Ўзбекистон | 18:25 / 12.05.2018
44549
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси жойлашган бино ҳақида нималарни биласиз?

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини тан олган биринчи давлатлардан бири. Дипломатик алоқалар 1992 йил 19 февралда ўрнатилган ва Ўзбекистон Республикасининг Америка Қўшма Штатларидаги биринчи элчихонаси 1993 йил февраль ойида очилган. Элчихона 1746 Массачусетс Авенью НW, Вашингтон (DC) 20036 манзилида жойлашган

Элчихона биносининг тарихи

1906 йилда қурилиб ва 1909 йилда битказилган ушбу иморат француз меъмори Жюл Анри де Сибур (1872-1938) томонидан Луи XV услубида ишлаб чиқилган бўлиб, у бу кўчада жойлашган энг катта ва энг қимматбаҳо бинолардан ҳисобланган. Уйнинг интерьер қисми 16, 17 ва 18-асрлар француз ва инглиз безак элементларини ўз ичига олган. Безаклар 20-30 йил сақланган қизил дарахт билан ишланган. 6 қаватлик бу бинода 80 тадан кўп хоналар, 38 та камин ўчоқлари, 18-асрнинг ноёб кумуш қандиллари мавжуд.

Ички хоналарнинг содда ва мантиқий давом этиши ҳамда уларнинг услубий ўзгаришлар кетма-кетлиги, бир вақтнинг ўзида ҳам дизайн, ҳам ҳунармандчиликнинг юқори сифатини намойиш этади. Алоҳида эътибор айниқса, нозик ёғоч ўймакорлигига, гипс ва темир ишларига, шунингдек металлдан ишланган ажойиб буюмлар ва ёритиш мосламаларига қаратилади.

Бинодан 1927 йилгача хусусий турар жой сифатида фойдаланилган бўлиб, сўнг у Канада ҳукумати томонидан сотиб олинган ва ваколатхона, канцелярия ва элчихона сифатида ишлатилган. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати мазкур бинони 1996 йилнинг ёзида сотиб олган.

Иморатнинг асл эгаси Вашингтоннинг энг йирик банк ва брокерлик фирмаларидан бири ҳисобланган «W.B. Hibbs and Company» шериги, от заводининг эгаси Кларенс Мур бўлган.

К.Мурнинг ўлимидан уч йил ўтгач унинг рафиқаси Мабел Мур Даниялик банкир ва такси компанияси эгаси Аксел Вичфелдга турмушга чиқади. 1916 йилда А.Вичфелд Дания Легионинг атташеси лавозимига тайинланади.

Вичфелдларнинг тўртта турар-жойидан бири ҳисобланган Вашингтон шаҳридаги уйи 1927 йилда чоп этилган Sunday Star газетасига кўра у «дипломатик ва ижтимоий доираларнинг кўплаб замонавий учрашувлари саҳнаси» дея эътироф этилган. Ўша йилнинг апрель ойида Вичфелдлар ўз уйини Канадаликларга сотган.

1996 йилда бино Ўзбекистон Республикаси томонидан харид қилинган. Сотиб олингандан сўнг мазкур бинонинг ички қисмига баъзи ўзгартиришлар қилинган. Бинода миллийликни мужассам эттириш ва элчихонага ташриф буюрувчиларга ёғоч ўймакорлиги, ипак йигириш, шиша бўяш ва рассомлик каби Марказий Осиё санъатининг бой анъаналарини намойиш этиш мақсадида ўзбек декор элементлари ишлатилган. Жумладан, хоналар интерьерида икат, миллий либослар, чинни ва сопол идишлар каби миллий санъат намуналари маданиятлар уйғунлашувини ўзида акс эттиради.

Элчихона бу ерга кўчиб келгандан бошлаб бу жой кўп тарихий учрашувлар учун макон бўлган. Айтиб ўтиш жоиз, Массачусетс кўчасида Ўзбекистон билан бир қаторда бошқа кўп мамлакатларнинг элчихоналари ҳам жойлашган ва мазкур кўча шаҳарнинг энг нуфузли жойларидан ҳисобланади.

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси президентининг Америка Қўшма Штатларига Давлат ташрифига жуда қизғин тайёргарлик ишлари давом этмоқда. Элчихона ходимлари, Ўзбекистон делегацияси вакиллари ва журналистлар шу ерда иш олиб бормоқда.

Мавзуга оид