Ўзбекистон | 19:08 / 16.05.2018
22228
2 дақиқада ўқилади

Янги тайинланган судьялар қасамёд қабул қилди

Бугун, 16 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий суд Пленуми мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг қарорига мувофиқ биринчи марта лавозимига тайинланган судьяларнинг қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди. 

KUN.UZ мухбирининг хабар беришича, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг2018 йил 8 майдаги қарори билан илк бор беш йиллик муддатга судьялик лавозимига тайинланган 19 нафар судьянинг қасамёди эшитилди.

Янги тайинланган судьялар зиммаларига юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, беғараз, холис ва адолатли бўлишга қасамёд қилишди.

Мажлис иштирокчилари қасамёд қабул қилган судьялар, уларнинг оила-аъзолари ва яқинларини ушбу муҳим воқеа билан табриклади. Юксак ишончни тўла оқлашларига, фидоийлик билан меҳнат қилишларига, қонуний ва адолатли қарорлар қабул қилишларига ишонч билдиришди.

Тадбирда Олий суд раиси К.Комилов Ўзбекистон Республикаси суд-ҳуқуқ тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар ҳақида гапириб ўтди. 

- Судья - бу гапирувчи қонун. Ўтган бир ярим йил ичида юртимизда қандай ўзгаришлар бўлаётганини кўриб турибсиз. 

Қабул қилаётган қарорларингизни ойда бир марта халқнинг олдига чиқиб тушунтиринг. Халқ билан бирга бўлинг. Юришингизда, туришингизда судьялик лавозимингизга лойиқ бўлишингиз шарт. Ҳозир кечаю кундуз ишлайдиган пайт. Эрталаб покизалик билан иш бошлаб кечқурун покизалик билан уйга киришингиз керак. Халқ дарди билан яшанг. 

Албатта, судда бир тараф ютади, бошқаси ютқазади. Ҳар бир қабул қилинган қарорларингизни тарафларга унинг мазмун-моҳиятини тушунтириб беришингиз шарт. Бу Олий суд раиси сифатида сизга берган биринчи топшириғим бўлади, - деди Олий суд раиси К.Комилов.

Қасамёд қабул қилган судьяларга гувоҳнома ва “Судьялар одоб-аҳлоқи қоидалари” китоби топширилди.

Мавзуга оид