Жамият | 18:23 / 27.04.2018
31001
8 дақиқада ўқилади

«Энди уйим ҳам, пулим ҳам йўқ!» - урганчлик онахоннинг дардига ким қулоқ солади?

KUN.UZ таҳририятига Хоразм вилояти Урганч туманида истиқомат қилувчи Дурдона Борисовна Абдуллаева ёрдам сўраб мурожаат қилди.

66 ёшли онахоннинг сўзига кўра, у 2014 йилда уй сотиб олган, аммо кейинчалик болалари ва набиралари билан бу уйдан чиқариб юборилган ва кўчада қолган.

Биз 4 йилдан буён Дурдона Абдуллаевани қийнаб, сарсон қилиб келаётган воқеа тафсилотларини ўрганиб чиқдик.

Дурдона Абдуллаева 1952 йилда туғилган, Урганч шаҳар, Паҳлавон Маҳмуд кўчасидаги уйда истиқомат қилиб келган. Урганч матлубот жамиятида сотувчи, Тикувчилик фабрикасида иқтисодчи бўлиб ишлаган. 2007 йилда нафақага чиққан.

1993 йилда турмуш ўртоғи оғир хасталикдан сўнг вафот этган. Натижада она 4 нафар қизи билан қолади.

2014 йил апрель ойида оила истиқомат қиладиган уй шаҳарнинг реконструкция қилиниши муносабати билан бузиб ташланади. Урганч шаҳар ҳокимияти Абдуллаевага 65 миллион сўм компенсация ва иккита ер участкаси ажратади. Онахон «аёл бошим билан қандай қурилиш қиламан, ундан кўра уй сотиб олганим яхши» деб, ер участкаларига бўлган эгалик ҳуқуқини сотади.

Шу ойда у Искандар Алимовдан 4-кичик даҳа, 10/2 уй, 5-хонадонни сотиб олишга қарор қилади. Аммо, Искандар Алимов бу уйга тақиқ қўйилгани, унда собиқ хотини Феруза Алимованинг 70 миллион сўмлик улуши борлигини, шу ва қўшимча равишда давлат божи тўлаб берилса, уйни расмийлаштириб беришини айтади. Унинг гапига ишонган Дурдона Абдуллаева жами 87,6 миллион сўмни «Туронбанк» ва «Халқ банки» кассаларига тўлайди. Натижада, уй тақиқдан чиқарилди деган маълумотномани олади.

«Менинг хатоим шу бўлдики, бу пулларни кассага топширганимда Искандар Алимов номига квитанция ёзилди. Аммо, аслида улар менинг ҳисобимдан тўланди. Бунга гувоҳим бор» - деди она.

Шундан сўнг, Дурдона Абдуллаева бу уйнинг коммунал хизматлардан қарзларини ҳам тўлаб беради. Барча харажатларни ҳисобга олган ҳолда 55000 АҚШ доллари ёки ўша вақтдаги ҳисоб-китобга кўра 163 миллион сўмни Искандар Алимовга беради.

2014 йил 7 ноябрь куни Дурдона Абдуллаева ва Искандар Алимов ўртасидаги олди-сотди шартномаси Урганч шаҳар 7-нотариал идорада расмийлаштирилади. Унда уйнинг нархи 120 миллион сўм қилиб кўрсатилади.

Аммо онахоннинг уйли-жойли бўлдик деган қувончи узоққа чўзилмади.

Искандар Алимовнинг собиқ турмуш ўртоғи Феруза Алимова ўзига тегишли бўлган улушни (70 миллион сўмни) бозордаги баҳолар ошиб кетгани баҳонасида, олишдан бош тортади ва уй-жойга бўлган ҳуқуқини натура шаклида бўлишини талаб этиб, судга мурожаат қилади.

Шундан сўнг, уч йил ичида бу низо юзасидан 10 марта суд маҳкамаси бўлиб ўтган. Уларнинг энг асосийларига эътибор қаратамиз.

2015 йил март ойида Урганч туманлараро суди Феруза Алимова ўзига тегишли бўлган улушни (70 миллион сўм) ўз вақтида олмагани, уй эса бозор нархлари асосида тўғри баҳоланганини тан олади ва унинг даъвосини рад қилади.

2016 йил август ойида Урганч туманлараро фуқаролик суди олди-сотди шартномасини расмийлаштиришда Феруза Алимова розилиги олинмагани учун, бу шартномани бекор қилиш, унда кўрсатилган 120 миллион сўмни эса Дурдона Абдуллаевага қайтариш ҳақида қарор чиқаради.

Название

Қизиғи шундаки, ўтказилган суд маҳкамаларида Урганч шаҳар 7-сонли нотариал идораси раҳбари бирор марта иштирок этмаган ва бу иш юзасидан кўрсатма бермаган.

2017 йил май ойида Урганч туманлараро фуқаролик суди Дурдона Абдуллаевани уйдан мажбурий чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади. Шу йилнинг октябрь ойида она-болалар МИБ ходимлари томонидан уйдан чиқариб юборилади.

Шундан сўнг, Дурдона Абдуллаева адолат истаб бормаган жойи, тақиллатмаган эшиги қолмаган. Қўлимда унинг турли инстанцияларга шикоят тарзида ёзган бир даста хатлари турибди. Дурдона Абдуллаева ИИБ ва прокуратурага жуда кўп марта мурожаат қилган. Терговчи ва прокурорларнинг қабулига кириш учун соатлаб умрини шу идораларда ўтказган. Олий судга уч марта мурожаат қилган.

10 марта суд маҳкамасида иштирок этган! Топган-тутганини фарзандларининг камоли учун эмас, суд маҳкамаларида иштирок этиш, йўлкирага, сафар харажатларига сарфлаган. Аёл боши билан эркаклар ҳам тортиши оғир бўлган юкни судраган. Аммо бу саъй-ҳаракатларнинг ҳеч бири самара бермаган.

Айни пайтда, онахоннинг уйи ҳам йўқ, Искандар Алимовга берган пуллари ҳам йўқ.

Шу ўринда ҳақли саволлар туғилади.

Искандар Алимов уйини қайтариб олган бўлса-да, нега Дурдона Абдуллаевадан олган пулларини қайтариб бермаган. Бунга қандай ҳуқуқий баҳо бериш мумкин?

Низоли уй-жой нотариус томонидан қандай қилиб расмийлаштирилди? Нима учун нотариал идора раҳбари бирор марта суд маҳкамасида иштирок этиб, судьянинг саволларига жавоб бермади? Нега суд уни мажбурий равишда иштирокини таъминламади? Нима учун бу иш юзасидан суриштирув олиб борган ИИБ ва прокуратура нотариал идора раҳбари хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бермаган?

Суд Дурдона Абдуллаева ва Искандар Алимов ўртасидаги шартномани ҳақиқий эмас деб топган ва Искандар Алимовдан олган пулларини қайтариб беришни талаб қилган. Аммо нега бу қарор ҳанузгача бажарилмади?

МИБ ходимлари Дурдона Абдуллаева ва унинг фарзандларини уйдан мажбурий чиқариб юборган. Аммо нега унинг Алимовга берган пуллари мажбурий равишда ундириб олинмади? 

Нима учун Дурдона Абдуллаева бир умр ишлаб топган пулларидан айрилди, болалари ва набиралари билан уйсиз қолди? Унинг айби нима? Адолатли суд дегани шуми?

Йўқ, Дурдона Абдуллаева қизлари ва набиралари билан кўчада қолгани йўқ. Халқимиз бунга йўл қўймайди. Дунёда меҳрибон, оқибатли одамлар бор. Айни пайтда у танишининг уйида, Урганч тумани маркази, Мустақиллик кўчаси, 5-уй, 15-хонадонда вақтинча истиқомат қилмоқда. Аммо, унинг уй-жиҳозлари, барча буюмлари эса МИБ омборида сақланмоқда. Чунки бу нарсаларини кўчириб олиб бориш учун унинг уйи йўқ.

Айни пайтда онахонга давлатимиз томонидан 464 минг сўм пенсия тайинланган. Ночор аҳволда қолишгани учун икки нафар қизи ва ўғил набираси Россияга ишлагани кетган. Дурдона Абдуллаева уларни «Онажон, энди бизнинг уйимиз ҳам, пулимиз ҳам йўқ. Бизни қайғурадиган одам ҳам йўқ, бизга рухсат беринг, кетайлик», - деб айтишганини кўзида ёш билан эслайди.

«Менинг айбим нима ўзи? Менга айтишсин, тушунтиришсин. Мен ҳамма нарсамдан ажралмоқдаман, уйсиз ва пулсиз қолиб кетяпман. Соғлиғимни йўқотдим. Судма-суд юриб курашишга куч-қувватим, дармоним қолмади-ку?!» - деб куйинган онахоннинг дардига ким қулоқ тутади?

Ҳозирги кун нархларида 55000 АҚШ доллари 445 миллион сўмга тўғри келмоқда. Онахон бу пулларини қайтариб оладими? Унинг, фарзандларининг, набираларининг қонуний ҳуқуқлари таъминланадими?  

Воқеа тафсилотларини чуқур ўрганар эканмиз, бунақа саволлар кўпайиб бораверди, асло камаймади. Юртимизда бир кунда минглаб одамларнинг уй-жой, транспорт воситалари ва бошқа нарсаларнинг олди-сотди шартномалари расмийлаштирилади. Бироқ, Дурдона Абдуллаева бошига тушган воқеалар уларнинг ҳам бошига тушмаслигига ким кафолат бера олади?

Нурмуҳаммад Саид

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид