Жаҳон | 20:50 / 16.05.2018
14685
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған 11 давлат раҳбари билан Фаластин можаросини муҳокама қилди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған телефон орқали мулоқотда Германия канцлери Ангела Меркель ҳамда Эрон президенти Ҳасан Руҳоний билан Ғазо секторидаги тўқнашувни муҳокама қилди. У бир қатор давлатлар етакчилари билан Истанбулда 18 май куни Ислом ҳамкорлик ташкилотининг шошилинч йиғилишини чақирилиши муносабати билан телефон орқали мулоқот ўтказмоқда.

«Президентимиз ГФР канцлери Ангела Меркель билан телефон мулоқоти ўтказди. Президент Ғазо секторида вазият таранглашаётгани туфайли жума куни Истанбулда ИҲТнинг фавқулодда саммити ўтказилиши ҳақида хабардор қилди. Суҳбат чоғида жаҳон ҳамжамияти фаластинликларнинг ҳуқуқлари бузилишига жим қараб турмаслиги лозимлиги таъкидланди», деган манба.

Шундан сўнг, Эрдўған Руҳонийга қўнғироқ қилган, икки сиёсатчининг ҳам фикри бир жойдан чиққан ва бўлажак саммит Ғазо секторидаги вазият бўйича мусулмон дунёсининг позициясини намойиш этишда муҳим аҳамият касб этишига эътибор қаратилган.

Туркия президенти Ғазодаги вазият бўйича россиялик ҳамкасби Владимир Путинга ҳам қўнғироқ қилган. Президентлар АҚШнинг Исроилдаги элчихонаси Ал-Қудсга кўчирилиши ортидан юзага келган кескин вазиятни муҳокама қилишган.

Эрдўған Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос, Иордания қироли Абдулла II, Малайзия бош вазири Махатхир Муҳаммад, Кувайт амири Сабоҳ ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ, Саудия Арабистони подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз, Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад ол-Соний, Индонезия президенти Жоко Видодо ва Судан президенти Умар ал-Башир билан ҳам телефон орқали мулоқот қилиб, Ғазодаги тўқнашув масаласида фикр алмашган.

Мавзуга оид