Жамият | 12:45 / 17.04.2018
7176
2 дақиқада ўқилади

БМТ Сурияга у ерда содир этилган жиноятлар бўйича далиллар йиғувчи гуруҳни юборади

Фото: UNICEF/Ebo

Сурияда 2011 йилдан бери давом этаётган ихтилоф давомида содир этилган жиноятлар ҳақида далилларни йиғиш учун ташкил этилган янги идора таркибига 60 га яқин мутахассис киради. Бу ҳақда янги идора раҳбари Катрин Марши-Уэль маълум қилди.

2016 йилда БМТ Бош ассамблеяси Сурияда 2011 йил мартидан содир этилган жиноятлар учун жавобгарларга нисбатан терговга кўмак берувчи холис ва мустақил механизмни яратишни маъқуллаганди. 

“Жамоа таркибига терговчилар ва турли, жумладан криминалистик, ҳарбий, сиёсий ва хавфсизлик билан боғлиқ соҳалардаги таҳлилчилар киради”, деб айтилган механизмнинг биринчи ҳисоботида. Бу ҳисобот БМТ Бош ассамблеясида 18 апрелда муҳокама қилинади.

Шунингдек, янги идорага жиноий ҳуқуқ, электрон маълумотларни аниқлаш, киберхавфсизлик, жинсий ва гендер негизда содир этилган жиноятлар бўйича мутахассислар ёлланмоқда. Кейинги йил давомида жамоа тўлиқ бутланади ва 60 га яқин мутахассисдан иборат бўлади.  

Ҳужжатда айтилишича, механизм олдида жорий ва бўлғуси ҳужжатларни исботларга айлантириш бўйича мураккаб вазифа турибди. Бу исботлар асосида жиноий ишлар қўзғатилади. Шу сабабли, мутахассисларга Суриядаги вазият бўйича мавжуд жуда катта ҳажмдаги материаллар, жумладан видеоёзувлар ва бошқа тасвирлар билан ишлашга тўғри келади. 

Катрин Марши-Уэлнинг таъкидлашича, айни вақтда идора Сурияга кириш имкониятига эга эмас. Бироқ, тузилма бу масалада Сурия ҳукуматига мурожаат қилишда давом этади. Янги идоранинг офислари Нью-Йорк ва Женевада жойлашган.

“Идоранинг мустақиллигига келсак, идора ўз ишини бажаришда бирор гуруҳнинг кўрсатмаларига амал қилмайди, ташқи иштирокчилар таъсирига берилмайди, бошқа тузилмаларнинг хулосаларига таянмайди. У олинган маълумотларга ўз холис баҳосини беради”, деб айтган идора раҳбари. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид