Ўзбекистон | 07:45 / 18.04.2018
57295
4 дақиқада ўқилади

Контракт тўлови миқдори камайиши мумкин(ми?)

Фото: KUN.UZ

Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижобий самарасини халқимиз эртага ёки келажакда эмас, бугун ўз ҳаётларида ҳис қилишлари ҳамда халқимизнинг давлатдан рози бўлишига эришиш ниҳоятда зарур. Бунинг учун, бор ички имкониятларимиздан самарали фойдаланишимиз жуда муҳимдир.

Айни шу мақсадда, давлат раҳбарининг Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида, жумладан, депутатлар аниқ долзарб муаммоларнинг ҳуқуқий ечимига қаратилган асослантирилган ўз таклифларини тайёрлаб тақдим этиб бориш амалиётини кенг йўлга қўйишлари лозим эканлигини таъкидлаган эди.

Ҳамкасбимиз, Олий Мажлис депутати А.Абдуқодировнинг таълимга оид, жумладан, контракт тўловларига оид билдирган таклифлари айни юқоридаги мақсадларни назарда тутган. 

Унда, биринчидан, июль ва августдаги таътил ойлари учун стипендия тўламаслик ҳисобига барча таълим йўналишлари бўйича бир ўқув йили учун тўлов-контракт маблағлари миқдорини ўртача энг кам иш ҳақининг уч баробари (тахминан 510 минг сўм) миқдорида камайтириш; иккинчидан, семестр бўйича стипендия тайинланган ҳар бир ой учун стипендиянинг энг кам иш ҳақининг бир ёки бир ярим баробаридан ортиқча қисми ҳисобидан белгиланган тўлов-контракт маблағи миқдорини камроқ тўлаш тартибини йўлга қўйиш; масалан, 280 минг сўм стипендия тайинланган талаба, агар хоҳласа, кейинги ойлар давомида 280 минг сўм эмас, балки 172 минг сўм стипендия олиши ҳисобига кейинги семестр учун (108000*6 ой) 648 000 сўм камроқ контракт тўловини тўлайди, ёки 500 минг сўм стипендия тайинланган талаба, агар хоҳласа, кейинги ойлар давомида 500 минг сўм эмас, 172 минг сўм стипендия олиши ҳисобига кейинги семестр учун (328000*6 ой) 1 968 000 сўм камроқ контракт тўловини тўлайди.

Учинчидан, тест синовларида юқори балл тўплаганлигига қараб дастлабки 12% талаба тўлиқ давлат гранти асосида, кейинги 12% талаба тўлов контракт миқдорининг 35% ини ёки 2 538 минг сўм, кейинги 12% талаба тўлов контракт миқдорининг 60%ини ёки 4 350 минг сўм, навбатдаги 12% талаба эса тўлов контракт миқдорининг 80%ини ёки 5 800 минг сўм, қолган 52% талаба эса тўлов контракт миқдорининг тўлиқ, яъни 7 250 минг сўм контракт суммасини тўлайди. 
Ушбу таклифлар қўллаб-қувватланса, давлат бюджетидан ҳеч қандай ортиқча маблағ талаб этмайди ёки даромадларнинг камайишига ҳам олиб келмайди. 
Аксинча, харажатлар камаяди ҳамда даромадлар бир неча миллиард сўмга ортади. 

Шунингдек,

1) абитуриентларнинг юқори балл олиш учун билимли бўлишлари янада рағбатлантирилади; 
2) тўлов-контракт маблағларини тўлашда ота-оналарга тушадиган юк камаяди ҳамда қулайлик яратилади;
3) юзлаб талабаларнинг контракт тўловини тўлай олмаганлиги учун талабалар сафидан четлаштирилишининг олди олинади;
4) тўлов-контракт пулини 100% тўлайдиган талабалар сонини 20%га камайишига эришилади.

Ижтимоий тармоқларда ҳам ушбу таклифлар юзасидан қўллаб-қувватлаш маъносидаги минглаб муносабатлар билдирилмоқда. Юқоридагилардан келиб чиқиб, ушбу таклифларни амалиётга жорий этилишини тўлиқ қўллаб-қувватлайман ҳамда ўйлайманки, ваколатли давлат органлари томонидан ҳам маъқулланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Ислом Зокиров

Мавзуга оид