Жаҳон | 16:45 / 06.05.2018
7687
2 дақиқада ўқилади

Эрон АҚШ судининг 11 сентябрь учун компенсацияларга доир қарорини қоралади

Фото: Mehr News Agency

Теҳрон АҚШ судининг Эрон ҳукумати 11 сентябрь терактлари қурбонларига компенсациялар тўлаши кераклиги ҳақидаги қарорини қоралади. Mehr агентлиги мамлакат ТИВ вакили Баҳром Қосимийнинг сўзларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

Чоршанба куни Америка суди Эрон Ислом Республикаси, Ислом инқилоби муҳофаза корпуси (ИИМК) ва Эрон марказий банкини Нью-Йоркдаги 11 сентябрь терактлари қурбонларининг қариндошларига миллиардлаб доллар компенсация тўлаши кераклигига доир ҳукм чиқарди, суд уларни 1008 нафар кишининг ўлимига алоқадор деб тан олди. Терактларни ўрганувчи махсус комиссия Эроннинг воқеага алоқадорлигига доир тўғридан-тўғри далилларни топа олмаган бўлса-да, суд шундай ҳукм чиқарди. 

"Суднинг бундай қарори рад этилади. Бу нафақат халқаро ҳуқуқ тизими устидан кулиш, балки Америка халқи, айниқса 11 сентябрь терактлари қурбонлари ва уларнинг оилалари устидан кулишдир", - деди дипломатик идора вакили. 

Қосимий АҚШни "тарихни бузиб кўрсатишда" айблади. "Эрон ҳукумати бундай ноқонуний суд қарорига эътироз билдириш ҳуқуқини ўзида қолдиради", - қўшимча қилди дипломат. 

2001 йилнинг 11 сентябридаги терактларда ҳалок бўлганларнинг қариндошлари 2004 йилда Эрон ҳукуматига қарши даъво иши очишган. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид