Жаҳон | 00:20 / 14.05.2018
7377
2 дақиқада ўқилади

Индонезиядаги 3 та черков бир оила аъзолари томонидан портлатилгани маълум бўлди

Фото:Reuters /Darren Whiteside

Индонезиядаги черковларда портлаш содир этганлар бир оила аъзолари бўлганлар. Бу ҳақда Индонезия миллий полицияси бошлиғи Тито Карнавианга иқтибос келтирган ҳолда ABC телеканали маълум қилди.  

Аввалроқ Индонезиянинг йириклиги бўйича 2-рақамли шаҳри Сурабаядаги католик черковларда портлашлар юз бергани маълум қилинганди. Портлашлар оқибатида 11 киши ҳалок бўлиб, 40 дан кўпроғи жароҳатлар олган.

Маълум қилинишича, оила бошлиғи автомобил ёрдамида биринчи портлашни содир этган. Иккинчи портлаш унинг 18 ва 16 ёшли ўғиллари томонидан мотоциклдан фойдаланган ҳолда амалга оширилган. Она эса 12 ва 9 ёшли фарзандлари билан учинчи портлашни содир этган.

Аниқланишича, ушбу оила аъзолари бирмунча вақт аввал Сурияда бўлишган. 

Полиция воқеа жойини кўздан кечириш вақтида иккита черковда яна 3 та портламай қолган бомбани аниқлаган. Ҳужумлардан кейин Сурубаядаги барча черковлар маълум муддатга ёпиб қўйилган ва таомлар фестивали бекор қилинган.

Портлашлар учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган. Полицияда тахмин қилинишича, худкушлар ИШИД билан алоқадор маҳаллий “Жамоа аншарут даула” гуруҳига киришган. Ушбу гуруҳ аъзолари охирги йил давомида Индонезияда бир нечта ҳужумларни амалга оширган.  

Индонезияда насронийларга қарши содир этилган ушбу ҳужум 2000 йилда Рождество арафасида черковларга содир этилган ҳужумлардан кейинги энг йириги бўлди. Ўша ҳужумлар вақтида 15 киши ҳалок бўлган, 100 дан кўпроқ одам жароҳат олган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид