Ўзбекистон | 19:29 / 08.05.2018
8303
2 дақиқада ўқилади

Табиат боғи тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди

Фото: novotours.uz

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 майдаги қарори билан Табиат боғи тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” телеграм-каналида хабар берилган.

Ҳужжатда белгиланишича, алоҳида экологик, маданий ва эстетик аҳамиятга эга бўлган табиий объектлар ва комплексларни табиатни муҳофаза қилиш, рекреация, илмий ва маданий мақсадларда сақлаб қолиш ҳамда улардан фойдаланиш учун мўлжалланган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар табиат боғи ҳисобланади.

Табиат боғи алоҳида экологик, маданий ва эстетик аҳамиятга эга бўлган табиат объектлари ва комплексларини сақлаш ва улардан фойдаланиш мақсадида ташкил этилади.

Табиат боғининг ҳудуди боғга фойдаланишга бериладиган ер участкаларида, шунингдек, унинг чегараси доирасидаги бошқа юридик ва жисмоний шахсларга тегишли ер участкаларида жойлашади.

Табиат боғининг тартибга солинадиган дам олиш зонасида сайёҳлик йўлакчалари, ноқулай об-ҳаво пайтида енгил турдаги пана жойлар, кузатув пунктлари, ташриф буюрувчилар учун ёқилғи захирасига эга бўлган гулхан ёқиш жойлари, санитария объектларини барпо этиш орқали фуқароларнинг қисқа муддатли дам олиши таъминланади.

Давомли дам олиш зонасида кемпинглар, меҳмонхоналар, кичик меҳмонхоналар, сайёҳлик базалари, санаторийлар, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, дам олиш масканлари, автотураргоҳлар, савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш корхоналари, шунингдек, сайёҳларга хизмат кўрсатиш бўйича табиат боғи зиммасига юкланган вазифалар билан боғлиқ хўжалик туридаги бошқа объектлар жойлашади.

Табиат боғи ташкил этилаётганда қуйидаги зоналарга бўлинади:

• қўриқхона зонаси;
• рекреация зонаси;
• хўжалик мақсадида ва бошқа тарзда фойдаланиш зонасига бўлинади.

Табиат боғи ўз рамзий белгилари – байроғи, вимпели, эмблемаси ва бошқаларга эга бўлиб, юридик шахс ҳисобланади.

Мавзуга оид