Ўзбекистонга 11 йил деганда илк ташриф: Корея ТИВ вазири таассуротлари ҳақида гапирди
Бугунги кунга келиб Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги муносабатлар янги босқичга чиқмоқда. 18 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда ташриф билан бўлиб турган Корея Республикаси ташқи ишлар вазири Кан Гён Хва хонимни қабул қилди. Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари ҳамда халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Президентнинг Facebook'даги саҳифасида Кан Гён Хва хоним билан учрашув якунларига кўра ўтказилган қизиқарли суҳбат видеоси тақдим этилди.
- Айни дамдаги Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини қандай баҳолайсиз?
- Ўзбекистон ва Корея Республикаси стратегик ҳамкор ҳисобланади. Ўтган йилнинг ноябрида президент Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга ташрифи икки мамлакат муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди. Корея Республикаси президенти жаноб Мун Чже Ин ва Ўзбекистон Республикаси президенти жаноб Мирзиёев давлатни бошқаришда ҳамфикр бўлиб, умумий фалсафага эгадир, шунингдек, улар ташқи сиёсатни юритишда ҳам бир йўналишда ҳаракатланишади. Икки мамлакат раҳбарлари учрашувида томонлар икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда уч асосий келишувга эришишди. Булар:
1. Икки томонлама муносабатларни оптималлаштириш ва кенгайтириш;
2. Икки томонлама муносабатлар ривожи учун хизмат қилувчи норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш;
3. Амалий ҳамкорлик диверсификацияси.
Бу келишувларга риоя қилган ҳолда, жорий йилнинг февралида Корея Республикаси бош вазири ўринбосари ва режалаштириш вазири Ким Дон Ён ташриф буюрди. Ўзбекистон Республикаси бош вазири иштирокида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтди, икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Март ойида Кадрларни бошқариш вазири жаноб Ким Пан Со Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф давомида томонлар ўзаро фикр алмашишди ва давлат бошқарув тизимидаги кадрлар фаолиятини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди. Бугун мен Ўзбекистонда ташриф билан бўлиб турибман ва менга маълум қилишларича, бу Корея Республикаси ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистонга сўнгги 11 йилдаги илк ташриф экан.
-Ташрифингиз мақсадлари ҳақида кенгроқ маълумот берсангиз. Сизнинг учрашувингизда стратегик ҳамкорликнинг қандай устувор йўналишлари белгилаб олинди?
- Жаноб Мирзиёев икки томонлама ҳамкорлик ривожига катта эътибор қаратмоқда, бизнинг учрашувимиз жуда илиқ муҳитда ўтди. Икки томонлама ҳамкорлик кўп қиррали ва кўп режали характерга эга. Бунга мисол сифатида Бухоро вилоятидаги Қандимдаги газни қайта ишлаш заводи очилишини келтиришим мумкин. Бу завод қурилишида бош пудратчи сифатида Корея компанияси иштирок этган. Жаноб президентнинг ушбу завод очилишида шахсан қатнашиши унинг Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти, саноати ривожланишида Корея бизнесининг иштирокига нақадар катта эътибор қаратаётганидан далолат беради. Фикримча, биз нафақат газ, кимё, энергетика соҳаларида ҳамкорлик қиламиз, балки икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари қаторида аграр сектори ва тиббиёт, соғлиқни сақлаш соҳаси ҳам бор. Бугунги кунда Ўзбекистонда аҳолининг турмуш тарзини яхшилашга доир қатор ислоҳотлар олиб борилаётганидан хабардормиз. Шу муносабат билан биз Ўзбекистонга замонавий тиббиёт тизимини йўлга қўйиш учун зарур асос ва технологиялар борасида кўмак берамиз.
Ўз ташрифим давомида мамлакатларимиз ҳам ички, ҳам ташқи сиёсат бўйича ягона курс бўйлаб ҳаракатланишига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Биз бир томонга қараймиз ва келажакка ишонч билан боқамиз. Бундан ташқари, бизнинг мамлакатларимиз ҳар бири ўз минтақасида тинчлик-барқарорлик қарор топишига катта эътибор қаратади ва биз бу борада ишончли ҳамкорлармиз.
- Ўзбекистондаги корейс диаспораси турли соҳаларда ишлаб, Ўзбекистоннинг ривожига ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда. Уларнинг аксарияти давлат мукофотлари билан тақдирланган. Сизнингча, бу мамлакатларнинг янада яқинлашувида қандай роль ўйнайди?
- Ўзбекистондаги корейс диаспораси етакчилари билан учрашиш мен учун катта шараф ва фахр бўлди. Зеро мен уларда ўзларини намоён қила олган, Ўзбекистонни ардоқлайдиган ва мамлакатнинг муносиб фарзандлари бўла олган шахсларни кўрдим. Уларда миннатдорлик ҳиссини туйдим. Фурсатдан фойдаланиб ўзбек халқи, ўзбек ҳукуматини Ўзбекистондаги корейсларга қаратилаётган эътибор ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг шахс сифатида ривожланиши учун яратилаётган имкониятлар учун миннатдорчилик билдираман. Икки томонлама муносабатларга келсак, Ўзбекистонда яшаётган корейс диаспораси биз учун энг катта ва қимматбаҳо активдир. Мун Чже Ин маъмуриятининг ташқи сиёсати савдо-иқтисодий, хавфсизлик соҳалари ривожини қўллаб-қувватлайди, бироқ маъмурият ташқи сиёсатининг энг асосий йўналиши - халқ ва ҳамкор мамлакатлар халқи билан келишув ва консенсунсга эришиш. Ўзбекистонда яшаётган корейслар Ўзбекистоннинг муносиб фарзандларидир, шу билан бирга, улар корейс маданияти, анъаналари ва тарихи вакиллари ҳамдир. Шу боис икки томонлама муносабатларнинг ривожида корейс диаспораси катта роль ўйнайди ва улкан актив ҳисобланади.
Ўзбекистонда яшовчи корейс диаспораси вакилларидан бири менга 33 миллион ўзбек Корея Республикаси президентининг катта мухлиси эканини айтди. Бунга жавобан мен Корея Республикасида яшовчи 50 миллион корейс жаноб Мирзиёев бошчилигидаги Ўзбекистоннинг мухлиси эканини айтдим.
Бундан ташқари, Корея Республикаси ташқи ишлар вазири Корея ярим оролидаги вазият бўйича ўз муносабатини баён қилди ва бунда Ўзбекистоннинг қўллаб-қувватлашига умид билдирди.
- Келгуси ҳафтада Жанубий ва Шимолий Корея етакчилари учрашишади. Барчага яхши маълумки, сўнгги йилларда икки Корея ўртасида ҳеч қандай мулоқотлар ва учрашувлар бўлмаган. Бироқ бугунга келиб, икки Корея вакиллари учрашиб, барча йиғилиб қолган муаммоларни муҳокама қилишга қарор қилишди. Ҳозирда ҳам Жанубий, ҳам Шимолий Кореяда бу саммитга кенг тайёргарлик кўрилмоқда. Ундан кейин КХДР ва АҚШ етакчиларининг тарихий учрашуви бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бу саъй-ҳаракатларнинг бари Шимолий Корея ядровий муаммосини ҳал қилишга қаратилган ва бунда муаммони ҳал қилишнинг дипломатик, тинч йўли қўлланмоқда. Шунингдек, бизнинг саъй-ҳаракатларимизнинг асосий мақсади - Корея ярим оролида мангу тинчлик ўрнатиш. Бугунги кунда Корея ярим оролида рўй бераётган воқеаларда Ўзбекистон аввалгидек бизни қўллаб-қуватлашига умид қиламиз.
- Сизга қадар Корея Республикаси ташқи ишлар вазири лавозимида аёл киши ишламаган. Бу қанчалик қийин ва сиз оилангизга вақт ажрата олаяпсизми?
- Сиз ҳақсиз, мен Жанубий Кореянинг 48-ташқи ишлар вазириман ва бу йўналишда фаолият юритаётган биринчи аёлман. Фикримча, мен бугун Мун Чже Иннинг қатъий сиёсий иродаси туфайли шу лавозимда фаолият юритиб келмоқдаман. Президент ўзининг сайлов олди ваъдасида турди. У Вазирлар Маҳкамаси таркибида аёллар сонини 30 фоизгача оширишга ваъда берганди ва бугунга келиб шу кўрсаткичга эришилди. Шундай бўлса-да, бизнинг жамиятимиз ишловчи аёлларга у қадар ижобий муносабатда эмас, ҳозирча Кореяда корпоратив маданият сақланиб келмоқда ва бошқарув органларидаги маданият кўпроқ эркакларга мўлжалланган. Мен аёл вазир сифатида аёлларнинг ҳам оила, ҳам ишни баравар олиб боришлари ва оила аёлнинг карьерада ўсишига таъсир қилмаслигига имкон қадар кўмаклашаман.
Мавзуга оид
16:33 / 25.11.2024
Ўзбек аёлларини ҳақоратлаган туркиялик стендапчи: унга қарши Истанбул прокуратурасига ариза топширилган
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024