Жаҳон | 21:08 / 23.04.2018
15010
3 дақиқада ўқилади

20 ёшли америкалик сўнгги 4 йилда акула, айиқ ва илон ҳужумларига йўлиқди...

19 апрель куни Гранд-Жанкшен шаҳрида (Колорадо штати, АҚШ) яшовчи 20 ёшли Дилан Макуильямснинг оёғини йўлбарс-акула тишлади. Воқеа Ҳавайи оролларида рўй берди, йигит у ерга дам олиш ва сёрфингда учиш учун борган эди.

"Оёғимда қаттиқ оғриқни ҳис қилганимда мен Кауаи ороллари жанубий қирғоғида эдим. Дастлаб оёғим атрофида кўп қон, кейин эса акулани кўрдим. Оёғимнинг ярмини йўқотдимми ёки йўқ - мутлақо англамаган ҳолда унга зарба бердим ва имкон қадар тезроқ сузиб кетишга ҳаракат қилдим".

Дилан Макуильямс

Фото: NBC12

Йигит қирғоққа етганида у тезкор тиббий ёрдам хизмати ходимлари билан боғланди ва бошқа одамларни сувда йиртқич борлигидан огоҳлантирди. Шундан сўнг унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди, унинг оёғига еттита чок тушди.

Бу воқеага у қадар катта эътибор берилмас эди, бироқ бу сўнгги тўрт йилда Макуильямснинг ҳаётида рўй берган учинчи шундай ҳодиса бўлди. 2017 йилнинг ёзида у Боулдер округидаги оромгоҳда кўникмаларга ўргатувчи мураббий бўлиб ишлаган. Бир куни тунда у ухлаётган чодир олдида 150 килограммли айиқ пайдо бўлди.

"Айиқ менинг бошимдан ушлаб, ўрмон томон судрай бошлади, мен бор кучим билан ундан халос бўлишга ҳаракат қилдим. Охир-оқибат у мени ерга ташлади. Мен одамлар олдига қайтишга муваффақ бўлдим ва одамлар йиртқични қўрқитишди".

Дилан Макуильямс

Фото: Flipboard

Шифокорлар қонни тўхтатиш учун унинг жароҳатларини тикишларига (9 та чок) тўғри келди.

2015 йилда эса Юта штати бўйлаб саёҳати давомида Макуильямсни заҳарли илон чақиб олган. Шундан сўнг у икки кун шифохонада ётган.

"Мени заҳарли илон чақиб олди. Заҳар у қадар кўп бўлмаган, бироқ оғриқни ҳис қилиш учун етарли бўлган".

Дилан Макуильямс

Йигитнинг ҳаёти бир неча марта хавф остида қолган бўлишига қарамай, у ёввойи табиатдан қўрқмаслигини таъкидлайди.

"Эсимни таниганимдан бери менинг бор истакларим шу табиат билан боғлиқ. Мен доим йиртқичларга дуч келаман. Афтидан, ножоиз вақтда нотўғри жойларда пайдо бўламан чоғи".

Дилан Макуильямс

Фото: Facebook/Дилан Макуильямс

 

Мавзуга оид