Жамият | 18:18 / 23.04.2018
14403
3 дақиқада ўқилади

Дипломсиз одам ҳам зиёли бўлиши мумкин

Кейинги вақтларда биз зиёли деб атайдиган одамлар орасида нохуш воқеалар, ахлоқ-одоб чегарасидан ҳатлашлар учраб тураётгани ачинарли ҳол. Ўйланиб қоласан киши: шаллақи ўқитувчи, порахўр шифокор, ғийбатчи олим, мадҳиябоз журналист (минг бор узр, биз ўз касбининг ҳалол эгаларини назарда тутаётганимиз йўқ) ва ҳоказолар аслида зиёли деган номга лойиқми?

Бир қоровулни танийман. Ўзи унчалик катта бўлмаган идора қоровули. Хаста одам. Аммо жаҳон адабиётию миллий наср ва назмимизни ҳам яхши билади. Яхши биладигина эмас, кези келганда ғалвирдан ҳам ўтказа олади. Яъни, “Қайси ёзувчи қандай ёзади?”, “Қайси асарнинг мазмунию, ғояси қандай?”, умуман, истаган китобингиз ҳақидаги саволга жавоб бера олади. Жавоб берганда ҳам тўтиқуш каби эмас, ўз мустақил ва ҳеч кимникига ўхшамаган қарашларини сўзлайди. Шу одам билан суҳбатлашганимда, замонамизнинг энг маърифатпарвар кишисини кўргандай бўламан. Зоҳиран эса у оддий қоровул!

Яқинда ўқиб қолдим, атоқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов суҳбатларидан бирида шундай деган экан: “Ҳозирги пайтда “зиёли” деган сўзнинг баҳоси бироз тушиб кетгандек кўринади. Биз, умуман, ўқиган, маълумотли одамнинг ҳаммасини “зиёли” деб атайдиган бўлиб қолдик. Бу – тўғри эмас. Менимча, “зиёли” деган сўз ўқитувчи, инженер, шифокор ва ҳоказо каби касб эгаларинигина билдирмайди. Фақат ўқиган эмас, ўқимаган одамлар ўртасида ҳам зиёлилар учраб туради. Мендан хафа бўлишмасин-у, ҳозир кўпгина зиёлиларимиз ўз қадрларини анча тушириб юборгандай кўринади. Менинг назаримда, зиёлилик ҳамиша фидойилик тушунчаси билан боғлиқ бўлиб келган. Ҳамма гап виждоннинг сусайиши-ю, ҳакалак отиб кетган нафсда. Зиёлилар даставвал йўқолган обрў-эътиборларини қайта тикламоқлари даркор”.

Отаси ё акасининг пули билан ўқишга кирган, аслида, китоб кўрмай дипломли бўлганларнинг касрига зиёли деган қатламнинг номи оёқ ости бўлмаётганмикан? Пул билан дипломга эришган ўқитувчи кимни тарбиялайди? Пул билан ўқишга кирган шифокор, ҳуқуқшунос, муҳандис... эртага нима қилади? Пойдевори қийшиқ бино тик бўлармиди?

Яна бир гап. Олдинлари кўчадан ўқитувчи ўтаётган бўлса, ўқувчилар ер чизиб туришарди. Бугун эса биринчи устози билан қадаҳ уриштириб ўтирганларни ҳам учратаяпмиз. Ҳа, жамиятимизнинг оғриқ нуқталари ҳали даво топганича йўқ. Шундай экан, бу масалага давлат сиёсати даражасида эътибор берилаётгани яқин йилларда ўз самарасини беришидан умидвормиз.

Зуҳал Рўзиева

Мавзуга оид