Жамият | 20:00 / 25.04.2018
29882
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги меҳнатга мажбурлаш муаммолари (I қисм)

Ким кимни кимдан ҳимоя қилади?

Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда мажбурий меҳнат муаммолари фаол муҳокама этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида мажбурлаштирилган меҳнатни тубдан йўқ қилиш фурсати етганлигини таъкидлади.

Бу ҳақда президентимиз 2017 йилниг 19 сентябрида Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ҳам гапирган эди. Президент Халқаро меҳнат ташкилоти билан биргаликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни йўқ қилиш борасида таъсирли чоралар кўрилганини таъкидлаган эди.

Фото: ЎзА

Шу йилнинг 17 апрелида Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасида таълим ва тиббиёт соҳаси ходимлари, талабалар ва ижтимоий соҳа ходимларини дала ва ободонлаштириш ишларига жалб қилишни тақиқлаш масалаларига бағишланган махсус йиғилиш бўлиб ўтди. Айрим амалдорларга огоҳлантириш ва ҳайфсан эълон қилинди.

Келинг, мажбурий меҳнат ўзи нима эканлигини аниқлаштириб олайлик:

1930 йилда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) 29-рақамли «Мажбурлаштирилган ва мажбурий меҳнат ҳақида»ги Конвенцияни қабул қилади. Мазкур конвенцияда «мажбурлаштирилган ва мажбурий меҳнат» термини қайсидир шахсдан қандайдир жазо таҳдиди остида талаб қилинувчи ва бу шахс ўз хоҳиши билан қилишни истамайдиган иш ёки хизматни билдиради.

Дарвоқе, Ўзбекистон ХМТ аъзоси ҳисобланади ва Халқаро меҳнат ташкилотининг 14 та конвенциясини ратификация қилган, жумладан, 29-рақамлисини ҳам.

Миллий қонунчилигимизда «мажбурий меҳнат» деганда бирор-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали (шу жумладан, меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида) иш бажаришга мажбурлаш тушунилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 7-моддасида сўз боради.

Бу ҳолда, Меҳнат кодексига кўра бажарилиши учун қуйидаги ишлар мажбурий меҳнат ҳисобланмаслиги белгилаб қўйилган:

  • ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосида;
  • фавқулодда ҳолат юз берган шароитларда;
  • суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан;
  • қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда бажарилиши лозим бўлган ишлар мажбурий меҳнат деб ҳисобланмайди.

«Бошқа ҳоллар» деганда нималар назарда тутилишини биз билмаймиз, лекин давом этамиз.

Гарчи қонунчилигимизда инсонлар тез-тез тўқнаш келадиган мажбурий меҳнат шакллари тилга олиб ўтилмаган эса-да, биз улардан айримларини келтиришга жазм қилдик:

  • қишлоқ хўжалиги;
  • қурилиш ишлари;
  • ободонлаштириш;
  • коммунал хизматлар ва ҳ.к.

Де-юре: Ўзбекистонда мажбурий меҳнат Конституция билан тақиқланган

Де-факто: 2017/18 ўқув йилида кўчаларни тозалаш ишларига — 17 минг киши, ариқларни тозалашга — 4 минг, қурилиш ишларига — 7 минг, дала ишлари: чопиқ, чеканка, ҳосилни йиғиб олишга — 23 минг нафар талабалар ва ўқитувчилар жалб қилинган.

Шунингдек, Қорақалпоғистонда — 9 мингдан ортиқ, Андижон вилоятида — 8,5 минг, Жиззах вилоятида — 5 минг, Наманган вилоятида — 2,6 минг, Тошкент вилоятида — 5,5 минг нафар талаба ва ўқитувчилар турли ишларга жалб қилинган. Бу Вазирлар Маҳкамаси статистикаси.

Меҳнатга мажбурлаш учун жазо борми?

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддасида меҳнатга мажбурий тарзда мажбурлов учун маъмурий жазо белгиланган.

Қайд қилинишича,қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, меҳнатга бирон бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш —энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.Худди шундай ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса —энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Кимлар жаримага тортилган?

Биз мавжуд маълумотларнинг барчасини ўрганиб чиқдик. Ҳеч нарса топа олмадик. Ўзбекистон мустақиллигининг 27 йилида ҳеч ким жаримага тортилмаган экан. Энг камида, биз қўлга киритган статистика бўйича. Қизиқ жойи шундаки, меҳнатга мажбурлаш ҳақидаги фактлар тиқилиб ётибди, лекин туманлар, шаҳарлар ва вилоятлар кесимида масъуллар жазосиз қолаверишган.

Яна бир савол очиқ қолмоқда. Ким жаримага тортилади?Прокуратура органлари, ИИВ, касаба уюшмасими ёки ҳокимликлар?

Туман прокурори ҳокимни жаримага тортишига ишонасизми? Ахир улар кечагина чойхонада бирга ош ейишган-ку?..

Фото: АСН

Ҳа-я, мактаб директорларини унутибмиз. Бечора директорлар. Уни аниқ жаримага тортиш ёки камида тушунтириш хати олиш мумкин. Агарда унинг ўғли… Тошкентда қандайдир махсус бўлинмада ишламаса… Унда, бўпти, ўқитувчи бўлса-ўқитувчи-да. Амаллар...

Кўриб турибсизки, ҳимоялаш ва жазолашнинг тайинли бир ҳуқуқий механизми йўқ.

Ҳа, биз кўп гапирамиз, лекин амалда ҳеч вақони қойиллатмаймиз.

Мободо механизм ишлаб чиқилган тақдирда ҳам ишга виждонан ёндашиш, ҳуқуқлилик ва одил суд муносабатлари ўрнатиладими? Бу энди бошқа масала.

Жиноий жавобгарлик

Ўзбекистонда меҳнатга мажбурлаш учун тегишли жиноий жавобгарлик йўқ. 2008 йилда Ўзбекистон Жиноят кодекси инсонларни эксплуатация қилиш термини билан тўлдирилди.

Қонунчиликка кўра, инсонларни эксплуатация қилиш деганда бошқа шахсларни фоҳишабозликка ёки сексуал эксплуатация, мажбурий меҳнат ёки хизматнинг бошқа шаклларига мажбурлаш, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатлар, тутқунликда сақлаш ёхуд исон аъзолари ва тўқималарини олиш тушунилади.

«Одамдан фойдаланиш» термини Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддаси — «Одам савдоси»да келади. Таъкидланишича, одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш демакдир.

Фото: Fotolia

Кўчаларни супуриб-сидириш ёки пахта териш «одам савдоси» тоифасига кирмайди.

Демак, меҳнатга мажбурлаш учун жиноий жавобгарлик йўқ экан.

Таққослаш учун:

Украина Жиноят кодексининг 173-моддаси:

Мулкчилик шаклидан қатъи назар идора, муассаса ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари, шунингдек алоҳида бир фуқаро ёки улар томонидан ваколат берилган шахс томонидан алдов ёки ишончни суиистеъмол қилиш ёки битим билан шарт қилинмаган ишни бажаришга мажбурлаш йўли билан меҳнат ҳақидаги битимни қўпол равишда бузиш — фуқароларнинг солиқ солинмайдиган минимал даромадларининг 50 карраси миқдорида жарима ёки маълум бир мансабни эгаллаш ёки маълум бир фаолият билан шуғулланишни 5 йил муддатгача чеклаш ёки олти ой муддатгача қамоқ жазоси ёки икки йил муддатгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Кўриниб турибдики, украиналик қонуншунослар меҳнат шартномаси ва меҳнатга мажбурлаш учун иш берувчи икки йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкинлигини ҳисобга олишган.

Нима бўлганда ҳам, қонунчиларимиз ва ижрочиларимиз меҳнат қонунчилигини мунтазам бузаётган ва инсонларнинг турли ишларга мажбурлаётганларни жазолай бошлашларидан умид қиламиз.

Жиноий жавобгарлик ҳақида гапирар эканмиз, бир нарсани такрорлаймиз: фурсат етиб келди. Амалдорларимиз буни 27 йил ичида тушунишмаган экан, жиноий жавобгарликка тортила бошлашгач тушуниб, муаммони ҳал қила бошлашар.

Улуғбек Акбаров,

Kun.uz эксперти.

Мавзуга оид