Ўзбекистон | 11:13 / 02.05.2018
4538
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Туркия тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш марказларини ташкил этади

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон ва Туркия икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтириш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида икки мамлакатда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш марказларини ташкил этишга кўмаклашишга келишиб олди. Бу ҳақда президентларнинг қўшма баёнотида айтилади.

Эслатиб ўтамиз, Ражаб Тоййиб Эрдўған 29 апрель – 1 май кунлари Ўзбекистонда давлат ташрифи билан бўлди.

«Президентлар Ўзбекистон Республикаси билан Туркия Республикаси ўртасидаги ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш стратегик хусусият касб этишини қайд этдилар», - дейилади баёнот матнида.

Давлат раҳбарлари 2017 йилда мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама савдо ҳажмининг сезиларли даражада ошганлигини мамнуният билан таъкидладилар ҳамда яқин йилларда уни 5 миллиард АҚШ долларига кўтаришга қатъий тайёр эканликларини яна бир бор тасдиқладилар.

Туркия томони Туркия тадбиркорларининг Ўзбекистонга инвестиция киритишларини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлаш ниятида эканлигини яна бир бор тасдиқлади, Ўзбекистон томони эса Туркия инвесторлари учун инвестиция киритишни енгиллаштириш ва процедураларни соддалаштиришда зарур кўмак беришга тайёрлигини маълум қилди.

Томонлар энергетика ва тоғ-кон, шу жумладан, қайта тикланадиган энергия, энергия самарадорлиги ва углеводородлар соҳаларида ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантириш ҳамда маълумот ва тажриба алмашиш имкониятларини ўрганишни қўллаб-қувватлашларини тасдиқладилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид