Билса ҳазил, билмаса чин: қиймати миллиардлаб сўм бўлган газ қувурлари талон-тарож қилинганми?
KUN.UZ таҳририятига республиканинг турли нуқталаридан мурожаатлар келиб тушмоқда. Хақли мурожаатларни ўрганиш учун мазкур ҳудудларга хизмат сафарлари уюштириб турамиз. Бу сафар Самарқанд вилоятига ташриф буюрдик. Боиси, биз ташриф буюрган ҳудуд фаоллари туман ҳудудидан ўтган камида 5 километрдан ортиқ жамоа мулки - газ қувурлари баъзи мансабдор шахслар томонидан йўқотиб юборилганлиги ҳақида мурожаат қилишган эди.
Вилоятнинг Жомбой тумани “Бешбола” маҳалласи фаоллари билан учрашувда улар муаммони ётиғи билан тушунтиришди. Айтишларича, Жомбой туманига 1968 йил Булунғур тумани ҳудудидан газ тортиб келинган. Ўша вақтлар хусусий мулк бўлмаганлиги сабабли бу мулк жамоа мулки сифатида ҳудуд балансида турган. Мазкур қувурнинг узунлиги 11,5 километр бўлиб, унинг диаметри 219 миллиметр, қалинлиги 8 миллиметрни ташкил қилган. Баъзи номаълум сабабларга кўра, 2017 йилдан мазкур ҳудудларда газ берилиши бутунлай тўхтатилган. Газ қувуридан умуман фойдаланмай қўйилган. Ҳозирда эса аҳоли куз-қиш мавсумини ўтин билан ўтказиб келмоқда.
Тегишли идораларнинг бир неча қарор, буйруқ ва фармойишларига асосланиб, табиий газ етиб бормайдиган ҳудудлардаги газ қувурлари ва газ тақсимлаш қурилмаларини демонтаж қилиш (тугатиш) тўғрисидаги топшириқларининг ижросини таъминлаш мақсадида, мазкур ҳудудларда газ қувурларни кесиш ёппасига “Марказгазтаъминот” унитар корхонасининг демонтаж қилувчи ишчи гуруҳи томонидан бошлаб юборилган. Унитар корхона энди ҳудуддаги газ трубаларини ўз балансига ўтганлигини таъкидлашган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик қонунчилиги бўйича унитар корхонада ўзига бириктирилган мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи бўлмайди. Яъни, корхона мулкни сотиш ҳуқуқига эга эмас. Бироқ корхона аллақачон қонунни четлаб ўтишни бошлаб юборган.
Туман ҳокимлигидан келиб газ қувурларини кесаётган шахсларга аризачилар мурожаат қилган чоғда улар юқоридан топшириқ келганлигини айтишиб, ҳеч қандай ҳужжатларни кўрсатмай, кесилаётган қувурлар Ургут туманида олиб борилаётган қурилиш ишларига ишлатилишини айтишган. Лекин бу ҳудуднинг кейинчалик газ билан таъминланиш масаласи ўйлаб ҳам кўрилмаган. Аҳолининг мурожаат қилмаган ташкилоти қолмаган. Мурожаатчилар энг қуйи поғонадан бошлаб энг юқори поғона вакилларигача мурожаат қилиб келган. 2017 йил Бош прокуратурадан келган шахслар халқ қабулида бўлган пайтда уларга учта папкадан иборат ҳужжат (мурожаатлар, жавоб хатлари ва бошқалар) кўрсатилганда, вакиллар ҳужжат бўйича 1128 метрга газ қувурлари кесиб олинишига рухсат берилганлигини айтиб, қолганини нега кесишади, биз буни, албатта, охирига етамиз, деб ваъда беришган. Вазият ўша-ўша, ваъда эса кун сайин қаримоқда. Ортиқча кесиб олинган қувурлар миқдори ўша вақтда тахминан эркин баҳоловчилар томонидан 3 миллиард сўмдан ортиққа баҳоланган. Муаммо шу кунгача ижобий ҳал этилмаган.
Қувурлар кесиши сўнгги бор тахминан бир ой аввалга қадар ҳам давом эттирилган. “Ўзбекнефтгаз” Миллий ҳолдинг компанияси “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти Самарқанд вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиалидан келган шахсларга аҳоли қаршилик қилиб, уларни қувурларни кесишларига жим қараб турмаган, жараённи тўхтаттириб қўйган. Улар эса туман ҳокими ва юқори ташкилотдан келган буйруққа кўра, тумандаги фаввора қурилишига ишлатиш учун қувур кесиб олиши кераклигини айтган. Аҳоли қаршилиги ва Бош прокуратура ишонч қўнғироғига мурожаат қилингач кесиш ишлари тўхтатилиб, кесилган қувурлар маҳалла ҳудудига олиб келтирилган. Мулк талон-тарож қилиниши тинмай давом этиб келган. Ҳудудга бир неча бор туман ҳокимияти, туман газ вакиллари келиб кесишни давом эттиришга уринган. Давлат мулки эмас, шахсий мулк ҳам эмас. Олавер, камайиб қолмайди, тарзида кесиб олиш ишлари давом эттириб келинган.
Туман аҳолисига газ бериш масаласи очиқлигича қолмоқда. Аҳолининг тайёр газ қувурлари ўғирланмоқда, талон-тарож қилинмоқда. Ҳудуддаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи баъзи органлар бефарқ, ҳеч қандай чора кўрмай келмоқда. “Жомбойгаз” ташкилоти эса ички ишлар бўлимидан кесиб олишда амалий кўмак сўраган. Ҳайриятки, туман ички ишлар бўлими қонуний асоссиз қувурларни кесиб олишга ёрдам берилмайди, деб жавоб қайтарган дейди маҳалла фаолларидан бири.
Биз газ трубалари кесиб олиниши бошланган ҳудудга бордик. Бошланиши ва охирги кесиб олинган ҳудуд масофасини ўлчадик. Ростдан ҳам километрлаб газ трубалар йўқ бўлиб кетган. Мазкур муаммоларни ўргангач, изоҳ сўраб тумангазга бордик. У ердаги қоровул ташкилот бошлиғи ишдан чиқиб кетган, қаерда эканлигини билмаймиз, деб айтди. Кейин туман ҳокимиятига бордик. У ерда туман ҳокимига дуч келмадик. Ҳоким ўринбосари билан суҳбат чоғида қувур билан боғлиқ барча маълумотни вилоятгаз билади, деган жавоб олдик. Улар билан телефон орқали сўзлашганимизда газ трубалари асосли кесиб ишлатилмоқда, деб айтишди. Лекин ҳужжатларини кўрсак бўладими дейишимиз билан бунақа ҳужжатлар мавжуд эмаслигини таъкидлашди. Хуллас туман, вилоят мансабдор шахслари мурожаат қилган инсонни бир-бирига юзлантириб, биз билмаймиз улар билишади қабилида иш тутиб келишган ва биз ҳам шу ўйинда қатнашдик, тақдир экан.
Хулоса қиладиган бўлсак, ўрганилган муаммо жуда жиддий. Президент халқ розилиги ҳаммасидан устунлигини айтмоқда. Бироқ Жомбой аҳолиси эса бундай ўзбошимчаликлардан жуда норози. Адолат ўрнатилишини истайди, холос. Мансабдор шахсларнинг барчаси олиб борилаётган ислоҳотларни англаб етишини хоҳлайди. Ташкилотлар эса бунга бефарқ. Гап миллиардлаб сумма устида кетмоқда. Бундай кетишда қолган газ қувурларининг кесилиб кетмаслигига ким кафил бўла олади? Бу саволга жавоб бериш ҳам амри маҳол. Ўйлаймизки, мазкур муаммо тез орада ўз ечимини топади. Айбдорлар ўз айбларига яраша жазо олишади.
P.S.: Мақола ёзилиши чоғида Жомбой тумани "Бешбола" маҳалласидан қўнғироқ қилишди. Айтишларича, туман ҳокими маҳалла раиси Анвар Фармоновни солиқ тушумларини бажармаганлиги важи билан ўз вазифасидан бўшатган. Маҳалла раиси ҳам ишдан бўшаганини тасдиқлади. Туман солиқ инпекцияси бажариши лозим бўлган иш учун маҳалла оқсоқоли ишдан олиниши кулгули ҳолат. Қўнғироқ қилган фуқарога кўра, туман ҳокими Умиджон Назаров маҳалладан “юқорига” кўп мурожаатлар бўлаётгани, қолаверса газ қувурига доир ўрганишларга жавобан шундай чора кўришга қарор қилган. Яна ким билсин?!
Зафарбек Солижонов
Мавзуга оид
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024
Тўрт туманда 614 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024