Ўзбекистон | 23:41 / 23.04.2018
4133
2 дақиқада ўқилади

Азиз Абдуҳакимов Халқаро Аэронавтика федерацияси делегацияси билан учрашди

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Питер Блазер бошчилигидаги Халқаро Аэронавтика федерацияси делегацияси билан учрашди, дея хабар беради Қўмита матбуот хизмати.

Азиз Абдуҳакимов жаноб Блазерга мамлакатимизда спортнинг аэронавтика турини ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон брендини мустаҳкамлашга билдирган қизиқиши учун алоҳида миннатдорчилик изҳор этди.

Шунингдек, ҳозирда мазкур соҳа бўйича фаол ишлар амалга оширилаётгани, хусусан, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент каби катта шаҳарларда ҳаво шарлари ишга туширилгани айтиб ўтилди. Бундан ташқари, учрашувда ушбу спорт турини янада ривожлантириш ҳамда Республика бўйича ҳаво шарларининг сонини кўпайтиришга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Маълумот учун: Халқаро Аэронавтика федерацияси нодавлат ташкилот ҳисобланиб, у ҳозирга келиб 100 га яқин ташкилотни ўз ичига олган.

Питер Блазер - машҳур швейцариялик аэронавт бўлиб, Халқаро Аэронавтика федерацияси аъзоси, ҳавода парвоз қилиш бўйича Европада ўтказилган мусобақаларнинг мутлақ ғолиби.

Йигирма кишидан иборат Халқаро Аэронавтика федерацияси делегацияси 20 апрелдан 1 майгача Ўзбекистонда бўлади.