Ўзбекистон | 22:59 / 06.05.2018
33027
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда илк бор “танк биатлони” ўтказилди (Фотогалерея)

Хотира ва Қадрлаш кунига бағишлаб Ўзбекистондаги биринчи танк биатлони майдонининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири Абдусалом Азизов очиб берди. Жаҳон стандартлари асосида бунёд этилган биатлон майдони ҳарбий хизматчилар ўртасида мусобақадошлик, ўзаро жипслик ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантириш, уларнинг касбий малака ва маҳоратини юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Мазкур иншоот танк, пиёдалар ва десантчилар жанговар машиналари ҳамда зирҳли транспортёрларда сунъий ҳовуз, миналаштирилган ва манёвр бажариш майдони, танкка қарши чуқур, қўрғон, эскарп (танкка қарши девор), коллеяли кўприк макети ва отиш майдончаси кабилардан ўтишлари учун мўлжалланган тўсиқлардан иборат. 

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, махсус танк йўлаги халқаро миқёсда ўтказилувчи танк биатлони майдонлари талабларига жавоб беради. Майдонда мусобақаларни кузатиш минора, ҳарбий техника ва шахсий таркибнинг парадини ўтказиш учун саф майдони мавжуд. 

Отиш машқларини бажаришда пушкалар учун тезлиги 1000 м/с дан кам бўлмаган ўқ-дорилардан фойдаланилди. Мусобақанинг амалий босқичи “Якка тартибдаги (индивидуал) пойга” билан бошланди. “Якка тартибдаги (индивидуал) пойга” табиий ва сунъий тўсиқлари мавжуд бўлган, жанговар йўлакча ва отиш учун окоп (майдонча)лар билан жиҳозланган йўналиш бўйича ўтказилди.

Шахсий таркиб, жанговар ва ҳарбий техникаларнинг тантанали ўтиши ҳамда вертолётларнинг кўргазмали учиши намойиш этилди. Унда мингдан зиёд ҳарбий хизматчи ва ўттиздан ортиқ уруш йилларидаги ва бугун қуролланишда турган ҳарбий техникалар тантанали марш билан ўтди. Майдон узра иккита вертолётда Ўзбекистон байроғи тантанавор олиб ўтилди. 

Ишғол усулида ҳарбий хизматчиларнинг вертолётлардан десант бўлиб тушиши кўрсатилди. Ҳарбий оркестр ва ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги элементлари билан кўргазмали чиқишлари ташриф буюрган иштирокчилар олқишига сазовор бўлди.

  

Мавзуга оид