Ўзбекистон | 22:43 / 12.05.2018
24774
2 дақиқада ўқилади

Олмазор туманига тайинланган янги ҳоким расман тасдиқланди

Бугун, 12 май куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Халқ депутатлар Олмазор тумани кенгаши вакиллари иштирокида қўшма мажлис бўлиб ўтди. Олмазор туман ҳокимияти биносида ўтказилган мазкур мажлисда туманга янги хоким сайланиши масаласи кўрилди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, таклиф қилиб кўрсатилган Бахтиёр Раҳмонов номзоди қатнашганлар томонидан бир овоздан маъқулланди. Туман кенгаши депутатлари сўзга чиқиб, янги туман ҳокимини табриклади. Келгусида амалга оширмоқчи бўлган оқилона сиёсатига туман кенгаши депутатлари ҳам амалий кўмак беришга тайёр эканлигини таъкидлашди.

“Бахтиёр Султонович, мен сизга очиғи ҳасад қиламан. Нега? Чунки сиз ҳақиқий тажрибали ҳокимсиз. Сиздан кўп нарса ўрганса бўлади”, деб Жаҳонгир Ортиқхўжаев янги ҳокимнинг келгуси ишларига муваффақият тилади. 

Олмазор туман ҳокими Раҳмонов сўзга чиқиб, мажлис иштирокчилари томонидан унга билдирилган ишончни оқлаши, келажакда туман ҳудудини янада ободонлаштиришга оид сиёсатни олиб бориши тўғрисида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Бахтиёр Раҳмонов. Фото: KUN.UZ

Мавзуга оид