Жаҳон | 16:24 / 17.04.2018
8193
1 дақиқада ўқилади

Франция: энди Сурияда кимёвий қурол ишлаб чиқариш имкони йўқ

Фото: Gonzalo Fuentes/Reuters

Франция ТИВ раҳбари Жан-Ив Ле Дрианнинг маълум қилишича, Сурия АҚШ, Буюк Британия ҳамда Франциянинг зарбаларидан сўнг кимёвий қуролни ишлаб чиқара олмайдиган ҳолатга келди. Бу ҳақда у Franceinfo радиостанциясига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Таъкидланишича, вазир журналистнинг тегишли саволига жавоб қайтариб, шундай деди: «Ҳаммаси бу энди юз бермаслигидан дарак бермоқда».

Унинг сўзларига кўра, зарбалар давомида Сурия ҳудудидаги омборхоналар, ишлаб чиқариш маркази ва тадқиқот маркази йўқ қилинган.

«Барча объектлар аниқ нишонга олинди, амалиёт муваффақиятли ўтди», - дея таъкидлаб ўтган Ле Дриан.

Вазирнинг қайд этишича, амалга оширилган ҳужум урушни эълон қилиш эмас, балки минтақада кимёвий қурол тарқалишининг олдини олишга қаратилган ҳаракат бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Сурияга учирилган ракеталарнинг учдан икки қисми уриб туширилгани ҳақида маълум қилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид