Жаҳон | 07:43 / 27.04.2018
20120
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея ва Шимолий Корея етакчилари учрашишди

Шимолий Корея етакчиси бошчилигидаги делегация Жанубий Корея билан музокаралар ўтказгани чегарадаги музокаралар пункти Пханмунжомга етиб келди. 

“Биз бу ерга тинчлик ва фаровонлик йўлида янги тарих бошланиши ҳисси билан келдик”, деб айтган Ким Чен Ин жанублик ҳамкасби Мун Чжэ Ин билан учрашув вақтида.

Кореялараро саммит олдидан Ким Чем Ин ҳарбий-демаркацион чизиқни англатувчи рамзий бетон тўсиқ устидан ўтиб, жанублик ҳамкасби билан сўрашди. Сўнгра икки етакчи тўсиқнинг у томони – Шимол томонга ўтишган. Бир дақиқадан кейин иккилари ҳам яна жануб томонга ўтиб, қизил гилам бўйлаб фахрий қоровул ёнидан саммит ўтадиган “Тинчлик уйи” томон йўл олишган.

Фото: Reuters

Жанубий Корея президенти шимоллик ҳамкасби ҳарбий-демаркацион чизиқни кесиб ўтгандан кейин Пханмунжомни тинчлик рамзи деб атади.

“Бизнинг раис Ким тарихда илк бор ҳарбий-демаркацион чизиқни кесиб ўтди ва айни вақтда Пханмунжом ажралиш эмас, тинчлик рамзига айланди”, деб айтган Мун Чжэ Ин.

Фото: Reuters

Ким Чен Ин “Тинчлик уйи”даги меҳмонлар китобида “Энди янги тарих, тинчлик даври тарихидаги бошланғич нуқтада, Ким Чен Ин”, деган ёзув қолдирган.

Икки етакчи ўртасидаги музокаралар бошлаб юборилди. Улар кун мобайнида Шимол ва Жануб муносабатларини яхшилаш, тинчлик ва бирлашиш истиқболларини муҳокама қилишади.

Мавзуга оид