Ўзбекистон | 01:48 / 12.05.2018
9376
2 дақиқада ўқилади

Европага биринчи қоғозлар аслида Самарқанддан етказилган

Ўзбекистонга ташриф буюрган япониялик олимларнинг фикрича, Европага қоғозлар Япония ёки Хитойдан ҳам аввалроқ, Самарқанддан етказиб бериларди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маданият вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг ўринбосари Камола Акилова ва Япониядаги “АИЧИ” Университетининг Кожи Шибазаки ҳамда Масанори Аикё профессорлари ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Япониянинг лойиҳаси асосида Самарқанд қоғозини ўрганиш, уни ишлаб чиқариш ҳамда бу борада амалга оширилаётган тадқиқотларда Маданият вазирлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилиш мавзусида суҳбат олиб борилди.

Фото: Маданият вазирлиги ахборот хизмати

“Изланишларидан шу маълум бўлдики, Европага қоғозлар Япония ёки Хитойдан эмас, аслида Самарқанд қоғози биринчи етказилган”, дейилади вазирлик хабарида.

Маълум қилинишича, ушбу тадқиқотларни ҳаққонийлигини исботлаш мақсадида, япониялик профессорлар Маданият вазирлигининг тасарруфидаги давлат музейларида сақланаётган қоғоз ҳужжатларни, уларга зарар етказмаган ҳолда, текшириш ва унинг толасини аниқлаш борасида кўмаклашишда амалий ёрдам сўрашди. 

Ўз навбатида Камола Акилова бундай тадқиқотларга бажонидил кўмак бериши, бу борада Ўзбекистонда Самарқанд қоғози юзасидан Халқаро анжуманини ҳамда қўлёзмалар кўргазмасини ташкил этиш таклифини бергани айтилади.

 

Мавзуга оид