларга олдиндан буюртма бериш керак, интернет-сотувлар эса йўқ. Масалан, агар сиз Ўзбекистонга январь ойи охирида ёки июль-августда бораётган бўлсангиз, чипталарни вокзал кассаларида харид қилишингиз мумкин. Шундай бўлса-да, барибир чиптасиз қолиш хавфи юқори: саёҳатингиз санаси қандайдир байрам ёки илмий анжуманга тўғри келиши мумкин, бундай вазиятларда ҳам чипта топиш муаммо бўлади. Хотиржам саёҳат қилай десангиз, чипталар харидини турфирмага ёки тошкентлик дўстларингизга топширинг.

11. Ўзбекистондаги турфирмалар ўз хизматлари учун 5 фоиздан 15 фоизгача олишади. Ўзингиз қарор қилинг - сизга учрашувлар, валюта айирбошлаш жойлари танловига доир маслаҳатлар, тўғри ишланган маршрут, поезд ва самолётларга олдиндан харид қилинган чипталар, у ёки бу йўналишлар бўйича гид хизматлари керак бўлса, турфирмаларга мурожаат қилган маъқул.

12. Кўришни мўлжаллаётган объектингиз ҳақидаги маълумотларни интернетдан олишингиз мумкин. Бироқ шундай шаҳарлар борки, уларда гидсиз саёҳат қилиб бўлмайди. Ўзбекистондаги гидлар - old school, яъни эски мактаб одамлари. Улар қадимий тошлар ва деворлар, одамлар ҳақида шундай қизиқ ва ҳурмат билан сўзлаб беришадики, нақадар берилиб тинглаётганингизни ўзингиз сезмай қоласиз. Бироқ вокзалнинг ўзиданоқ гид топишга умид қилманг. Агар сиз гид билан саёҳат қилишни маъқул кўрсангиз, экскурсияга турфирма орқали буюртма берганингиз яхши.

Фото:comode.kz

13. Самарқандга қайтамиз. Тошкентдан Самарқандга олиб борувчи  поезд икки ярим соат ҳаракатланади. Куни бўйи шаҳарни томоша қилиб, кечқурун Тошкентга қайтиш ёки Бухорога йўл олиш мумкин. Бироқ Самарқанд тунаб қолишга арзигулик шаҳар: тунги Регистон - жуда чиройли манзара касб этади! Самарқандда гид билан ҳаракатланиш керак, чунки бу ерда тарихий масканлар жуда кўп. Шу билан бирга, у ерда энг янги тарих билан боғлиқ жойлар ҳам талайгина.

Фото:comode.kz

14. Самарқандга уч кун ажратиб, унинг тарихига чуқурроқ кириб борсангиз, ҳеч ҳам афсусланмайсиз. Масалан, сиз "Мерос" қоғоз фабрикасида бўлишингиз мумкин. Бутун Буюк Ипак йўлида машҳур Самарқанд ёзув қоғози бу ерда қадимий давр технологиясида ишлаб чиқарилади, сиз уни тайёрлашга доир маҳорат дарсида иштирок этишингиз мумкин. Самарқандда шунингдек палов тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ҳам мавжуд. Ёдингизда бўлсин: самарқандча палов тошкентчасидан бутунлай фарқ қилади.

15. Самарқандда лўлиларни учратишингиз мумкин - ўзбеклар садақа сўраб юрувчиларни шундай аташади. Улар хавфли эмас, бироқ жуда "хира". Улардан қочиб қолиш йўли ҳақида ўзингиз ўйланг, лекин улар сайёҳларга ёқмасликларини билишади ва қандай муомала қилсангиз ҳам хафа бўлишмайди. Тошкентда лўлилар кўринмайди, Самарқанд ва Бухорода эса ҳали ҳам уларни учратишингиз мумкин.

Фото:comode.kz

16. Самарқанддан Бухорога поезд икки соат ҳаракатланади. Бухорода камида икки кун ўтказиш керак. Бир кун - шаҳар бўйлаб экскурсия: миноралар, масжидлар, мадрасалар, мақбаралар, Арк қалъаси ва Чор-Минор. Буларнинг баридан бошингиз айланиб кетади. Иккинчи кун - шаҳардан ташқаридаги объектлар: Бухоро амирининг "Ситораи Моҳи-Хоса" ёзги қароргоҳи, Чор-Бакр, қадимий шаҳарлар. Ва албатта, Шарқ бозори - усиз илож йўқ. Хивадан Тошкентга қайтиш керак. Имкон бўлса, самолётда.

Фото:comode.kz

17. Хивадан Бухорога самолётда етиб олган маъқул, ҳафтасига икки марта Урганчга рейс қатнайди. Чипта нархи 50 доллар атрофида, Урганч аэропортидан Хивагача таксида 20 дақиқада етиб олиш мумкин. Авиачиптани Ўзбекистондаги турфирмаларга буюртма қилиш керак. Меҳмонхонани Хиванинг ўзидан банд қилган маъқул - Ичан қалъа ёки унинг ёнида, чунки у ерда яшаб кўриш жуда ажойиб, ўзингизни худди эртакдагидек ҳис қиласиз.

18. Хивада сув билан боғлиқ муаммолар бўлади, бироқ баъзи меҳмонхоналар сайёҳлар қулайлигини қатъий назорат қилади ва у ерда носозликлар бўлмайди. Меҳмонхонани банд қилаётганингизда шу жиҳатларини эътиборга олинг. Ичан-қалъага кириш чиптаси дарвоза олдида сотилади, у ушбу обида ичидаги барча музей объектларини кўздан кечириш имконини беради. Гид бўлиши мақсадга мувофиқ, чунки бир замонлар бу Хоразм хонлиги бўлган.

19. Ўзбекистонда, асосий туристик йўналишлардан ташқари, махсус маршрутлар ҳам бор. Масалан, Бухорода Айдаркўл ва Қизилқумга саёҳат қилиб, ўтовда тунашингиз мумкин. Жайронпарк бор, Ўзбекистонга ов қилиш ёки балиқ тутишга алоҳида келиш мумкин. Гастрономик тур махсус бир йўналиш. Бу ерга кўпчилик "қорин байрами" учун ҳам ташриф буюради - қозон кабоб, манти, сомса, мошхўрда, шўрва, сумалак ва албатта, палов. Ўзбекларда мақол бор: "Кунингдан бир кун қолган бўлса ҳам, палов е". Бунга қўшилмаслик қийин.

20. Тўрт кишидан иборат оила учун саёҳат ўртача тахминан 2000-2500 долларга тушади. Харажатларни икки карра камайтириш ва ошириш мумкин - барчаси сизнинг иштаҳангизга боғлиқ. Қандай бўлмасин (арзонми ё қиммат), сиз Ўзбекистон бўйлаб саёҳатдан жуда мамнун бўласиз.

Мавзуга оид