Жаҳон | 11:00 / 15.04.2018
33890
2 дақиқада ўқилади

АҚШда Сурияга ҳужум қонуний бўлганига шубҳа билдирилмоқда

Фото: AP/ Hassan Ammar

АҚШ қуролланиши устидан назорат ассоциацияси маълум қилдики, Қўшма штатлар, Буюк Британия ва Франция томонидан Суриядаги объектларга берилган ракета зарбалари халқаро ҳуқуққа ва Америка конституциясига зиддир. Бу ҳақда ассоциация сайтида хабар қилинган.

«Биз АҚШ, Буюк Британия ва Франциянинг охирги ҳарбий операцияси Конгресснинг махсус рухсатисиз амалга оширилганидан ташвишдамиз. Президент ўз хулосаларига кўра бундай ҳарбий қарор қабул қилиши Конституцияга риоя қилиш борасида саволлар туғдиради. Бу ҳолда президент Шимолий Кореяга қарши ҳам шу тарзда мустақил қарор қабул қилиши мумкин. Бу эса ядровий қурол ишга солинишига олиб келадиган қарор бўлиши ҳам мумкин», — дейилган баёнотда.

Экспертлар фикрича, президент Дональд Трампнинг операциясини давом эттириш ҳақидаги таҳдидли гаплари Россия билан тўғридан-тўғри қарама-қаршиликни кескинлаштиради.

Ассоциация АҚШ маъмуриятини БМТ майдонида сиёсий жараёнга қайтишга чақирган. Шунингдек, Сурия ҳукумати томонидан кимёвий қурол қўллангани ҳақида рад этиб бўлмас далиллар келтиришни сўраган.

14 апрелга ўтар кечаси АҚШ, Буюк Британия ва Франция Суриядаги бир неча нишонга авиазарбалар берди; таъкидлашларича, зарбалар Сурияда кимёвий қурол ишлаб чиқариш дастури учун жалб этилган объектларга қарши қаратилган эди. Ушбу жанговар операция Суриянинг Дума шаҳрида ҳукумат кучлари томонидан кимёвий қурол воситасида ҳужум амалга оширилгани, бунинг оқибатида 70 киши ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарларга жавоб бўлди.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари халқаро коалиция ҳарбийлари томонидан отилган 100 дан зиёд қанот ракеталардан 71 тасини тутиб қолишга муваффақ бўлган.

Мавзуга оид