Жамият | 08:23 / 03.05.2018
35094
28 дақиқада ўқилади

«Ўқимаган китобларингиз бир куни сизни жазолайди». Кутубхоначининг ҳам аҳволини сўрайдиганлар борми?

Фаолиятим давомида кўп бора мактаб маъмурияти ёки бошқа соҳа вакиллари томонидан: «Кутубхоначиларнинг китоб тарқатиш ва қабул қилишдан бошқа қанақа иши бўлиши мумкин, 4 та китобни у ёқдан бу ёққа олавериб кунни кеч қилишади», деган гапларини эшитганман. Ана шундай ўйлайдиганларнинг кутубхонага нисбатан фикрларини ўзгартириш учун мен кутубхоначиларнинг йил давомида қиладиган ишлари, ўтказадиган тадбирлари ҳамда зиммасидаги масъулияти ва жавобгарликлари ҳақида имкон даражасида қоғозга тушириб сизларга ҳавола этмоқчиман.

Хуллас, мен Ахборот-ресурс Маркази раҳбари сифатида лавозим йўриқномасидан ташқари, мактаб кутубхоначиларига услубий ёрдам бериб, уларни кутубхонадаги фаолиятларини мунтазам равишда назорат қилиб бораман. Туманимизда 19 та мактаб бор: АРМ ходимлари эса 8 нафарни ташкил қилади, Ғаллаорол туманида 90 тадан зиёд мактаб бор лекин ўша туманда ҳам АРМ ходимлари 8 нафарни ташкил қилади, Вазифамиз лавозим йўриқномамиз ва ойлик иш ҳақимиз эса бир хил. Мен ҳар ой ёки ҳар икки ойда мактаб кутубхоналарига бориб ишларини кўздан кечириб келаман. Бу менинг вазифам ва буни мендан вилоят Ахборот-ресурс Маркази ва туман халқ таълими бўлими талаб қилиб туради, (96 мактаби бор туман АРМ ходимларини ҳолатини тасаввур қилиб кўраверинг) мунтазам равишда тадбирлар ва кутубхоначилар билан ишлаганим учун доим бир хил муаммога дуч келаман, аниқроғи мен эмас мактаб кутубхоначиларининг муаммоси.

Кутубхоначиларнинг бир ойлик иш ҳақи

Кутубхоначилик лавозими учун штат бирлиги мактабдаги синфлар сонига қараб мактаб жойлашган ҳудуднинг молия бўлими томонидан белгиланади: 13 та синфи бор мактабга 0.5 ставка кутубхоначи, бир ойлик иш ҳақи 258 188 сўм, китоблар сонига қараб энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоиздан 20 фоизгача бўлган миқдорда қўшимча устама ҳам тўланади (пасти 17 224 сўм, юқориси 34 448 сўм) 258188+34448=292 636 сўм.

Бундан келиб чиқадики, хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари ҳисобчига табель топшираётганда 0.5 ставка кутубхоначига 258 188 сўм ойлик иш ҳақи ёзади, ҳисобчи кутубхоначининг топширган ҳисоботига таяниб табельдаги 258188 сўмга кўпи билан 34448 сўм қўшиб унга ойлик иш ҳақи ёзиши мумкин, ундан 15 фоиз даромад солиғига, 1 фоиз касаба уюшмасига, 1 фоиз нафақа жамғармасига (нафақага чиққанида халқ банкидан бориб олади), 8 фоиз нафақа фондига, мисол учун

292636х0.15=43 895

292636х0.1=2 926

292636х0.1=2 926

292636х0.8=23 411

(қолдиқларни ёзиб ўтирмадим)

292636-(43895+2926+2926+23411) = 219478 сўм

Ишониш қийин лекин ростдан ҳам 0.5 ставка кутубхоначилар бизнинг ҳудудда 3 нафарни ташкил қилади, улар бир ойлик иш ҳақларидан коммунал тўловларига ўтказмаса пластик карточкаларига 219478 сўм пул маблағи тушади, шунда ҳам уларнинг кутубхонасидаги китоблар сони 20 фоизлик устама талабларига жавоб берсагина қолган 13 тадан юқори синфи бор кутубхоначиларнинг бир ойлик иш ҳақларини ўзингиз чамалаб кўраверинг!

13 тадан 30 тагача синфи бўлган мактабга 1 ставка кутубхоначи

30 тадан 40 тагача синфи бор мактабга 1.5 ставка кутубхоначи

40 тадан юқори синфи бор мактабга эса 2 ставка кутубхоначи штати берилади

(бизнинг ҳудудда 40 тадан зиёд синфи бор мактаб мавжуд эмас)

Кутубхоначи бўлиб ишга кирганлар орасида бошланғич таълим йўналишини битирганлар 80.90 фоизни ташкил қилади. Айнан кутубхоначилик бўйича олий маълумотли кутубхоначини мактаб кутубхоналаридан топиш жуда қийин. Агар шундай ходим бўлса ҳам 50 ёшлар атрофида бўлади (Унутманг мен туманда тураман ва ўзим яшаб турган муҳитдан келиб чиқиб ёзяпман).

Тадбирлар (ўқув йили давомида)

Кутубхонага кирганингизда китоб жавони ундаги китоблар, бир нечта парта ва ўриндиқларга кўзингиз тушади, яна яхшилаб назар ташласангиз, қайсидир шоирнинг юз йиллигига бағишланиб ташкил қилинган бурчак, газета ва журналлар тахлами бўлмиш жамланмалар. Кутубхоначи ўтирадиган стол ёнидаги китоб жавонида эса папкалар, ҳужжатлар, расмлар, буклетларни кўришингиз мумкин. Ҳужжатларнинг сони ва қоғозбозлик бўйича кутубхоначи мактабда 3 ўринда туради. Мавзудан сал узоқлашган ҳолда мактаб маъмуриятидаги қоғозбозлик ва ҳужжатлар юритиш бўйича ўринни мен ўзим учун қуйидаги тартибда териб чиқдим:

1-ўрин маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари

2-ўрин ўқув тарбиявий ишлар бўйича директори ўринбосари
3-ўрин кутубхоначи

4-ўрин ёшлар иттифоқи етакчиси

5- ўрин мониторингчи (синф раҳбарлиги ва фан ўқитувчилиги бор)

6-ўрин хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари

7-ўрин хотин қизлар қўмитаси раиси (синф раҳбарлиги ва фан ўқитувчилиги бор)

8-ўрин касаба уюшмаси раиси (синф раҳбарлиги ва фан ўқитувчилиги бор)

9-ўрин иш юритувчи (котиба)

10-ўрин синф раҳбарлари (фан ўқитувчилиги бор)

11-ўрин фан ўқитувчилари

12-ўрин психолог

13-ўрин лаборантлар

14-ўрин мактаб директори

Очиғини айтсам, ўқувчиларни бадиий китоб ўқишга жалб қилинадиган тадбирларни бошида нега фақат кутубхоначи қўйилиши ва бу тадбирларга айнан кутубхоначи масъуллиги мени ҳайрон қолдиради. 2017-2018- ўқув йили давомида кутубхоначи ўтказадиган тадбирлар қуйидагилардан иборат:

«Китобхонлик байрами», бу тадбирни ичида тадбирлар бор;

- «Китоб тақдимоти» (сентябр-декабрь ойлари давомида);

- «Адабиёт кунлари» (февраль ойининг биринчи ярмида);

- «Энг яхши китобхон ўқувчи» (15-февральдан 20-мартгача);

- «Мактаб-кутубхона-оила-жамоат ташкилотлари» (10-мартдан 20-мартгача);

- «Бир фарзандга-уч китоб» (10-мартдан 20-мартгача);

- «Китобим-офтобим» (март ойида);

- «Момомнинг сандиғи» эртаклар танлови (ўқув йили давомида);

- «Мен севган адабий қаҳрамон» иншолар танлови (аниқ муддатини тополмадим);

- «Тарғиботчи китобхон ўқувчи» (ўқув йили давомида);

- «Ёш китобхонлар кўрик танлови» (май, июнь, июль ойларида);

- «Мустақиллик болалар мадҳида» шеърлар танлови (ўқув йили давомида);

- «Китоб ўқиш» тадбири (ўқув йили давомида);

Кутубхоначи барча тадбирларни ўтказганлиги ҳақидаги маълумотнома ва тадбирлардан олинган суратларни туман Ахборот-ресурс марказига етказади, туман Ахборот-ресурс маркази умумлаштириб вилоят Ахборот-ресурс марказига, улар эса туманларникини умумлаштириб Республикага юборишади. Китобхонлик байрами тадбири ҳақида Доно Ғаниеванинг «Таълим тизимидаги ахборот-кутубхона жараёнларини ахборотлаштиришни ташкил этиш ва бошқариш» китобидан батафсил ўқиб билиб олишингиз мумкин. Бошқа тадбирлар низомини интернетдан топиш мушкул эмас.

Кутубхоначи бу тадбирларни, албатта ёлғиз ўзи ўтказмаслиги керак, унга мактаб маънавиятчиси, ёшлар иттифоқи етакчиси, синф раҳбарлари ва она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари кўмаклашишлари чора-тадбирлар режасида кўрсатилган бўлади. Юқорида таъкидлаганимиздек аксарият кутубхоначининг маълумоти ўрта махсус, мактабдаги ваколати ҳам бошқаларникига нисбатан анча паст, ким ҳам унга ўз ихтиёри билан ёрдамлашарди, барча ўзини ишдан олиб қочади, баъзида тадбирларга ҳам ҳакам топиш унга жуда мушкул бўлиб қолади. Қайсидир тадбирни маълумотномаси ўз вақтида келмаса биз аввало кутубхоначига телефон қиламиз, жавоб бермаса ёки пайсалга солса мактаб раҳбарига, мактаб раҳбари ўз ўрнида кутубхоначини чақиради ёки ўтирган жойидан котибасига: «айт анави кутубхоначига телефон қилсин, оборадиган маълумотномаси бор экан, топширсин», - дейди холос. Энг ёмони бизга олиб келинган маълумотномаларда шу қадар хато камчиликлар кўпки, бу камчиликларни мактаб ўқувчиси ҳам бемалол аниқлай олади, хатолари кўп экан деб қайтариб юборишга аввало одамгарчилик юзасидан виждонимиз йўл қўймайди. Ахир унга туман марказига келиб кетишнинг ўзи бўладими, бошқа томондан қайтариб юборсак қачон қайтариб олиб келиши даргумон бўлиб қолади, бу маълумотномаларга мактаб раҳбари ўқимасдан муҳр босганига нима дейсиз. Яна улар орасида қўл ёзмалари ҳам келиб туради, яъни қўлда ёзилган маълумотномалар, сабабини сўрасак жавоблар бисёр.

Ўзи мактабда битта компютер бор, у ҳам ҳеч бўшамайди;

мактабимизда ток йўқ эди;

Компютер қоғоз чиқармай қўйган;

Информатика хонаси қулф экан в/к.

Аслида эса мактаб кутубхоначиларининг компьютер саводхонлиги бўйича билим ва кўникмалари нолга тенг, улар ҳатто малака ошириш курсларига борганда ҳам, компютердан фойдаланишни ўрганиб келишмайди ёки малака ошириш институтидаги масъуллар бунга жиддий қарашмайди. Бизнинг туманда ҳам, қўшни туманларда ҳам вазият бир хил: мактаб кутубхоналарида компютер, принтер деган нарса йўқ. Кутубхоначи минг оворагарчилик билан мактабда ундан бундан гоҳида илтимос қилиб гоҳида пулини бериб тадбирлари учун баённома, маълумотнома, чора-тадбирлар режасини ёздириб флешкасида сақлаб юради, Тадбирларни суратга тушириш учун эса кимда яхши телефон бўлса ўшанга илтимос қилади. Қачон биз сўрасак ўтган йилги тадбирни саналарини ўзгартириб чиқариб олиб келади. Ранглик фотосуратларни эса туман марказига келиб фото салонларда чиқариб келишади. Ҳар сафар уларга йиғилиш ўтказганимда ичимда ўз ишимга нисбатан нафрат уйғонади, чунки мен безбетларча кўра била туриб улардан тадбирлар маълумотномасини ўз вақтида олиб келишларини, маълумотномага суратларни илова қилишларини қаттиқ талаб қиламан, чунки мендан ҳам юқори ташкилотлар шуни талаб қилишади. Ундан ҳам ёмони кутубхоначиларга мактаб маъмурияти томонидан қоғоз, ручка, қалам, елим, скоч берилмайди, туман марказига бориш керакми, вилоятгами ёки қайсидир янги тадбирга баннер чиқариш керакми, рангли суратларми фарқи йўқ кутубхонага тегишли бўлган барча харажатлар кутубхоначининг чўнтагидан.

Ўқув дарсликларни тарқатиш (август-сентябрь ойлари)

Бу ишни бир ставка, яъни 30 та синфи бор мактаб кутубхоначи мисолида ҳисоблайдиган бўлсак. 30 та синф бу ҳар бир синфдан 3 тадан бор дегани яъни 1-а, 1-б, 1-в ва ҳоказо. 30 та синф ичидан 3та биринчи синфни олиб ташлаймиз, чунки уларга президент совғаси тақдим этилади. Қолган синфларда ўртача 28 нафардан ўқувчи бор деб ҳисоблаймиз.

2-, 3-, 4-синф ўқувчилари учун 10та дарсликдан иборат 9х28=252 нафар ўқувчи 252х10=2520 дона китоб

5- синф 12 та дарсликдан иборат, 3х28=84 нафар ўқувчи 84х12=1008 дона китоб

6-синф 13та дарсликдан иборат, 3х28=84 нафар ўқувчи 84х13=1092 дона китоб

7-, 8-, 9-синфлар 10та дарсликдан иборат, 9х28=252 нафар ўқувчи 252х10=2520 дона китоб

10- синф 18 та дарсликдан иборат 3х28=84 нафар ўқувчи 84х18=1512 дона китоб

Кутубхоначининг қўлидан ўқув йили бошида жами 8652 дона китоб ўтаркан, 754 жамланма китобни санаб эга-эгаларига топшириб ижара шартномасига китоблар номини ёзиб, қўл қўйдириб олиш билан биргаликда бу китобларни ижара тўловини ҳам ҳисоблаб олиш кутубхоначининг гарданида, ижара дарсликлари учун қуйидагича пул йиғилади:

2-синфлар 8500х84=714000 сўм

3-синфлар 9800х84=823000 сўм

4-синфлар 11400х84=957600 сўм

5-синфлар 7400х84=621600 сўм

6-синфлар 11000х84=924000 сўм

7-синфлар 13700х84=1150800 сўм

8-синфлар 8900х84=747600 сўм

9-синфлар 9400х84=789600 сўм

Кутубхоначи ижарага бериладиган китобларни тарқатиш билан биргаликда жами 6 728 200 сўм пул маблағини ўқувчилардан, ўқувчиларнинг ота- онаси ёки бошқа яқин қариндошларидан санаб олиб мактабнинг шахсий ғазна ҳисоб варағига нақд пул ёки нақд пулсиз шаклда санаб топширади. Бу ишни охирига етгунча сентябрь ойи ҳам якунланиб қолади. Сабаби 2-4 синфлар учун – келган ўқув дарсликлари икки йилда бир марта ва 5-9 синфлар учун – тўрт йилда бир марта янгиланади, бунинг натижасида ҳар йили қайсидир синфга янги дарсликлар келади 6 синфнинг ўзига бутунлай янги дарслик келса бу 1092 китоб дегани, ҳар бир китобга икки марта мактаб муҳри босилади, яъни 1 ва 17 бетига, яна унга инвентар рақами рўйхатга олинган сана, ой ва йил ҳам ёзилади 1092 та китобга кутубхоначи 2184 марта муҳр босади. Ҳар бирининг 17 бетини варақлаб очганда бармоқлари билан ўзи билмаган ҳолда 18564 варақ санайди. Ҳисоблаб кўрдим битта ўқув дарсликка муҳр босиб инвентар рақам ва сана ёзишга 48 секунд вақт кетаркан 1092 та китобга 15 соат шунда ҳам у тўхтамасдан жуда тез ва сифатли ишлаши керак.

Китобхонлар қатнови (ўқув йили давомида)

Кутубхоначилар, ўқувчилар мактабга келган кундан бошлаб фақат дарслик тарқатишмайди, улар шу билан биргаликда бадиий адабиётлар ҳам тарқатишлари керак, бола кутубхонага китоб ўқиш ёки олиш учун киришни хоҳласа, унга кейинроқ кел деб икки уч марта таъкидлайверса уни китоб ўқишга бўлган қизиқиши сўнади. Фаолиятимда шундай вазиятларга тушганман, яъни ота-оналар телефон қилиб нега фарзандимни кутубхонага киргизмадинг нима ҳақининг бор юқорига чиқаман деб қўнғироқ қилишган, телефон рақамимни қаердан олганликлари менга қоронғи, улар сизни муаммоларингизни эшитишни хоҳлашмайди, вазифангми бажарасан дейишади холос, бунақа вазиятга нафақат мен бошқа кутубхоначилар ҳам тушишган ҳатто анча овора бўлганлари ҳам бор. 840 та ўқувчиси бор мактаб кутубхонасига 1 кунда нечта ўқувчи китоб олиш учун киришини бир тасаввур қилиб кўринг, шунча ўқувчини бир кунда ҳеч бўлмаса 6 фоизи кутубхонага кирганда ҳам бу 50 нафар ўқувчи дегани. 50 нафар ўқувчи 50 дона китоб олиб кетади ва 50 дона китоб олиб келади, кутубхоначи 50 марта жойидан туриб китобларни ўз жойига қўйиши керак бўлади албатта шу билан биргаликда китобхон формуляри ва китобдаги қайтариш варағига ёзишга ҳам озми кўпми вақт кетади. Битта китобни олиб қолиб иккинчи китобни бериб юбориш учун кутубхоначи ўртача 1 дақиқа вақт сарфлайди, 50 нафар ўқувчига 50 дақиқа, лекин ўқувчиларнинг ҳаммаси бир хил вақтда келаверишмайдида яна болажонларни китобни ростдан ҳам ўқиган ёки ўқимаганлигини текшириш учун бир нечта назорат саволларини ҳам бериш керак, уларни ҳам фалон китоб борми устоз деган саволларига жавоб бериш ҳам кутубхоначининг вазифасига киради. Ўқувчилар билан биргаликда мактаб ходимлари ҳам кутубхонага кириб туради лекин унчалик ҳам кўзга ташланадиган даражада эмас. Кутубхоначини қийнайдиган нарсалардан бири бу китобларнинг йўқолиши ундаги керакли варақларини ўқувчилар йиртиб олиши, китобларни асраб авайлаш учун ҳам кутубхоначининг бир кўзи ёзаётган нарсасида бўлса, иккинчи кўзи кутубхонага кирган китобхонларда бўлади.

Кутубхонанинг гигиеник ҳолати (йил давомида)

Кутубхона шундай жой бўлиши керакки, инсон у ерга кирганида сокин, озода, ёруғ ва бошқа оламга тушиб қолгандай ҳис қилиши керак ўзини. Китобларнинг кўплигини кўрганида кўзлари қувнаб ўқишга бўлган шижоати ошиши лозим, кутубхона кутубхоначи учун ишхона, бошқалар учун маънавий дам олиш хонаси бўлиши керак. Мактаб кутубхоналари ҳақида ундай деб бўлмайди. Кутубхонага бир кунда 50 та китобхон кирса бу юзта оёқ дегани, ҳар бири ичкарида ўртача 12 метрдан масофани босиб ўтса бу ўртача 30 қадам дегани 50 кишига кўпайтирсак 1500 қадам, хонада ҳеч ким югурмаганда ҳам бизни туман ва қишлоқ шароитида хонадаги жавонлар ва китобларни усти шу билан биргаликда полни исмингизни ёзадиган даражада чанг босади, қишин-ёзин тозаланиши керак бўлган кутубхонани улгурса кутубхоначи фаррошга тозалатади, улгурмаса ўзи тозалашига тўғри келади.

Китоблар ва китобларга ишлов бериш (йил давомида)

Кутубхонадаги китобларни алфавитли ва системали тартибда терилишини назорат қилиб бориш, режа бўйича ҳафтанинг қайсидир кунида бир кўздан кечириб чиқиб ундаги қайтариш варақалари, ёрлиқлар, китоб паспорти ва чўнтакчаларини жойидалигини назорат қилиб туриш ҳам керак. Кутубхонага келган комиссия ишлов берилмаган бир дона китобни кўриб қолса, бутун китобларга «тўлиқ ишлов берилмаган» деган хулосани ёзиб кетади. Китобнинг жиҳоз рақами инвентардаги билан бир хил бўлиши керак. Инвентар китобидаги рақам китобдаги билан бир хил бўлмаса ҳам инвентар нотўғри юритилган деб хулоса ёзиб кетишади. Кутубхонадаги китобларнинг яроқсиз ҳолга келгани ёки йўқолганилиги ҳақида далолатномани тузиш ҳам ўзининг зиммасида, ҳар ойнинг 25 санасига қадар кутубхонадаги китоблар ҳақидаги ҳисоботни, туман марказидаги ҳисобчиларга етказиши керак. Янги келган бадиий адабиётларга юқоридаги ёрлиқ, китоб паспорти ва қайтариш варағи каби нарсаларни ҳам кутубхоначи компютердан чиқаради, қирқади, ёзади, ёпиштиради. Бир дона бадиий китобга тўлиқ ишлов бериб жавонга қўйишгача, кутубхоначи 8 дақиқа вақт сарфлайди.

Кутубхона ҳужжатларини юритиш (ўқув йили давомида)

Кутубхоначи тадбирларнинг низомига асосан чора-тадбир режаси, ташкилий гуруҳ, йиғилиш баённомаси, тадбирлар сценарийлари, маълумотномалар фото суратларни ўзига ҳам йиғиб боради, тадбирлардан ташқари яна қуйидаги ҳужжатларни ҳам сақлаши ва юргизиши керак, жумладан:

Жамланма (кутубхонага келган китоблар юк хатларини ҳисобга олиш дафтари)

Инвентар (китоблар номи сони инвентар рақами ёзиб бориладиган дафтар)

Кундалик

Формуляр (кутубхонага аъзо китобхонларни аъзолик китобчаси)

Газета ва журналлар обунаси ҳақида жадвал

Газеталардан библиографик картотекалар ёзиб бориш (қарор, фармойиш, муҳим саналар в/ҳ)

Йиллик ва ойлик иш режалари

Далолатномалар

Ўқув дарсликларига тегишли ҳужжатлар

Рад этилган китоблар рўйхати

Талаб қилинган китоблар рўйхати

Кутубхона ҳужжатлари орасида кутубхонада қанча китоб борлиги, фондни қанчаси лотин алифбосида қанчаси кирилл алифбосида ва яна қанчаси бошқа тилларда эканлиги ҳақида маълумот бўлиши шу билан биргаликда соҳалар бўйича ҳам фондни аниқ маълумоти бўлиши, умумий қилиб айтганда кутубхона фондини рақамли кўрсаткичи бўлиши шарт.

Мавсумий ишлар (йил давомида)

Муҳтарам юртбошимиз эндиликда педагог ходимлар ўз вазифаларидан бошқа вазифаларга жалб қилинмасликлари ҳақида ўз нутқларида таъкидлаб ўтдилар, ўша кунгача мактаб кутубхоначисининг жамоадаги ўрни худди шахматдаги пиёда каби эди; У ободонлаштириш, чопиқ, чеканка, пахта каби юмушларга фаррошлар билан биргаликда биринчи қаторда борарди. Биз улар билан мунтазам равишда алоқада бўлганимиз учун ҳам буни ҳаммадан ҳам яхши биламиз. (ҳозир аҳвол зўр дея олмайман, кузатамиз)

Обуна ва жамланма (йил давомида)

Аксарият кутубхоначилар йил бошида «шу обунани биздан соқит қилишни иложи йўқми айрим мактабларда ташкилий ишлар бўйича директор ўринбосари айримларида маънавиятчи шуғулланар экан» деб бизга мурожаат қилишади, Мактаб маъмурияти нечта газета, нечта журналга аъзо бўлган бўлса уларни ҳаммасини йил давомида тарқатиш кутубхоначининг зиммасига юклатилган. Яна қўшимча тарзда кутубхонада газеталарнинг охирги сонини жамланмасини тикиб бориш ҳам кутубхоначининг зиммасида. Аслида эса жамланмаларни кутубхонада туриши умуман мантиққа тўғри келмайди. Мисол учун 5 та номдаги газетанинг ойма ой чиққан сонлари жамланмага тикиб борилса демак обуна бўлган ўқитувчилардан қайси биридир пулини тўлаган бўлса ҳам газетасини олмаяпти. Мажбурийми ёки ихтиёрийми газетага мактабнинг ўзи эмас ходимлари обуна бўлишади, нашриёт газетани мактаб кутубхоначисига эмас айнан обуначининг ўзига етказиши керак. Бундан келиб чиқадики мактабга келган газеталарнинг ҳар бирини эгаси бор, мактаб кутубхоначисига юклатилган бу вазифанинг устидан назорат қилиш эса билимсизлик. Маълумот учун ҳар ойда мактабга камида 30 номдаги газета ва журналлар келади, яна уларнинг ҳар биридан энг камида 4 нусхадан бўлса энг кўпи 20 нусхани ташкил қилади.

Ўқув дарсликларини йиғиб олиш (май, июнь ойларида)

Ўқув йили якунига етганда кутубхоначи ўқувчилардан ижарага берилган 8652 дона китобни битталаб текшириб олиши ва синфларга бўлиб кейинги йили яна тарқатишига осон бўлиши учун тартиб билан тахлаб чиқиши керак, блогпостимнинг бошида китоб тарқатишдаги оворагарчиликлар ҳақида ёзгандим, китобларни қабул қилишда қийинчиликлар ҳам оз эмас, агар китоб яроқсиз ҳолга келган ёки йўқолган бўлса ўқувчини ота- онасини ёки синф раҳбарини чақиртиб далолатнома тузиш зиёнини ундириш керак. 8652 дона китобни орасидан йўқолгани яроқсиз ҳолга келиб қолгани жуда кўп учрайди.

Кутубхона жойлашуви ва раҳбариятнинг бу ҳолга бефарқлиги

Умумий ўрта таълим мактабларида «Китоб ўқиш» тадбирлари бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан 2017 йил 1 март санасида туман семинарини ташкил қилдик, Семинарда қўшни туман АРМ раҳбарлари, ўзимизни тумандан барча мактаб маънавиятчилари ва кутубхоначилари, ва вилоят Ахборот-ресурс Маркази раҳбари ҳам иштирок этишди, шахсан ўзим бориб ўша вақтдаги вилоят халқ таълими бўлими бошлиғини тадбирга таклиф қилиб келдим. У кишининг келиши ва семинарда иштирок этиши мактаб раҳбарларини кутубхонага бўлган қарашларини ўзгартиради деган умидда эдим. Шахсан борганим билан ҳам фаолиятимизга юзаки қарадиларми тадбирга келмадилар. Семинаримизга блогер Санжар Саидни ҳам таклиф қилган эдик, икки юз километрдан Санжар Саид ўз вақтида етиб келди бироқ 40 километрдан вилоят Халқ таълими бўлимидан ҳеч ким келолмади, Санжар Саид сўзга чиққанида мактаб кутубхоналарининг жойлашувини танқид қилиб, кутубхоналар тор, совуқ, қоронғи ва мактаб биносининг энг узоқ бурчакларида жойлашгани ҳақида таъкидлади. Шу билан биргаликда уларни бинонинг киравериш қисмига, ўқувчилар доимий равишда ўтиб қайтганда кўзига ташланадиган хоналарнинг бирига кўчириш кераклиги ҳақида таклиф киритди. Ушбу тадбирдан бир неча кун ўтиб юқоридаги таклифни мактаб директорларига йиғилишларнинг бирида оғзаки равишда етказдим, лекин раҳбарият бу таклифимизга ҳам жиддий эътибор бермади. Баъзи мактаб директорларнинг хонасига кирсангиз ичидаги жиҳозларнинг ярқираши ва хонанинг кенглигидан дилингиз яйрайди қани энди кутубхоналар хам худди шундай бўлса.

Холис фикр

Мактаб кутубхоначилари учун юқоридан келган тадбир ва талабларни бажариш жуда қийин ёки имконсиз, айримларининг ўтказилиши муддати бир ойга тўғри келади. Тадбир низоми сканер қилинган ҳолатда аввал вилоятга, у ердан туманга, кейин мактаб иш юритувчисига ундан мактаб кутубхоначисига етиб келади, баъзи тадбирлар низоми йўл-йўлакай йўқолиб қолиши ва кутубхоначига етиб келмаслиги кузатилади, тадбирлар низомларини топиш учун туман марказида туриб ҳатто биз интернетдан фойдаланган ҳолда бир амаллаб топамиз, нафақат интернет ҳатто компьютери йўқ бўлса, устига устак компьютер бўлганда ҳам ундан фойдаланиш учун кўникмаси йўқ кутубхоначи нима қилиши керак? Яхшиямки бизни ҳудудда 19 та мактаб бор биз ўз ҳисобимиздан бўлса ҳам баъзи бир низомларни чиқариб кутубхоначиларга етказамиз 90 та мактаби бор туманлар буни қандай уддалашмоқда экан, ҳайронман. Тан олиб айтишим керак, ўтказилаётган тадбирларни 10 тадан 2 таси юқори даражада ўтказилиши мумкин шунда ҳам жони бор, гапи ўтадиган кутубхоначининг мактабида. Постни ёзишдан мақсад таълим тизимида кутубхоначилар ва кутубхонага бўлган эътиборни ошириш уларнинг муаммолари ҳақида юқоридагилар ва улар ишлаб турган мактаб маъмуриятига ҳам билдириб қўйиш, тадбирлар ўйлаб топадиган ва уларнинг низомларини тузадиган амалдорлардан илтимосимиз жойлардаги шароитларни ўрганмасдан, уларнинг имконият даражасини ҳисобга олмасдан туриб ўзларинг яшаб ва ишлаб турган муҳитдан келиб чиқиб тадбирларни ўйлаб топманглар. Тажриба, моддий техник базаси ва молиявий томондан ҳам Пойтахт билан вилоят ўртасида, вилоят билан туман ўртасида, туман билан қишлоқлар ўртасида жуда катта сезиларли фарқ бор. Биз ҳам ўқувчиларимиз, фарзандларимиз, ука-сингилларимизни билимли, доно, юртимизга, жамиятимизга фойдаси тегадиган яқинлари у билан фахрланиб юрадиган даража қобил инсон бўлиб улғайишини хоҳлаймиз. Агар сизнинг ҳам мақсадингиз шундай бўлса аввало кутубхоналарни моддий техник базасини, кутубхоначиларнинг ойлик иш ҳақини, уларнинг кун давомида бажарадиган вазифаларини тартибга олиш ҳақида бош қотириб уларни ҳал қилишда амалий ёрдам беринг, яна мени блогпостимни рўкач қилиб мактабдаги кутубхоначилар фаолиятини ўрганиш учун чора-тадбирлар режаси тузиб бир тўда комиссияларни юборманглар, бу камчилик ва муаммолар билан мен 10 йилдан буён курашиб келмоқдаман, бироқ ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас, деган гап бор халқ орасида.

Фақат муаммоларни ёзиш билан иш битмаслигини билган ҳолда, фаолиятимдан келиб ушбу муаммоларни ҳал қилишда қуйидаги таклифларни киритаман.

Мактаб кутубхоналарини компьютер ва рангли принтерлар билан жиҳозланишини йўлга қўйиш, кутубхоначиларни компьютер саводхонлиги бўйича билим ва кўникмаларини оширишда туман Ахборот-ресурс Марказлари томонидан 1 ва 2 ойлик бепул курслар ташкил қилиш.

Компьютер ва принтерларнинг узлуксиз ва муаммосиз ишлашини назорат қилишни Ахборот-ресурс марказлари ходимлари зиммасига юклаш.

Кутубхоначиларнинг мунтазам равишда китоблар билан ишлашини инобатга олган ҳолда уларнинг ойлик иш ҳақларини энг камида 50 фоизга ошириш ва кутубхона харажатлари учун мактаб харажатлари сметасига зарур пул маблағини киритиш.

Кутубхоналар учун ажратилган хоналарни стандартлаштириш ва барча мактаб кутубхоналарини ушбу стандартларга мос хонага кўчириб ўтказишни йўлга қўйиш.

Кутубхоначи жавобгарлигида бўлган оммавий тадбирларни сонини қисқартириш, тадбирлардан кутубхоначиларни озод қилиш ва кутубхоначиларни иш вақти давомида кутубхонада китобхонларга сифатли хизмат кўрсатишини таъминлаш.

Синф раҳбарлари ҳафта ёки ой давомида кутубхонага кириб ўқувчининг китоб олаётганлиги кутубхонага қатновини назорат қилиб бориши ва кутубхоначининг бу ҳақдаги маълумотига таянган ҳолда мактаб директори синф раҳбарларига ва бунга масъул шахсларга тегишли жазо чораларини қўллаш ёки аксинча рағбатлантириш.

Ўқувчиларни китобхонлик маданиятини шакллантириш ва китобхонликка жалб қилишда фаол китобхон ўқувчиларни моддий ҳамда маънавий томондан мунтазам равишда рағбатлантириб бориш, китобхон ўқувчиларнинг ота- оналарига мактаб маъмурияти томонидан ташаккурномалар тақдим этиб бориш, жумладан мактаб кутубхоначиларининг ўзлари тадбирлар ўйлаб топиши ва бу тадбирлар ўқувчининг дарсига халақит бермаслиги, мактаб маъмурияти ва кутубхоначини ортиқча қоғозбозлик ва оворагарчиликдан ҳоли бўлишини инобатга олиш.

Обуначи ва матбуот тарқатувчи ўртасида тузилган шартнома бандларини кўриб чиққан ҳолда матбуот тарқатувчидан газета ва журналларни кутубхоначига эмас обуначига тақдим этилиши масаласини кўриб чиқиш (қандай бўлмасин кутубхоначини обунадан озод қилиш йўлини кўриш керак).

Кутубхона фондини бойитиш учун ҳар-хил тадбирларга умидвор бўлмасдан, мактаб харажатлар сметасига маълум миқдорда туман молия бўлими томонидан маблағ ажратилиши, ажратилган маблағга китоб харид қилишда ўқувчи ёшига мос равишда бўлишини ва китоблар сонда эмас номда кўп бўлишини назорат қилиш.

Азиз муштарий, сиздан танишларингиз орасида кутубхоначилар бўлса умрингизни 30 дақиқасини аямасдан уларга ушбу блогпостимни ўқиб беришингизни чин юракдан илтимос қиламан, уларнинг муаммоларига бефарқ эмаслигимизни билишларини, ўз касбларига ноиложликдан эмас шараф билан ёндашишларини сўраб қоламан.

Унутманг, ўқимаган китобларингиз бир куни сизни жазолайди.

Фото: braxmatov.blogspot
Фото: braxmatov.blogspot
Фото: braxmatov.blogspot
Фото: braxmatov.blogspot
Фото: braxmatov.blogspot
Фото: braxmatov.blogspot
Фото: braxmatov.blogspot

Бекназар Раҳматов

Жиззах вилояти Дўстлик тумани Ахборот-ресурс Маркази раҳбари

Мавзуга оид